Тошкентда нохушлик юз берган лифт носоз бўлгани аниқланди
Шунингдек, лифт белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилмаган ва фойдаланишга қабул қилинмаган.
Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Паркент кўчасидаги 253-уй лифти билан боғлиқ нохуш воқеа Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат инспекцияси, Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси, ҳокимлик ҳамда мазкур кўпқаватли уйларга хизмат кўрсатувчи «Уют комфорт коммунал» бошқарув сервис компанияси вакилларидан ташкил топган ишчи гуруҳ томонидан ўрганилди.
Қайд қилинишича, лифт белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилмагани ва фойдаланишга қабул қилинмагани аниқланган. Шунингдек, лифтда тегишли тартибда даврий синов ишлари амалга оширилмаган. Мазкур лифтга техник хизмат кўрсатиш бўйича махсус ташкилот билан шартнома тузилмаган ҳамда лифтни соз ҳолатда сақлаш, уни бехатар ишлатиш бўйича жавобгар шахс тайинланмаган.
2020 йилда ишлаб чиқарилган, кўтариш оғирлиги 1000 кг бўлган лифт қурилмасига белгиланган тартибда техник хизмат кўрсатилмагани сабабли шахта кабинаси эшикларининг контактлари бўшаб қолган. Ҳаракатланаётган вақтда кимдир лифтнинг ташқи эшикларини қўли ёрдамида очишга уринган. Оқибатда, хавфсизлик мосламаси ишга тушган ва лифт ўзини-ўзи тўхтатишни бошлаган.
Ўрганиш давомида лифт тушиб кетмагани, аксинча тегишли хавфсизлик қурилмаси ишга тушган ҳолда тўхтагани аниқланган. Ҳозирда тегишли ташкилотлар томонидан лифтдаги камчиликларни бартараф этиш ва воқеа тафсилотларини чуқур ўрганиш ишлари амалга оширилмоқда. Ҳодисадан ҳеч ким жабрланмаган.
Мавзуга оид
16:35 / 23.12.2024
1 январга ўтар кечаси Тошкент метрополитени иш жадвали 2 соатга узайтирилади
18:02 / 21.12.2024
Фаолиятда қонун бузилиши, сертификатсиз ўқитувчилар ва норози ота-оналар – “NEWTON ACADEMY” ўқув маркази ҳақида нималар маълум?
18:36 / 20.12.2024
Тошкентдаги электромобилларни қувватлаш станцияларини демонтаж қилиш буюрилди
13:54 / 19.12.2024