Ерости ҳовли уйларида яшайдиган одамлар – Тунисдаги Матмата шаҳри ҳақида
Шимолий Африкада жойлашган Тунисда Матмата шаҳри бор. Бу ерда бундан 20 минг йил олдин пайдо бўлган бербер қабилалари авлодлари яшайди. Матматада аксар уйлар ер таги ковланиб қурилган. Ва бу ҳозир сайёҳларнинг севимли манзилларидан бирига айланган. Нега матматаликлар ҳамма қатори ер устида эмас, остида уй қуришни афзал кўришган?
Саҳрои Кабирдаги шаҳар
Бу шаҳар номи кўпчилик учун нотаниш бўлиши табиий. Шунинг учун қўлингизда дунё харитаси бўлса, Африка қитъасининг шимолида жойлашган Тунис давлатини топиб олишингиз керак. Туниснинг жанубида, 35 километр узоқликда Саҳрои Кабирнинг бир қисмида Матмата шаҳри жойлашган.
Шаҳар денгиз сатҳидан 450 метр тепаликда чўл зонасида бўлиб, Габес, Кебили, Меденин ва Татавин ва жанубий Туниснинг бошқа йирик шаҳарларини бир бирига боғлаб туради. Шаҳарда атиги 2 минг аҳоли бор ва улар бербер тилида гаплашади. Берберлар Марокашда бундан 20 минг йил олдин пайдо бўлган халқлардир.
Ёмғирдан омон чиққан уйлар
Матмата 1969 йилгача деярли машҳур бўлмаган. Шаҳардаги уйлар ер остида, лойдан қурилган эди. Ўша йили ҳудудга 22 кун давомида ёмғир ёғади. Ва бу кўп уйларни сув босиб қулаб тушишига сабаб бўлади. Кўмак олиш учун аҳоли ҳукуматга мурожаат қилади. Ҳукумат ҳудуддаги яшаш имкони бўлган уйларни таъмирлаш ва ер устида ҳам янги уйлар қуришга ёрдам гуруҳини жўнатади. Шундан кейин ерости уйларида қолишни хоҳлаганлар таъмирланган эски уйларида яшашни давом эттиришса, аҳолининг маълум қисми ерусти уйларига кўчиб ўтади ва Матмата шаҳри қад ростлайди.
Ер остида уй қуриш матматаликларга нега керак бўлди?
Шаҳарнинг ўзига хослиги архитектурасида кўринади. Яъни уйлар қазилган, чуқурлар ичида, ғор шаклида қурилган. Кейинчалик бу чуқурлардан хона сифатида фойдаланилган. Баъзи уйлар бир неча чуқурлардан иборат бўлиб, хандаққа ўхшаш ўтиш йўлаклари билан боғланган. Бундай уйлар траглодит уйлар деб ҳам аталади. Ҳудудда тахминан 1200 та ер ичига қазилган уй бор.
Чуқурлар 7 метр баландлик ва 10 метр кенгликда қазилган. Ер қазишга қаттиқ бўлмагани учун ҳам одамлар қўл кучида чуқурлар ковлашган. Уйлар тепадан қараганда лабиринтни эслатади. Айрим ҳовлиларда алоҳида зина ўрнига, деворнинг турли жойларидан оёқ қўйиб тепага чиқиш учун тешиклар очилганини кўриш мумкин.
Матматаликлар яшайдиган ҳудудларда ҳаво ҳарорати доим юқори бўлади. Бундан ташқари, чўлда эсадиган кучли шамол ва қум бўронлари аҳолини доимий безовта қилади. Иссиқ ва қумли шамоллардан ҳимояланиш учун ҳам маҳаллий аҳоли ер қазиб, ер остида уй ва ҳовли-жой қилиб яшашни афзал кўрган.
Машҳурлик ва сайёҳлар
Еростидаги ўзига хос яшаш тарзи, ноёб маданият, айниқса ҳозир кўпчиликнинг эътиборини тортиб, сайёҳларни бу ерга жалб қилиб келяпти.
Бундан ташқари, Матматадаги уй, меҳмонхоналарга Ҳолливуд киноижодкорлари кўп марта мурожаат қилишган. “Star Wars (Юлдузлар жанглари), “Call of Duty 2 (Бурч туйғуси)” каби филмлардаги айрим саҳналар шу ғор уйларда суратга олинган.
Шаҳарнинг уйғунлашиб, уни яна ҳам гўзаллаштириб турадиган нарсаси палма ва зайтун дарахтларидир. Улар Матматанинг ажралмас қисмига айланиб улгурган.
Мавзуга оид
10:34 / 05.12.2024
Ҳокимлик балансидаги ордерли уйни расмийлаштириб беришни ваъда қилган шахс ушланди
07:24 / 02.09.2024
Суд қарорисиз ва уй эгасига компенсация тўламасдан туриб уй-жойни бузиш тақиқланади
07:59 / 03.08.2024
Нижний Тагилда уй қулаши қурбонлари сони 10 кишига етди
14:49 / 12.06.2024