Жаҳон | 16:02 / 16.11.2023
20817
10 дақиқада ўқилади

АҚШ ва Хитой муносабатларидаги илиқлик. Кимга нима керак?

ХХР раиси Си Жинпинг ва АҚШ президенти Жо Байден Сан-Франциско яқинида ўтказилган учрашувда икки давлат ҳарбийлари ўртасидаги тўғридан тўғри алоқа каналларини тиклашга келишиб олди. Бу алоқа Вакиллар палатаси спикерининг Тайванга ташрифидан кейин хитойликлар томонидан ёпилганди.

Фото: Reuters

Ҳарбийлар ўртасидаги тўғридан тўғри алоқа тикланиши бўйича келишув ҳақида Байден ва Сининг учрашувидан кейин Хитой давлат телеканали CCTV хабар берган.

«Армияларимиз ўртасидаги алоқа линияларини очиқ сақлаш - муҳим, чунки бу инқироз ёки можарога олиб келиши мумкин бўлган тушунмовчилик ва хатоларнинг олдини олади», - дея баёнот берган бу борада Пентагон матбуот хизмати.

Хитой тўғридан тўғри алоқа каналларини Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси ўтган йил августида кутилмаганда Тайванга ташриф буюрганидан кейин ёпиб қўйилганди.

Бу ҳаракат Пекинни шу қадар ғазаблантиргандики, Тайван атрофида оролни босиб олиш имитацияси бўлган кенг кўламли  ўқув машғулотлари ўтказилганди.

Шу билан бирга, Оқ уйнинг юқори мартабали мулозими анонимлик шарти билан журналистларга маълум қилишича, жаноб Си Байденни Хитой Тайванга бостириб киришга тайёрланмаётгани ва тинч бирлашувни афзал кўришига ишонтирган — аммо дарҳол ХХР қандай шароитларда куч қўллаши мумкинлиги ҳақида ҳам огоҳлантирган.

Президент Байден учрашув якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида алоқа линиялари нафақат АҚШ ва Хитой ҳарбийлари ўртасида, балки бошқа даражаларда ҳам, хусусан, икки етакчилар ўртасида ҳам доимо очиқ туришини билдирди.

«Биз исталган вақтда бир-биримизга қўнғироқ қилишимиз ва бир-биримизни эшита олишимиз имконли бўлишига келишиб олдик», — деган Байден.

Си Жинпинга қанчалик ишониши ҳақидаги саволга Байден «ишон, аммо текшир» деган мақол билан жавоб қайтарган, кейин эса улар Барак Обама ва Ҳу Жингтао даврида вице-президентлар эканида жуда кўп учрашишгани ҳамда Сини «дангал ва очиқ» суҳбатдош сифатида билишини айтган.

Си Жинпинг Байден билан учрашувдан кейин, Американинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан кечки овқат маҳалида Хитой АҚШнинг ҳамкори ва дўсти бўлишга тайёрлиги, шунинг учун Қўшма Штатлар Хитойни таҳдид сифатида кўрмаслиги кераклиги ва бутун дунё АҚШ ва ХХР душманлик қилишини эмас, балки ҳамкорлик қилишини исташини таъкидлаган.

Байден учрашувда 1985 йилги фотосуратни кўрсатган. Унда ёш Си Сан-Францискодаги Олтин дарвоза кўприги фонида акс этган.

Шу билан биргаликда, жаҳон агентликлари тарқатган хабарга кўра, Си яна бир бор АҚШ Хитойнинг ички ишларига аралашмаслиги зарурлигини қайд этган.

Си шунингдек, америкаликлар ва хитойликлар ўртасида турли даражадаги алоқаларни кенгайтириш бўйича АҚШ президенти билан эришилган келишувни муҳим деб ҳисоблашини билдирган.

Умумий илиқлашув

Хитой давлат нашрларига кщра, ҳарбий алоқалар бўйича келишувдан ташқари, Байден ва Си сунъий интеллект соҳасида ва гиёҳвандлик моддалар савдосига қарши курашда ҳамкорлик қиладиган ишчи гуруҳлар тузишга келишиб олган.

Иккинчиси ҳақида учрашувдан олдин Америка матбуотида ёзилганди: АҚШ Хитой фентанил учун таркибий қисмларни етказиб бериш занжирини фош қилишда ёрдам беришини истайди.

