Жаҳон | 12:33 / 11.11.2023
33646
18 дақиқада ўқилади

Давлат ичидаги давлат – дунёдаги энг ғаройиб анклав ва эксклавлар

Бугун дунёда 80 га яқин анклав ҳудуд бор. Уларнинг бир нечтасида ҳатто мустақил давлатлар ҳам жойлашган. Собиқ иттифоқ республикалари орасида энг кўп анклав Фарғона водийсида бўлиб, бу ерда Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳудудлари бир-бирининг ичида жойлашган. Улар орасида энг йириги Ўзбекистонга тегишли Сўх ҳисобланади.

Дунёда 200 дан ошиқ давлат бор ва улар турлича тортилган чегараларга эга. Уларнинг айримлари фақат бир давлат, бошқалари кўплаб давлатлар билан чегарадош.

Дунёда энг узун ва энг кўп давлат билан чегараси бор давлат бу – Россия. Бу мамлакатнинг умумий чегараси 61 минг километрни ташкил этади. Шунингдек у 18 та давлат билан чегарадош.

Кейинги ўринда Хитой жойлашган. У қуруқликда 14 та, денгизда 7 та давлат билан чегарадош. Хитойнинг қуруқликдаги чегараси 22 457 , денгиздаги чегараси 14 500 километр.

Айрим давлатлар чегараси турли сабабларга кўра шундай тортилганки, бирининг ҳудуди иккинчисининг ичига ўтиб қолган. Бундай ҳудудлар анклав, ярим анклав ҳудудлар дейилади.

Ушбу материалда анклавлар ҳақидаги қизиқарли маълумотларни тақдим этамиз.

Анклав ва Эксклав нима?

Анклав бу – бир давлат ичида бошқа бир давлат ҳудудининг бўлиши. Эксклав эса бир давлат ҳудудининг бошқа бир давлат ичида бўлиши. Яъни бошқа бир давлат ичида бўлган ҳудуд икки томондан икки хил номланади. Масалан, Сўх биз учун эксклав, Қирғизистон учун анклав.

В ҳудудга тегишли бўлган C ҳудуди А ҳудуд учун анклав, В ҳудуд учун эксклав ҳимобланади

Бир давлат ҳудуди бошқа иккита давлат ўртасига тушиб қолиши бу фақат эксклав. Масалан, Озарбойжоннинг Нахичевон мухтор вилояти Арманистон ва Эрон ўртасида жойлашган.

Ана шу ҳудудни Арманистон ва Эрон анклав дея олмайди, чунки улар Нахичевон билан фақат чегарадош. Шу сабабли уни Озарбойжон эксклав деб атайди холос.

Шунингдек, яриманклав деган атама ҳам бор. Яриманклавга асосан бир томони бошқа давлат билан, қолган қисми денгиз билан ўралган ҳудудлар киради. Масалан, Россиянинг Калининград вилояти яриманклав ҳисобланади.

Бугун дунёда 80 га яқин турли анклав, ярим анклав ҳудудлар бор. Қуйида уларнинг аҳамиятга моликларини таништириб ўтамиз.

АҚШга тегишли бўлган Аляска қуруқликда Канада, сувда Россия билан чегарадош

Аляска

Аляска яриманклав бўлиб, ўзи тегишли бўлган мамлакатдан айро жойлашган энг катта ҳудуд ҳисобланади. Унинг уч томонини иккита океан – Тинч ва Шимолий муз океанлари ўраб туради. Аляска қуруқликда фақат Канада билан чегарадош.

Америкаликлар Аляскани 1867 йилда Россия империясидан арзимаган пулга сотиб олишган. Штат ҳудуди 1 717 854 километр квадрат бўлиб, у ерда 1 миллион атрофида аҳоли яшайди. Аляска 1959 йилда штат мақомини олган.

Клининград области

Калининград вилояти

Россиянинг Калининград вилояти ҳам дунёдаги ҳудуди катта анклавлардан бири ҳисобланади. Бу вилоятнинг ғарб томонини Болтиқ денгизи сувлари ўраб туради.

Калининград вилоятининг ҳудуди 15 минг километр квадратдан сал ошиқ. Аҳолиси 1 миллиондан ошади. Унинг шимол ва шарқ томонлари Литва билан, жанубий томони Полша билан чегарадош.

2022 йил 24 феврал куни Россия Украинага бостириб киргандан сўнг Болтиқбўйи давлатлари Россия самолётларини ўз ҳудудидан учиб ўтгани қўймаяпти.

Шу сабабли Калининград ва Россиянинг бошқа қисмлари ўртасидаги авиақатновлар Болтиқ денгизининг шимолий қисми бўйлаб амалга ошириляпти.

