Ўзбекистон | 17:55 / 16.11.2023
15008
3 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда ичимлик суви лойиҳасининг биринчи босқичи ишга туширилди

«Тўпаланг» сув омборидаги сув вилоятнинг турли нуқталарига қувурлар орқали етиб боради ҳамда минералларга бой обиҳаётдан қарийб 2 млн аҳоли баҳраманд бўлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

2021 йилда Термизда бўлиб ўтган йиғилишда давлат раҳбари Сурхондарё вилоятида ичимлик суви билан боғлиқ муаммога алоҳида тўхталган эди. Ўша пайтда ҳудудда марказлашган тармоқлар орқали ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 60 фоиз атрофида эди.

Президент бу борада «Тўпаланг» сув омбори улкан ва тоза манба эканини таъкидлаб, уни аҳолига етказиш бўйича лойиҳа тайёрлаш вазифасини қўйганди.

«Ҳақиқатан ҳам, бу ҳавзага сув тоғлардаги қор ва муз эришидан йиғилади. Текширувларга кўра, бу сувнинг қаттиқлик даражаси 4 фоиз, фойдали минералларга бой ва мусаффо. Бундан фойдаланиб, Сурхондарё аҳолиси учун муҳим ижтимоий лойиҳа амалга оширилмоқда.

Лойиҳа доирасида сув омборидан то Термиз шаҳригача 380 километр металл қувурлар тортилади. Унинг 159 километри магистрал, 221 километри шаҳар ва туманларни боғловчи ички тармоқлардир. Шунингдек, сув тозалаш, босимни камайтириш ва сув йиғиш иншоотлари қурилади. Бугунги кунда 147 километр қувур тортиб бўлинди. Сув тозалаш, босимни камайтириш ва 5 та сув йиғиш иншооти барпо этилди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

16 ноябр куни Сариосиё тумани Боғистон маҳалласида ушбу лойиҳанинг биринчи босқичини ишга тушириш маросими бўлди. Президент Шавкат Мирзиёев рамзий тугмани босиб, «оби ҳаёт» йўлини очди.

Мазкур босқичда сув Сариосиё, Денов, Шўрчи ва Қумқўрғон туманларига етиб борди. Вилоят аҳолисининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 70 фоизга етди. 

Яна бир муҳим жиҳати, сув ўз оқими билан тушиши туфайли 8,6 миллион киловатт/соат электр энергияси иқтисод қилинади. 

Лойиҳанинг иккинчи босқичида марказлашган ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 90 фоизга етказилади. Бундан Сариосиё, Денов, Шўрчи, Қумқўрғон, Жарқўрғон, Бандихон, Қизириқ, Шеробод, Ангор, Музработ, Термиз туманлари ва Термиз шаҳридаги 2 миллионга яқин аҳоли баҳраманд бўлади. Лойиҳани 2024 йилда ниҳоясига етказиш мўлжалланган.

Мавзуга оид