Бундан ташқари, Пекин Байден ва Си ташқи сиёсат ва юк ташиш хавфсизлиги бўйича «мулоқот механизмлари»ни яратиш, шунингдек, авиарейсларни кўпайтириш, икки давлат ўртасида талабалар алмашинуви, таълим, маданият, спорт ва бизнес соҳаларидаги алоқаларни кенгайтиришга келишиб олган.

Раис Сига нима керак?

Хитой раҳбари Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги (APEC) саммитида иштирок этиш учун АҚШга учиб келган.

Си Жинпинг билан учрашув аввалида Байден Хитой ва АҚШ ўртасида келишмовчиликлар борлиги, аммо доимо мулоқотни давом эттириш зарурлигини айтди.

«Биз ҳамиша ҳам иноқ бўлмаганмиз, бу ажабланарл эмас, аммо бизнинг учрашувларимиз доимо, очиқ, тўғри ва фойдали бўлган, — деган Байден хитойлик ҳамкасби билан учрашувида. — Мен мулоқотимизни қадрлайман, чунки менимча, сиз ва мен бир-биримизни раҳбар сифатида, ҳеч қандай янглишишсиз ва тушунмовчиликларсиз аниқ тушунишимиз жуда муҳим».

«Биз рақобат зиддиятга айланиб кетмаслигини таъминлашимиз, шунингдек, бу рақобатни масъулият билан бошқаришимиз керак», — дея қўшимча қилган Байден.

Бунга жавобан Си Жинпинг «можаро ва қарама-қаршилик икки томон учун ҳам йўл қўйиб бўлмайдиган оқибатларга эга бўлиши»ни айтган.

«Хитой ва АҚШдек икки улкан давлат бир-биридан юз ўгира олмайди. Бу икки давлат ҳам муваффақиятли бўлиши учун Ер юзида жой етарли», — деган хитойликлар етакчиси.

BBC мухбирлари учрашув олдидан икки давлат мухбирлари музокаралар давомида нимага эришишга ҳаракат қилишларини тушунтириб берганди.

Беш йил муқаддам, президент Доналд Трамп Мар-о-Лагодаги қароргоҳида хитойлик меҳмонни қабул қилганида, Хитой жадал ривожланаётган, унинг иқтисодиёти энг оптимистик прогнозлардагидан ҳам тезроқ ўсаётган, ишсизлик даражаси эса кўп йиллар ичида энг паст кўрсаткичларни қайд этганди.

Аммо ўшандаёқ «Хитой орзуси»да сезилмас ёриқлар пайдо бўла бошлаганди ва вақт ўтган сайин уларни яширишнинг имкони бўлмай қолади. Агар яқин вақтгача америкаликлар Хитой тез орада уларни ортда қолдириб, дунёнинг биринчи иқтисодиётига айланиб олишидан чиндан хавфсираган бўлса, эндиликда кўплаб таҳлилчилар бу қачондир рўй беришига ҳам шубҳа билан қарамоқда.

Буларнинг барчаси Си Жинпингнинг музокаралардаги позициясини сезиларли даражада заифлаштирди, аммо Калифорнияда APEC саммити майдонида ўтган бу музокараларга қизиқиш ҳар қачонгидан юқори эди.

BBC’нинг Хитойдаги мухбири Стивен Макдонелл учрашув олдидан сўнгги 12 ой ХХР раиси учун сиёсий жиҳатдан мутлақо муваффақиятсиз кечгани ва агар Байден билан учрашув Вашингтон-Пекин муносабатлари қандайдир нормаллашганини кўрсатса, бу Си Жинпингни тўла қаноатлантиришини айтганди.

Хитой раҳбари ҳамон ҳокимият жиловини ўз қўлида қаттиқ ушлаб турибди, бироқ у ҳам босимни ҳис қилмоқда ва унга халқнинг қўллаб-қувватлови керак.

Муҳокама учун мавзулар жуда кўп, хусусан, Жанубий Хитой денгизида кемачилик эркинлиги (Хитой уни амалда ўзининг ички кўли деб билади), Вашингтоннинг Тайван ҳукуматини қўллаши ва Хитойга муайян технологиялар етказиб берилишига ўрнатилган тақиқлар энг нозиклари эди.