Шимолий Ирландияни қуруқликда фақат Ирландия ўраб туради

Шимолий Ирландия

Шимолий Ирландия Британияга тегишли ҳудуд бўлиб, у Ирландия оролида жойлашган. Шимолий Ирландия яриманклав ҳудуд ҳисобланади.

Уни шимол ва шарқ томондан Ирланд денгизи сувлари, жануб ва ғарб томондан Ирландия давлати ўраб туради.

Шимолий Ирландия Британия таркибида алоҳида маъмурий бирлик ҳисобланади. Унинг ҳудуди 13 800 километр квадрат бўлиб, қарийб 2 миллион одам яшайди.

Нахичевонни Арманистон, Эрон ва Туркия ўраб туради

Нахичевон

Озарбойжонга тегишли бўлган Нахичевон мухтор вилоятини шимол ва шарқдан Арманистон, жануб ва ғарбдан Эрон ўраб туради. Нахичеван шимолий-ғарбда қисқа йўлак орқали Туркия билан чегарадош ва унинг узунлиги 11 километрни ташкил этади.

Нахичевоннинг ҳудуди 5,5 минг километр квадрат бўлиб, у ерда қарийб 500 минг аҳоли яшайди.

Сўх туманини Қирғизистон ҳудуди ўраб туради.

Сўх

Сўх Ўзбекистонга тегишли ҳудуд ҳисобланиб, у тўлиқ Қирғизистон ҳудуди билан ўралган. Сўх алоҳида маъмурий бирлик – туман ҳисобланади.

Туман ҳудуди 352 километр квадрат бўлиб, унда 19 та аҳоли пункти жойлашган, қарийб 90 минг аҳолига эга.

Ғазо секторини қуруқликда Исроил ва Миср ҳудуди ўраб туради.

Ғазо сектори

1947 йилда БМТ Фаластин ерларида иккита давлат тузиш ҳақида қарор қабул қилганда арабларга ажратилган уч бўлак ер тор йўлаклар орқали ўзаро боғланган эди.

Кейинчалик Исроил арабларнинг Ливан жанубига туташ ерини бутунлай босиб олди. Иордан дарёсининг ғарбий соҳили ва Ғазо секторининг бир қисмини эгаллади. Натижада Ғазо анклавга, Фаластин учун эксклавга айланди.

Ғазо анклавининг ҳудуди 365 километр квадрат бўлиб, уни ғарб, шарқ, шимол томондан Исроил ўраб олган. Жануб томонини Миср назорат қилади. Ғазода 2 миллиондан ошиқ одам очиқ осмон остидаги қамоқхонада яшамоқда.

Гибралтарни қуруқликда Испания ўраб туради

Гибралтар

1713 йилда Британия ва Испания ўртасида бўлиб ўтган урушдан сўнг Гибралтар инглизлар қўл остига ўтган. Ўшандан буён Испания Гибралтар бўғозида жойлашган бу ҳудудга даъво қилиб келади.

Гибралтар ҳудуди жуда кичик, бор-йўғи 6,5 километр квадрат. У ерда 30 минг атрофида аҳоли яшайди.

Гибралтар бугун Британиянинг денгиз орти ҳудуди мақомига эга. Бу ерда яқин тарихда икки марта, 1967 ҳамда 2002 йилда референдум ўтказилади ва аҳоли Британия қўл остида қолишни ёқлаб овоз беради.

Испания ҳар икки референдум натижаларини тан олмаслигини ва ҳудудни қачонлардир куч билан бўлса ҳам қайтариб олишини айтади.

Испанияга тегишли бўлган Сабта ва Малиля шаҳарларини Марокаш ҳудуди ўраб туради

Сабта ва Малиля шаҳарчалари

Гибралтарга даъво қилиб келаётган Испаниянинг ўзи ҳам анча йиллардан буён Марокаш шимоли билан туташ бўлган иккита – Сабта ва Малиля шаҳарчаларини арабларга топширишдан бош тортиб келяпти.

Ҳар икки шаҳарча ҳам тарихан арабларга тегишли ва Испания уларни ўрта асрларда эгаллаб олган. Ўшандан буён Марокаш ҳар икки шаҳарчани олишга даъвогар, бироқ Испания уларни бермаяпти. Ҳар икки шаҳарча ҳозирда Европа Иттифоқининг Африка қитъасидаги чегараси ҳисобланади.

Ворух

Ворух Тожикистоннинг Суғд вилояти Исфара ноҳиясига қарайди ва у Қирғизистоннинг Боткен вилояти ичида жойлашган.

