Амстердамда иқлим ҳимоясига бағишланган катта намойиш бўлиб ўтди
Нидерландия пойтахтида 70 мингга яқин намойишчи иқлимни ҳимоя қилиш учун шошилинч чоралар кўришни талаб этди. Грета Тунберг яна бир бор Фаластин тарафдори эканини маълум қилди. У иқлим ҳаракати «тинчлик ва адолат учун курашаётган мазлумларнинг овозини тинглаш»га масъул эканини айтди.
Нидерландия пойтахти ва энг йирик шаҳрида 12 ноябр, якшанба куни мамлакат тарихида иқлим ўзгаришига қарши энг йирик намойиш бўлиб ўтди. Амстердам полицияси маълумотларига кўра, маршда 70 мингга яқин одам, жумладан, швециялик иқлим фаоли Грета Тунберг ва Европанинг иқлим бўйича собиқ комиссари, бўлажак парламент сайловларида чап қанот алянсига раҳбарлик қиладиган Франс Тиммерманс қатнашган.
Намойишчилар «Бемаъни гапларни тўхтатинг, ташламаларни камайтиринг!» ва «Иқлим маршимиз ёқмаяптими? Марсда яшашга ҳаракат қилинг!» деган ёзувли плакатларни кўтариб олди. Намойишчиларнинг баъзилари денгиз сатҳининг кўтарилишига ишора қилиб, сувга шўнғиш учун мўлжалланган кийимда бўлган.
Марш иштирокчилари Амстердам бўйлаб 3,5 км йўл босиб, қўшиқ айтган, ҳуштакбозлик қилган ва шиорларни ҳайқирган. «Мен бу ердаман, чунки мен сайёрамиз ҳозиргидан иссиқроқ бўлишини истамайман ва Шимолий қутб ҳозиргидек совуқ бўлиб қолишини истайман, биз бунга эътибор қаратмоқчимиз», деди норозилик иштирокчиларидан бири Reuters агентлигига. Ташкилотчилар намойишчилар сонини 85 минг киши деб ҳисоблаган.
Тунберг Фаластин тарафдори эканини маълум қилди
Швециялик иқлим фаоли Грета Тунберг яна бир бор намойишдан фойдаланиб, Фаластин тарафдори эканини маълум қилди. Бўйнига оқ-қора шарф таққан у Амстердамда бўлиб ўтган митингда иқлим ҳаракати «тинчлик ва адолат учун курашаётган мазлумларнинг овозини тинглаш»га масъул эканини айтди.
Тунберг сўнг микрофонни Фаластин байроғини ўраб олган аёлга бериб, Исроил «геноцид» қилаётганини, шунингдек, Ғазо секторидаги «касалхона ва тинч аҳолини атайлаб нишонга олаётганини» айтди. Намойишчилардан бири саҳнага чиққан ва микрофонга: «Мен бу ерга сиёсий қарашларни тинглаш учун эмас, балки иқлим намойиши учун келдим» деган.
Шу билан бирга, швециялик атроф-муҳит фаоли намойишчиларни «хотиржам бўлишга» чақирди ва микрофонга бир неча бор: «Босқинга учраган ерларда иқлим адолати йўқ», деб айтди ҳамда бу билан Фаластин ҳудудларини назарда тутди. Ўтган ой Стокҳолмда бўлиб ўтган иқлим митингидан сўнг, Тунберг 7 октябрдаги ҳужумда ҳалок бўлган исроилликлар ҳақида гапирмагани учун танқид қилинган эди.
Нидерландия фуқароларининг аксарияти учун иқлим масалалари устувор эмас
Нидерландия фуқаролари 22 ноябр куни миграция ва яшаш нархининг ошиши ҳақидаги мунозаралар асосий ўрин эгаллаган сайлов кампаниясидан сўнг, сайлов участкаларида овоз беради. Сўнгги сўровлар шуни кўрсатдики, иқлимни муҳофаза қилиш қироллик аҳолисининг аксарият қисми учун устуворликлар рўйхатида пастроқда туради.
Ўз навбатида, Тиммерманс коалицияси иқлим ўзгаришини муҳим масалага айлантирди. Айни пайтда, сўровларга кўра, Меҳнат партияси ва «Яшил сўллар» алянси миграцияни чеклаш зарурлигига кўпроқ эътибор қаратаётган иккита консерватив партиядан кейин учинчи ўринни эгаллаб турибди.
Мавзуга оид
21:30 / 23.11.2024
COP29: Бой давлатлар иқлимни молиялаштиришни оширишга рози бўлди
15:43 / 20.11.2024
ОТБ Ўзбекистоннинг иқлимга мослашиш ислоҳотлари учун 250 млн доллар ажратди
19:40 / 17.11.2024
Олимлар дунёдаги чучук сув захиралари нега камайганини тушунтирди
16:16 / 16.11.2024