Ўзбекистон | 18:13 / 06.11.2023
18477
2 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистон табиий газдан воз кечмайди» — энергетика вазири

Қайта тикланадиган энергия (ҚТЭ) манбалари улушини ошириш режаларига қарамай, Ўзбекистон табиий газдан фойдаланишни давом эттиради. 

Фото: Санкт-Петербург халқаро газ форуми

Ўзбекистон электр энергияси ишлаб чиқаришда қуёш, шамол ва гидроэнергетика каби қайта тикланадиган энергия (ҚТЭ) манбалари улушини ошириш режаларига қарамай, «табиий газдан воз кечмайди». Бу ҳақда Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 1 ноябр куни Санкт-Петербург халқаро газ форумида айтиб ўтди. 

Унинг сўзларига кўра, бунинг сабаби — Ўзбекистонда аҳолининг йиллик ўсиши деярли 1 миллион кишини ташкил этади, иқтисодиёт эса қарийб 6 фоизга ўсмоқда, бу эса энергия истеъмолини камида 10−15 фоизга оширади. 

«Сўнгги 6 йил ичида электр энергияси истеъмоли 40 фоизга ошди ва 2030 йилгача ҳам худди шундай суръатда ўсишни кутмоқдамиз. Табиийки, савол туғилади, буни қандай таъминлаш керак? Дарҳақиқат, биз газ қазиб олувчи давлатмиз, аввал газ экспортчиси бўлганмиз, аммо ҳозирги шароитда иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолини таъминлаш учун табиий газни импорт қилишга мажбурмиз», деди у. 

Ўзбекистон газни Туркманистон ва Россиядан импорт қилмоқда, аммо «бу билан тўхтаб қолмайди». 

«Биз бу билан тўхтаб қолмаймиз, ҳамкорликни узоқ муддатга ривожлантириш ниятидамиз. ҚТЭ жорий этиш бўйича жуда катта режалар, хусусан, қуёш ва шамол энергияси улушини кўпайтириш, энергия сақлаш тизимларини яратиш, гидроэнергетика устида ишлаш каби режаларга қарамай газдан воз кечмаймиз. Ҳозирда электр энергиясининг 75 фоизи табиий газдан фойдаланиб ишлаб чиқарилмоқда», деди вазир. 

Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг таъкидлашича, ишлаб чиқариш таркибида газ улуши қисқаради, «лекин электр энергияси истеъмолининг умумий кўрсаткичларда ўсиши ҳисобга олинса, миқдори ўзгармайди». Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Россия газ-кимё соҳасида газни қайта ишлаш бўйича ҳам ҳамкорликни оширади. 

Мавзуга оид