Ворух ҳудуди 96,7 километр квадрат бўлиб, у ерда 25 минг аҳоли яшаши айтилади. Сўнгги йилларда Ворух атрофида қирғизлар билан бир неча марта қуролли низолар юз берди.

Айниқса 2022 йилда содир бўлган можаро ҳар икки томондан анча одамнинг ҳалок бўлишига ва вайронагарчиликларга сабаб бўлди.

Тожикистонга тегишли Ворух ва Ўзбекистонга тегишли Шоҳимардонни Қирғизистон ҳудуди ўраб туради
Фото: stanradar.com

Шоҳимардон

Шоҳимардон Қирғизистоннинг Боткен вилояти билан ўралган бўлиб, у маъмурий жиҳатдан Фарғона туманига қарайди. Шоҳимардон ҳудуди 90 километр квадратдан иборат ва у ерда 10 мингдан ошиқ одам яшайди.

Дубровник-Неретва

Дубровник-Неретва Хорватия ҳудуди ҳисобланади ва уни шарқий томонини Босния ва Черногория, ғарб томонини эса Адриатика денгизи сувлари ўраб туради.

Ҳудудни Хорватиядан Боснияга тегишли бўлган 2,37 километрлик қуруқлик (Неум йўлаги) ажратиб туради. Дубровник-Неретва алоҳида вилоят ҳисобланади ва унинг таркибида 17 та туман ҳамда бешта шаҳар бор.

Анклав ҳудуди 1 781 километр квадрат бўлиб, у ерда 122 минг аҳоли яшайди.

Анголага тегишли Кабиндани қуруқликда Конго ва Конго демократик республикаси ҳудудлари ўраб туради

Кабинда

Кабинда Африка жанубий-ғарбида жойлашган Ангола давлатига қарашли. Бироқ у Ангола чегарасидан 49 километр шимолроқда жойлашган.

Кабиндани шимолда Конго, шарқда ва жанубда Конго демократик республикаси, ғарбда эса Атлантика океани сувлари ўраб туради. У Ангола таркибида алоҳида провинция ҳисобланади.

Анклав ҳудуди 7,2 минг километр квадрат бўлиб, у ерда 700 мингдан ошиқ аҳоли яшайди. Кабинда ҳудудида жуда катта нефт конлари бор. Улардан қазиб олинаётган нефт Ангола бюджетининг 80 фоизини қоплайди.

Мусандамни қуруқликда фақат БАА ҳудуди ўраб туради

Мусандам

Мусандам яриманклави Арабистон яримороли шарқида жойлашган. Ҳудуд Ўмонга тегишли бўлиб, унинг ярмини БАА ҳудуди, қолган қисмини Форс кўрфази сувлари ўраб туради.

Анклав ҳудуди 1,8 минг километр квадрат бўлиб, у ерда 31 мингдан ошиқ аҳоли яшайди. Мусандамнинг ўзи алоҳида провинция ҳисобланади.

Окуси-Амбено

Мазкур анклав Тимор оролида жойлашган. У оролнинг шарқий қисмидаги Шарқий Тимор давлатига тегишли. Анклав ҳудуди 817 километр квадрат бўлиб, у ерда 70 минг атрофида одам яшайди.

Шарқий Тимор 2002 йилда Индонезиядан ажралиб чиқиб, ўз мустақиллигини эълон қилади ва Окуси-Амбено алоҳида анклав сифатида ажралиб қолади.

Анклавдан Шарқий Тиморгача 56 километр. Бироқ Индонезия қуруқликдан йўл бермаган. Шу сабабли Окуси-Амбенода яшовчилар Шарқий Тиморга паром ва кемаларда бориб келишади.

Брунейга тегишли Тембуронг провинциясини қуруқликда Малайзия ҳудуди ўраб туради

Тембуронг

Тембуронг Брунейга тегишли ҳудуд, уни Малайзия ўраб туради. Тембуронг ҳудуди 1,1 минг километр квадрат бўлиб, у ерда 10 мингдан ошиқ одам яшайди.

2018 йилда Бруней анклавни асосий ҳудуд билан боғлаш учун денгиз устидан узунлиги 13 километр, баландлиги 20 метр бўлган кўприкни қуриб битказди. Ўшандан буён анклав аҳолиси автомобил йўли орқали Брунейга ўтиб-қайтиш имкониятига эга бўлишди.

Анклав давлатлар

Дунёда бир қанча анклав давлатлар ҳам бор. Уларнинг баъзилари икки давлат орасида қолиб кетган. Бошқалари эса бир давлат ичида жойлашган.