Сан-Францискода Си Жинпингни Калифорниядаги хитойликлар диаспораси вакиллари илиқ қарши олди

Аммо Си учун асосийси — учрашувдан кейин ўз мамлакати аҳолиси кўз ўнгида кучли давлат арбоби сифатида намоён бўлишда давом этишдир.

Шу йил ўзи тайинлаган икки юқори мартабали амалдор — мудофаа вазири ва ташқи ишлар вазирини ҳеч қандай тушунтиришсиз ишдан олишга тўғри келганидан кейин унинг имижи анча зарар кўрганди.

Кейин ядро арсеналига масъул бўлган генералларни тозалаш иши бўлиб ўтди, бу ҳам кўплаб саволлар туғдирди ва кўпчиликда салбий таассурот уйғотди — партия ҳукуматининг юқори эшелонида барчаси жойида эмаслиги тўғрисида.

Қўшимчасига, тўхтатиб бўлмайдигандек кўринган Хитой иқтисодиёти машинаси бирдан секинлаша бошлади, ёшлар орасида ишсизлик даражаси эса рекорд кўрсаткичларни қайд этди, технология секторини ишдан бўшатишлар тўлқини қамраб олди ва турар жойлар инқирози авж олди.

Шундай экан, Си Жинпингга ҳеч бўлмаганда бошқа бир қудратли мамлакат билан яхши муносабатлар кўринишини тиклаш ва ундан ҳам яхшироғи Америка билан савдо ҳажмини ошириш зарар қилмайди.

Учрашувдан президент Байден нима кутаётганди?

Жо Байден Сан-Францискодаги учрашув чоғида

Барча таҳлилчилар, истисносиз, ҳозирги вазиятда Қўшма Штатлар ва Хитой ўртасидаги муносабатлар сезиларли даражада яхшиланишига умид қилиш реал эмас, деган фикрга қўшилади. Аммо, асосийси, улар ёмонлашмайди ҳам.

Шундай экан, BBC нинг Шимолий Америка бўлими муҳаррири Сара Смит бу учрашувдан шов-шувли баёнотлар ёки йирик келишувлар кутиш ноўрин экани, аммо шунга қарамай, у жуда муҳимлиги ҳақида ёзади.

Катта эҳтимол билан президент Байден Хитой ўзининг Эронга ошиб бораётган таъсиридан фойдаланган ҳолда Теҳронни Яқин Шарқда кенг кўламли минтақавий уруш келтириб чиқариши мумкин бўлган мулоҳазасиз ҳаракатлардан қайтаришини хоҳлайди.

Байден Хитойни Украинага қарши уруш олиб бораётган ва қурол ҳамда ўқ-дорига катта эҳтиёж сезаётган Россияга ҳарбий ёрдам кўрсатишдан ҳам қайтаришга ҳаракат қилган бўлиши мумкин.

Аммо, табиийки, энг мунозарали масала Тайван эди.

Вакиллар палатасининг ўша вақтдаги спикери Нэнси Пелосининг оролга ташрифидан кейин Пекин Вашингтон билан ҳарбий алоқаларни тўхтатган, кейин эса Америка разведкаси Хитой ўз ядро салоҳиятини ошираётгани ҳақида хабар берганди.

Агар америкаликлар президенти хитойлик ҳамкасбини умумий даражадаги алоқаларни тиклашга ишонтирган бўлса, бу кескинликни камайтиришга ёрдам беради ва келажакда нохуш ҳодисалар рўй беришининг олдини олади.

Ва, албатта, иқтисод, савдо (жумладан, айрим яримўтказгичларнинг Хитойга экспорт қилинишини тақиқлаш) ва ҳатто гиёҳвандлик моддалар (АҚШ том маънода мамлакатни қамраб олган хитой фентанили оқимидан қаттиқ хавотирда) масалалари ҳам муҳокамасиз қолмайди.

Қолаверса, Жо Байден унга халқаро кескинлик ўчоқларини ўчиришга ёрдам бериб келган ташқи сиёсат соҳасидаги кўп йиллик тажрибаси унга бу сафар ҳам ёрдам беришини исботламоқчи.

Мавзуга оид