Иқтисодиёт | 19:21 / 07.11.2023
24432
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон давлат қарзи 31,5 млрд долларга етди

Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистон давлат қарзи 2,3 млрд долларга кўпайди. Мамлакатлар кесимида энг кўп ташқи қарзи Хитой, Япония ва Жанубий Кореядан олинган.

Фото: Paul Yeung/Blomberg

2023 йил 1 июл ҳолатига Ўзбекистон давлат қарзи 31,5 млрд долларни ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 36,8 фоизни ташкил этди. Шундан давлат ташқи қарзи – 25,9 млрд доллар, давлат ички қарзи – 5,6 млрд доллар.

Таққослаш учун, ушбу кўрсаткич 2023 йилнинг 1 январ ҳолатига 29,2 млрд доллар бўлган. Давлат қарзининг ЯИМга нисбати эса 36,4 фоизни ташкил этган.

Мамлакатлар кесимида энг кўп ташқи қарзи Хитой (3,8 млрд доллар), Япония (2,1 млрд доллар) ва Жанубий Кореядан (0,9 млрд доллар) олинган. Халқаро молия ташкилотлари кесимида эса энг кўп қарз Осиё тараққиёт банки (6,2 млрд доллар), Жаҳон банки (5,6 млрд доллар) ва Ислом тараққиёт банкидан (0,9 млрд доллар) жалб қилинган.

2023 йилда Ўзбекистон номидан ва кафолати остида ташқи қарзларни жалб қилиш бўйича йиллик имзоланадиган битимларнинг умумий қиймати 4,5 млрд долларни ташкил қилиши, шундан давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш, бюджет тақчиллиги учун 2 млрд (бу ўтган йилга нисбатан 500 млрд долларга кам), инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун эса 2,5 млрд доллар (бу ўтган йилга нисбатан 500 млн доллар кўп) жалб қилиниши белгиланган.

 “Давлат қарзи тўғрисида”ги қонунга кўра, давлат қарзи суммасининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан энг юқори миқдори 60 фоиздан ошмаслиги кўзда тутилган.

Дастлабки таҳлилларга кўра, ўрта муддатда макроиқтисодий ҳамда фискал кўрсаткичларнинг барқарорлиги таъминланган шароитда, давлат қарзининг ялпи ички маҳсулотга нисбати 2024 йилда 37 фоизни, 2025 йилда 37,4 фоизни, 2026 йилда 37,9 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда.

Давлат қарзини хавфсиз даражада сақлаш ва самарали бошқариш мақсадида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан ўрта муддатли истиқболда қуйидаги чоралар кўрилиши кўзда тутилган:

  • давлат қарзи бўйича йиллик лимитларни белгилаш амалиётини давом эттириш;
  • миллий валютада қарз маблағларини жалб қилиш орқали валюта хатарларини камайтириш. Бунда, давлат ғазначилик облигацияларини чиқаришнинг чекланган соф ҳажмини 2024 йилда 25 трлн сўм этиб белгилаш;
  • давлат қарзини тўлашнинг ўртача муддатини узайтириш, шунингдек, давлат қарзини манбалар бўйича диверсификация қилиш;
  • давлат ғазначилик облигациялари бозорига халқаро инвесторларни кенг жалб қилиш жараёнини жадаллаштириш; 
  • давлат қарзи бўйича хизмат кўрсатиш билан боғлиқ хатарларнинг олдини олиш, уларни бартараф этиш ёки камайтириш;
  • давлат қарзига оид маълумотлар очиқлигини таъминлаш.

Маълумот учун, 2024 йилда олинадиган давлат ташқи қарзининг чекланган миқдори – 5 млрд доллар. Шундан 2,5 миллиарди давлат бюджетини қўллаб-қувватлашга, 2,5 миллиарди инвестиция лойиҳаларига йўналтирилади. Ўзбекистон Республикаси номидан 25 трлн сўмлик давлат қимматли қоғозлари чиқарилиши кўзда тутилмоқда.

Мавзуга оид