Ўзбекистон | 17:04 / 27.10.2023
15614
4 дақиқада ўқилади

Дарахтзорлар ўрнида ҳашаматли уйлар — эгаллаб олинаётган «Дендропарк»

Тошкент туманидаги «Дархон» илмий-тажриба станцияси («Дендропарк») ҳудудида дарахтлар нобуд қилинган, ер ажратиш ва ундан фойдаланиш қоидалари бузилган. Kun.uz мухбири ҳудудга бориб, ҳолатни ўрганишга ҳаракат қилди.

Ботаника боғи пойтахтнинг ўпкаси дейишади. Шундай «ўпка» шаҳардан чиқаверишда, Тошкент вилояти, Тошкент туманида ҳам бор... эди. Нега эди деяпмиз, чунки у энди қуриш, йўқ бўлиш арафасида. 

Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти ҳудудида юздан ортиқ дарахтлар қуриб қолган. 2017 йилда сунъий йўлдош орқали олинган суратда мазкур ҳудудда яшил дарахтзорни кўриш мумкин. 

Аммо 2018 йил бошида мана шу дарахтзор ғойиб бўлган ва ер тадбиркорларга ижара асосида фойдаланиш учун берилган. Ҳозир бу ерда тадбиркорлар иссиқхоналар қуриб фойдаланмоқда. Дарахтлар қаерга кетган, қуюқ ўрмон қандай қилиб бу ҳолга келиб қолгани номаълум. 

Ўрмоннинг яна бир томонида худди шундай иссиқхоналар бўлган. У ер ҳам ижара асосида фойдаланишга берилган ва ҳозир уларнинг ўрнида уйлар қад ростлаган.

Дастлаб 100 гектардан иборат бўлган ўрмон ҳудуди ҳозир 57 гектар бўлиб қолган. 

Тадбиркорлик ниқоби остида иссиқхона қуриш учун олинган жойлар аста-секинлик билан турар жойлар учун 4 сотихдан бўлиниб, фуқароларга сотиб юборилган. Мулкдорлар ерни ҳокимликдан аукцион орқали олганликларини айтишган. Аммо давлат муҳофазасидаги ерлар қандай қилиб аукционга чиқарилганини ҳеч ким билмайди. 

Кейинчалик ҳоким қарори ҳам, аукцион ҳам бекор қилинсин деб қарор қилинган. Аммо бу пайтга келиб одамлар уй-жойлар қуриб, яшай бошлаганди. 

«Бу ерлар ўрмон ҳудуди эди, 1 гектар 80 сотих жой. Бизнинг ўрмон хўжалигига тегишли кўчатхона бор эди шу ерда. Тадбиркорга берилган, у кўчатхонани парвариш қилиш топширилганди. Ноқонуний аралашувлар туфайли уй-жой қурилиб кетди. Сунъий йўлдош орқали кўрилса ҳам бу ерда кўчатхонани кўриш мумкин. Ҳалигача бу иморатларни орасида биз эккан кўчатлар: қарағай, арча, бошқа кўчатлар турибди. 

Бормаган жойимиз қолмади. Судма суд юрдик, гоҳ уларни, гоҳ бизнинг фойдамизга қарор чиқарилди», — дейди «Дархон» илмий-тажриба станцияси раҳбар ўринбосари Акбар Қосимхўжаев.

Ўрмон атрофида яшаётган аҳоли 3-4 йил аввал бу ерлар дарахтзор боғ бўлганлигини, бўлиб сотилгандан кейин қўлма-қўл бўлиб бетакрор ҳавоси учун ҳам нарх-навоси ошаётганлигини айтди. 

Биз бу масалани бежиз ковламадик. Ҳозирги кейсдан ҳам айни шу воқеалар такрорининг ҳиди келяпти десак хато бўлмайди. Қурилаётган иморатларнинг ҳашаматидан эгалари қўли калта одамлар эмаслигини тахмин қилса бўлади. Эрта-индин қолган иссиқхоналар ўрнида ҳам шундай қасрмонанд иморатлар қад кўтарса ажабланмаймиз. 

Экология ёмонлашуви, қурғоқчилик ҳавфи юқори пайтда минглаб дарахтлар йўқолиб бораётгани, давлатнинг еридаги иссиқхоналар ўрнида одамлар иморатлар қуриб ташлагани наҳотки бирор масъулнинг эътиборини тортмаган бўлса.

Бош прокуратура станция ҳудудида дарахтларни нобуд қилиш, ер ажратиш ва ундан фойдаланиш қоидалари бузилиши билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан жиноий иш очган.

Хуллас, бу ерда кўп гап борга ўхшайди… Масалага яна қайтамиз.

Гулмира Тошниёзова, Kun.uz

Мавзуга оид