Жамият | 11:15 / 25.10.2023
31730
2 дақиқада ўқилади

“Сув чиқариш учун машинамни сотганман”: тоғ бағрида боғ яратган сўхлик отахон

Сўхлик 84 ёшли отахон Рауфжон Сўфиев сувсиз ташландиқ ерни обод қилиб олмабоғ яратган. 50 йил аввал кўчатлар қуриб қолавергач, иложсизликдан ҳайдаб турган машинасини сотиб, тоғ ёнбағрига сув чиқарган эди. Меҳнатлар ўз самарасини бериб, олмалар айни пайтда ғарқ пишган. Даромади ҳам ўзига яраша. 

 “Тақир ерни ўзлаштиришни бошлаганимда танишларим бу жойларда дарахт кўкармаслигини айтиб, устимдан кулишган эди. Энди эса улар боғга олма ейишга келишади”, – дейди Рауфжон ота.

“Шу ерларни боғ қиламан, деганимда оғайниларим ишонишмаган бу ерда сув бўлмаса, ариқ бўлмаса, деб. Ерни текислаб, қувурда сув тортиб келиб, боғ қилдим. Одамлар соясида дам оляпти, ош қилиб ейишяпти. Ташландиқ жой эди бу ерлар. Энди мана шундай ажойиб боғ.

Биринчи дарахт экканимда узоқ масофадан сув ташиб келиб қуйганман. Кейин 2 кмга яқин ариқ қазидим. Кейинчалик ерни кенгайтириб, 1,5 гектар боғ қилдим. Бу ерда ҳар хил турдаги олма бор. Одамлар мевамдан олиб пул беради, йўқ дейман, олиб бориб енглар, фойда қилинглар, кейинги йил берарсизлар, дейман.

Пулга қизиққаним йўқ. Қирғизлар ҳам келиб еб кетади. Савоби тегса шунинг ўзи етарли. Бой бўлишга ҳаракат қилганим йўқ.

Сув чиқариш учун машинамни сотганман. Қувур тортиб, мотор ўрнатиб, амаллаб сув чиқардим.

Мактабда ўқиб юрган пайтларим колхоз шифохонасида уста бўлиб ишга кирдим. Мактабни битиргунча 3 йил ишладим. Кейин эса ўқиб келиб бошқа жойларда ишлаганман.

Авваллари Қирғизистондан ҳам сув келарди. Лекин ҳозир сув бироз муаммо бўляпти. Сув бўлса, бу боғларни янаям кенгайтирса бўлади. Ортимиздан яхши ном қолса биз учун шараф”.

Сарвар Зиёев, Kun.uz
Монтаж устаси: Асрор Алмурадов

Мавзуга оид