Сан-Маринони Италия ҳудуди ўраб туради

Сан-Марино

Сан-Марино дунёдаги қадимий давлатлардан бири бўлиб, у 301 йилда Рим империясидан мустақилликка эришган. Бу давлатни тўрт томондан Италия ҳудуди ўраб туради.

Сан-Маринонинг ҳудуди 61 километр квадратни ташкил этади ва унда бор-йўғи 35 мингга яқин одам яшайди.

Мамлакат ялпи ички маҳсулоти ҳажми 1,7 миллиард доллар бўлиб, аҳоли жон бошига ҳисоблаганда 49 минг доллар атрофида тўғри келади.

Ватикан

Ватикан Италия пойтахти Рим шаҳри ўртасида жойлашган бўлиб, у 1929 йилда алоҳида давлат ҳисобланган. Ватиканни насроний-католиклар етакчиси Рим папаси бошқаради.

Ватикан ҳудуди 0,49 километр квадрат бўлиб, бу ерда 1000 нафарга яқин аҳоли яшайди.

Лесотони Жанубий Африка республикаси ҳудуди ўраб туради

Лесото

Лесото қироллиги деб номланадиган бу давлатни тўрт томондан Жанубий Африка республикаси ўраб туради.

Бу давлат 1966 йилда Британиядан озод бўлган. Унинг ҳудуди 30 355 километр квадрат бўлиб, 2 миллиондан ошиқ одам яшайди.

Лесото дунёдаги камбағал давлатлардан бири ҳисобланади. Унинг ЯИМ ҳажми 2,7 миллиард долларни, аҳоли жон бошига ҳисоблаганда эса 1,3 минг долларни ташкил этади.

Яриманклав давлатлар

Бруней

Жанубий-Шарқий Осиёда жойлашган бу давлатни уч томондан Малайзия, бир томонини Тинч океани сувлари ўраб туради.

Тўлиқ номи Бруней Доруссалом деб аталувчи бу давлатнинг ҳудуди 5,8 километр квадрат, аҳолиси ярим миллионга яқин. Пойтахти Бандар-Сари-Бегавон шаҳри ҳисобланади.

Бруней абсолют монархия ҳисобланади ва уни султон бошқаради. Ҳозир уни Ҳассанал Болкиаҳ бошқармоқда.

Андорра Испания ва Франция ўртасида жойлашган

Андорра

Ушбу давлат Пиреней яримороли шимолида, Испания ва Франция орасида жойлашган. Андорра ҳудуди 467 километр квадрат бўлиб, у дунёдаги энг митти давлатлардан бири ҳисобланади.

Андорра конституцион монархия бўлиб, уни княз бошқаради. Бу давлатда бор-йўғи 82 минг аҳоли яшайди. Давлат тили каталон тили ҳисобланади.

Ноодатий анклавлар

Нахва ва Мадҳа

Нахва ва Мадҳа

БААнинг Шаржа амирлигида қўшни Ўмоннинг Мадҳа деб аталувчи 77,7 километр квадратдан иборат анклав ҳудуди бор.

Ана шу анклавнинг ўртасида БААга тегишли Нахва номли қишлоқ жойлашган. Қишлоқ ҳудуди 5,26 километр квадратга тенг. Яъни бир анклавнинг ичида бошқа анклав жойлашган.

Апипе

Аргентина ва Парагвай ўртасидаги чегаранинг бир қисми Парана дарёси бўйлаб ўтади. Шу жойда дарё анча кенгайиб оқади ва ўртада Апипе ороли бор.

Апипе ороли Аргентинага қарашли ҳудуд ҳисобланади. Лекин унга Парагвайга тегишли сувли ҳудуддан ўтиб бориш керак.

Апипе Корриентес провинциясининг бир қисми ҳисобланади. Орол ҳудуди 32 километр квадрат бўлиб, узунлиги 25, эни 8-10 километр чиқади ва у ерда 2 минг киши яшайди.

Декелия, Ксилотимбу ва Ормидея

Ўтган асрнинг 70-йилларида иккига бўлинган ва ярми грекларга, ярми туркларга теккан Кипрда Британияга тегишли ҳудуд бор.

Бу ҳудуд Кипр оролининг жанубий-шарқий қисмида жойлашган ва у Дакелия деб аталади. Дакелия анклавида асосан Британия ҳарбий базаси жойлашган.

Анклавнинг ичида Кипрнинг тўртта ҳудуди бор. Улардан бири Ксилотимбу, бошқаси Ормидея деб аталади. Қолган иккитасида электростанциялар ва қочоқлар лагерлари жойлашган. Бу ерда ҳам анклав ичида анклав жойлашган.

