Жаҳон | 12:10 / 26.10.2023
36228
4 дақиқада ўқилади

АҚШда отишма: 20 дан ортиқ қурбон бор

Мэн штатида номаълум шахс бар ва боулинг мижозларини ўққа тутди. Камида 22 киши ҳалок бўлиб, ўнлаб кишилар яраланган. Гумонланувчи — ўқ отиш бўйича инструктор ва захирадаги ҳарбий.

Фото: Steven Senne / AP / Scanpix / LETA

26 октябрга ўтар кечаси Американинг Мэн штати Люистон шаҳрида рўй берган отишма оқибатида 22 киши ҳалок бўлиб, 50 дан ортиқ киши яраланган.

Мэн штати марказий тиббиёт маркази «кўп сонли қурбонлар қайд этилган катта отишма ҳодисаси» бўйича ишлаётганини ва яқин атрофдаги бошқа тиббиёт муассасалари билан саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштираётганини билдирган. 

«Люистонда фаол отишма. Биз аҳолидан бошпанада қолишларини сўраймиз. Илтимос, уйларингизда қолинг ва эшикларингизни қулфланг», дейилади Мэн штати полицияси хабарида.

Шаҳар кенгаши аъзоси Роберт Маккарти CNN телеканалига берган интервюсида ҳукумат 22 кишининг ўлимини тасдиқлагани, шунингдек «жуда, жуда кўп киши яралангани» ҳақида айтган.

Полиция хабарига кўра, икки жойдан чақирув келиб тушган – Schemengees ресторани ҳамда Sparetime Recreation боулинг-ҳоллидан. Уларнинг орасидаги масофа 6,5 км, бу масофани эса машинада 10 дақиқада босиб ўтиш мумкин.

Полиция маълумотларига кўра, ҳужум қилган шахс ҳамон зарарсизлантирилмаган. Полиция жиноятчи қуроллангани ва ўта хавфли эканидан огоҳлантирмоқда. Кейинроқ унинг автомобили Люистондан тахминан 10 километр масофадаги Лисбон шаҳридан топилган.

Полициячилар оқ рангли енгил машина суратини эълон қилган ва бу машинани таниганлардан полицияга алоқага чиқиш сўралган.

Кўп ўтмай гумонланувчининг шахси аниқланди – у 40 ёшли Роберт Кард бўлиб, ўқ отиш бўйича инструктор ҳамда АҚШ армиясининг захирадаги ҳарбий хизматчиси ҳисобланади. Полиция гумонланувчининг кузатув камераси орқали олинган фотосуратини тарқатган, унда Кард қўлида винтовка тутган ҳолда боулинг-клубга кираётгани акс этган.

Фото: ANDROSCOGGIN COUNTY SHERIFF’S OFFICE

Кардга қидирув эълон қилинган, уни қидириш ишларига юзлаб полициячилар жалб этилган. Люистон ва атрофдаги бошқа бир неча шаҳар аҳолисига ўз уйларидан чиқмаслик тавсия этилган, шаҳарда тўлиқ локдаун жорий этилган. Маҳаллий офислар ёпилган, мактабларда дарслар бекор қилинган, шифохоналарнинг қўриқчи ходимлари юқори шайлик ҳолатига келтирилган.

Оқ уй президент Жо Байден воқеа ҳақида хабардор қилингани ва тезкор маълумотларни олишда давом этишини билдирган.

Associated Press ва Sky News хабарига кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилган полиция хабарномасида Кард 2023 йил ёзида икки ҳафта мобайнида руҳий касалликлар шифохонасида бўлган. Ҳужжатда айтилишича, Кард «овозлар эшитаётгани»ни айтган ва ҳарбий базада отишма уюштириш билан таҳдид қилган. CNN’нинг аниқлик киритишича, гап Мэн штати Сако шаҳарчасидаги Миллий гвардия объекти ҳақида борган.

Люистон — Мэн штатининг аҳоли сони кўплиги бўйича иккинчи шаҳри бўлиб, сўнгги маълумотларга кўра, бу ерда 38 мингдан ортиқ киши яшаши қайд этилган.

Шаҳар Мэн штатидаги 24 шаҳардан энг йириги бўлмиш Портленддан 60 км масофада жойлашган. Штатнинг жами аҳолиси сони 1,3 миллиондан ортиқ кишини ташкил этади.

Мэн штатидаги ўлимларнинг кўп қисми қотилликлар билан эмас, ўз жонига қасд қилиш билан боғлиқ саналади.

Everytown for Gun Safety ташкилоти маълумотига кўра, қуролдан ўлим топиш ҳолатларининг 89 фоизи ўз жонига қасд этиш, 7 фоизи эса қотиллик туфайли содир бўлади. Миллий миқёсда эса АҚШда қуролдан ўлим ҳолатларининг 61 фоизи ўз жонига қасд этиш, 36 фоизи — қотиллик билан боғлиқ.

Мавзуга оид