Ўзбекистон | 20:56 / 30.10.2023
5613
3 дақиқада ўқилади

Жиноят процессининг айрим қатнашчиларига ҳақ тўлаш тартиби белгиланди 

Ҳукумат қарори билан жабрланувчилар, гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар ва холисларга тўланиши лозим бўлган маблағларни ҳисоблаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга кўра, жабрланувчи вояга етмаган ёки муомалага лаёқатсиз деб эътироф этилган шахс бўлса, у билан биргаликда ёки унинг ўрнига ишда иштирок этишга жалб этилган қонуний вакилига ҳақ тўлаб берилади. 

Масъул органлар (мансабдор шахслар) томонидан ишда иштирок этишга жалб этилган қуйидаги шахсларга ҳақ тўлаб берилади:

- жабрланувчилар ва ишга кўмаклашувчи шахсларга:

- уларнинг доимий яшаш жойларидан ташқаридаги ҳудудларда ўтказиладиган процессуал ҳаракатларни амалга ошириш жойига келиб-кетиш харажатлари;

- тураржой билан боғлиқ харажатлари (меҳмонхона ёки тураржой ижараси);

- кундалик харажатлари;

- эксперт, таржимон, мутахассисга ишда иштирок этишда ўз вазифаларини бажарганлиги учун, ушбу вазифалар хизмат топшириғи тартибида бажарилган ҳоллар бундан мустасно;

- доимий иш ҳақи олмайдиган жабрланувчилар ва уларнинг қонуний вакили, гувоҳлар ва холисларга ишда иштирок этишга уларни одатдаги машғулотидан қолдирилганлик (чалғитганлик) учун.

Масъул органлар (мансабдор шахслар) томонидан ишда иштирок этишга жалб қилинган ишга кўмаклашувчи шахслар ҳамда жабрланувчиларнинг тураржой билан боғлиқ харажатларини бир кунлик қоплаш (меҳмонхона ёки тураржой ижараси) миқдори БҲМ 1,5 бараваридан ошмаслиги лозим. 

Тураржойда яшаганлиги бўйича харажатларни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган ҳолларда, ҳар бир сутка учун белгиланган БҲМ 20 фоизи миқдорида қопланади. 

Тураржой ижарасидан фойдаланилганда, давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйилган ижара шартномаси тақдим этилади. 

Эксперт ва мутахассисга масъул органлар (мансабдор шахслар) топшириғига кўра бажарган иши учун соатига БҲМ 0,1 коэффициенти миқдорида ҳақ тўланади. 

Бир таржимон томонидан кўрсатилган ҳар бир хизмати учун алоҳида тўлов амалга оширилади. 

Мазкур қоидалар процессуал мажбуриятларни хизмат топшириғи сифатида ишда иштирок этишга жалб қилинган эксперт, мутахассис ва таржимонга ўз вазифаларини бажарганлик учун ҳақ тўлашга ҳамда хизмат сафари билан боғлиқ бўлган харажатларни қоплаб беришга нисбатан татбиқ этилмайди.

Мавзуга оид