Ксилотимбунинг ҳудуди қарийб 1, Ормидея эса 1,6 квадрат километр бўлиб, улар Кипрнинг Ларнаки округига қарайди. Ксилотимбуда 4 мингга яқин, Ормидеяда 5 минг одам яшайди.

Куч-Биҳар

Куч-Биҳар номли иккита анклавлардан иборат ҳудуд бор. Улардан бири Ҳиндистонга тегишли ва Бангладеш ҳудудида, иккинчиси Бангладешга тегишли ва у Ҳиндистон ҳудудида жойлашган.

Бангладешда жойлашган ҳиндларнинг Куч-Биҳар анклавлари 49,7 минг километр квадарат бўлиб, у ерда 40 минг атрофида одам яшайди.

Ҳиндистонда жойлашган бенгалларнинг Куч-Бихар анклавлари 69,6 километр квадрат бўлиб, у ерда ҳам 40 минг атрофида одам яшайди.

Ҳиндистон ҳудудида бенгалларга қарашли 106 та, Бангладеш ҳудудида ҳиндларга қарашли 92 та катта-кичик анклавлар бор. Сўнгги йилларда ҳар икки давлат уларни алмаштириш учун музокаралар ўтказяпти.

Сент-Мартен ва Синт Мартен

Кариб ҳавзасида Сент-Мартен ороли бор. Унинг ярми Францияга, ярми Нидерландияга қарашли. Томонлар оролни иккига бўлиб олиш ҳақидаги келишувни 1648 йилда имзолаган.

Ҳозирда Францияга тегишли ҳудуд Сент-Мартен, Нидерландияга тегишли ҳудуд эса Синт-Мартен деб аталади. Оролнинг Францияга тегишли қисми анклав, Чунки атрофдаги бир нечта орол Нидерландияга қарашли.

Оролнинг Францияга тегишли қисми 53 километр квадрат бўлиб, 36 минг аҳоли яшайди. У Европа Иттифоқи ҳудуди ҳисобланди. Нидерландияга тегишли қисми эса йўқ. Бунга сабаб Сент-Мартен ва Синт-Мартен икки хил мақомга эга.

Франция ўз анклавини денгиз орти ҳудуди сифатида таркибида сақлаб қолган. Нидерландия эса Синт-Мартенга мухтор давлат мақомини берган.

Барле-Насау ва Барле-Ҳертог

Нидерландияда ғалати бир шаҳарча бор. Уни нидерландлар Барле-Нассау, белгияликлар эса Барле-Ҳертог деб аташади. Шаҳарчанинг бир қисми Белгияга тегишли бўлиб, у Нидерландия ҳудуди билан ўралган анклав ҳисобланади.

Бу ерда Белгияга тегишли ҳудуд яхлит эмас ва бир неча ўн бўлакдан иборат. Ўз навбатида Белгияга тегишли анклав ичида Нидерландиянинг ҳам бир нечта кичик анклав ҳудудлари бор.

Натижада, ҳар икки томонга тегишли ҳудуд аралашиб кетган. Икки давлат ўртасидаги чегара эса ғаройиб тарзда бинолар, кўчалар, пиёдалар йўлакчалари ўртасидан ўтган.

Ҳар икки давлат ҳам Европа Иттифоқига киргани учун улар ўртасида чегара йўқ. Фақат оёқ остига чегара ўрнига плюс белгиси билан чизиқлар чизилган. Бир қадам қўйсангиз бир давлат ҳудудидан иккинчисига ўтиб кетаверасиз.

Шаҳарчага ҳар икки томондан алоҳида мэр тайинланган. Шунингдек, шаҳарчадаги ҳар бир йўл кўрсаткичи, кўчалар номи ва бошқа ёзувлар икки тилда ёзиб қўйилган.

Шаҳарчанинг ҳар икки қисмида икки хил қонунлар амал қилади. Масалан, бирида кафе ва ресторанларни вақтлироқ ёпиш керак, иккинчисида эса тонггача ишласа бўлади.

Ана шундай пайтда чегара устида жойлашган кафе ва ресторанларда ошпазлар чизиқнинг нариги томонига ўтиб ишлайверади. Стол-стулларни ҳам эрталабгача ишлашга рухсат берадиган давлат томонига ўтказишади. Бунда ҳеч қандай муаммо юзага келмайди.

Барле-Нассау ва Барле-Ҳертог ана шундай ғаройиб қоидалари билан шунчалик машҳурки, ҳар йили бу жойни кўриш учун дунёнинг турли давлатларидан кўплаб сайёҳлар келишади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид