Жаҳон | 00:42 / 10.11.2023
15120
2 дақиқада ўқилади

Дунёда биринчи марта кўз трансплантацияси амалга оширилди

Ню-Йорк жарроҳлари биринчи марта инсон кўзини бошқа беморга кўчириб ўтказишди. Гарчи беморнинг кўриш қобилияти тикланмаган бўлса-да, бу ютуқ деб аталди.

Фото: Reuters

NYU Langone Health жарроҳлик гуруҳи маълумотларига кўра, кўчириб ўтказилган кўз 6 ойдан кейин яхши ишлайдиган қон томирлари ва истиқболли тўр пардасига эга эканини кўрсатган.

«Кўзни кўчириб ўтказганимизнинг ўзи асрлар давомида ўйланган, аммо ҳеч қачон амалга ошмаган олдинга ташланган улкан қадамдир», деб изоҳ берди жарроҳлар гуруҳини бошқарган доктор Эдуардо Родригес.

Нашрнинг аниқлик киритишича, шу пайтгача шифокорлар фақат шох парда – кўзнинг шаффоф олд қатламини кўчириб ўтказишга муваффақ бўлган.

«Агар кўриш қобилияти тикланса, янада яхши бўларди, аммо… мақсад техник жарроҳлик амалиётини ўтказиш ва кўз гавҳарини сақлаб қолиш эди», деб қўшимча қилди Родригес.

Ҳозирги вақтда трансплантация қилинган кўз мия билан кўриш нерви орқали алоқа қилмаяпти. Родригеснинг фикрича, кўзни кўчириб ўтказиш кўриш қобилиятини тикламаса ҳам, кўплаб янги имкониятларни очади.

Фото: Reuters

«Агар биз кўриш қобилиятини тиклаш ёки кўз қобиғидаги тасвирларни тиклашнинг бошқа усуллари устида ишлаётган олимлар билан ҳамкорлик қилсак, у ҳолда муваффақиятга бир қадам яқинроқ бўламиз», деди Родригес.

Кўз кўчирилган одамнинг исми Аарон Жеймс. У 46 ёшда ва ток уриши оқибатида юзи, бурни, оғзи ва чап кўзи шикастланган эди.

Ўнг кўзида кўриш қобилиятини сақлаб қолган Жеймс трансплантация қилинган чап кўзида кўриш қобилиятини тиклай олмаслиги мумкинлигини билган. Унинг сўзларига кўра, шифокорлар бу ҳақда уни олдиндан огоҳлантиришган. Шундай бўлса-да, у илмий мақсадларда ушбу операцияга рози бўлган.

Жеймс кўчириб ўтказилган кўзда кўриш қобилиятини тиклаши мумкин, деб ҳисобламоқда Родригес.

«Айни дамда техник жиҳатдан мураккаб операция ёрдамида эришилган натижадан жуда мамнунмиз», деб хулоса қилди шифокор.

Мавзуга оид