Жаҳон | 23:26 / 03.11.2023
15234
2 дақиқада ўқилади

Колумбия Эскобарнинг «кокаин» бегемотларини йўқ қилишни бошлайди 

Жониворлар ҳаддан зиёд кўпайиб, муаммоларни келтириб чиқармоқда. 

Фото: Getty Images

Колумбия ҳукумати наркобарон Пабло Эскобарга тегишли бўлган бегемотларнинг бир қисмини йўқ қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда BBC News хабар берди. 

Ҳозир Колумбияда камида 166 «кокаин» бегемотлари яшамоқда. Мамлакат атроф-муҳит вазири Сусана Муҳаммад сўзларига кўра, 20 бош ҳайвон стерилизация қилинади. Бошқалари чет элга жўнатилади ёки йўқ қилинади. 

Пабло Эскобар 1980-йилларда ўзининг шахсий ҳайвонот боғи учун бегемотларни Африкадан ноқонуний олиб келган. Унинг ўлимидан кейин тўрт бош бегемот қаровсиз қолиб, кўпайишни бошлаган. Табиий душманлар йўқлиги сабабли уларнинг сони ошиб кетган. Мутахассислар 2040 йилга бориб Колумбияда бу ҳайвонларнинг сони бир ярим мингга етишидан хавотирда. 

Колумбия ҳукумати кўп йиллар давомида бегемотлар тарқалишини тўхтатишга ҳаракат қилмоқда. Уларни отиб ўлдириш кескин норозиликларга сабаб бўлди, шунинг учун ҳукумат ҳайвонларни стерилизация қилиш жараёнини бошлади. Бироқ, бу жуда қийин иш бўлиб чиқди, чунки бегемотларни ушлаш ва ҳаракатсизлантириш ўта оғир. 

«Бегемотни отиб ўлдириш фикри ҳеч кимга ёқмайди, аммо бошқа стратегия ишламайди», деди эколог Натали Кастелбланко-Мартинес муаммо ҳақида. 

Март ойида Колумбия ҳукумати бошқа мамлакатлардан Пабло Эскобарнинг 70 бош бегемотини қабул қилишни сўрагани, жумладан, Ҳиндистон ва Мексикага мурожаат қилгани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга оид