Ўзбекистон | 21:41 / 17.11.2023
9010
2 дақиқада ўқилади

Президент Ўзбекистонда дизайн мактабини ривожлантириш бўйича топшириқ берди 

Давлат раҳбари мутахассисларни Италия каби дизайн соҳаси тараққий этган мамлакатларга тажриба учун юбориш бўйича кўрсатма берди. 

Президент Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида «Indenim Textile» кластерининг Термиз шаҳридаги тўқимачилик корхонаси фаолияти билан танишди. 

Қайд қилинишича, корхона 2019 йил ишга туширилган бўлиб, унинг умумий қиймати 10 миллион доллардан зиёд. Йилига 800 турдаги 9 миллион дона кийим-кечак ишлаб чиқариш қуввати яратилган. Уларнинг бир қисми экспортга, асосий қисми ички бозорга – «Indenim» дўконларига етказиб берилмоқда. 

Давлат раҳбари корхонадаги иш жараёнини, маҳсулотларни кўздан кечирди. 

- Юртимизда тўқимачилик хомашёси бор, маҳсулотлар сифати ҳам яхшиланиб бораяпти. Фақат бизда дизайн мактаби йўқ. Ҳозир дунёда услублар тез ўзгараяпти. Кийим корхоналаримиз рақобатбардош бўлиши учун дизайн мактабини ривожлантириш керак, - деди Шавкат Мирзиёев. 

Бу борада кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш, мутахассисларни Италия каби дизайн соҳаси тараққий этган мамлакатларга тажриба учун юбориш бўйича кўрсатма берилди. Шунингдек, бозорни ўрганиш ва прогнозлаштириш, бу борада тадбиркорларга кўмаклашиш зарурлиги таъкидланди. 

Давлат раҳбарига корхонанинг истиқболдаги режалари ҳақида маълумот берилди. Келгусида мато тўқиш ва бўяш, кийим-кечак ишлаб чиқариш ҳажми оширилади. Бунинг учун умумий 55 миллион доллар инвестиция йўналтирилади. Натижада яна 10 мингта янги иш ўрни яратилиши кутилмоқда. 

Шу билан Шавкат Мирзиёевнинг Сурхондарё вилоятига ташрифи якунланди, давлат раҳбари Тошкентга қайтиб келди. 

Мавзуга оид