Жаҳон | 20:34 / 18.11.2023
9772
2 дақиқада ўқилади

Йирик компаниялар Х ижтимоий тармоғида реклама жойлаштиришни тўхтатмоқда — ОАВ

Антисемитизмнинг кучайиши кўплаб реклама берувчиларнинг ижтимоий тармоқни тарк этишига сабаб бўлгани таъкидланяпти.

Фото: AP / Darko Vojinovic

Apple, Disney, Comcast, Lionsgate ва Paramount Global каби йирик компаниялар X (собиқ Twitter) платформасида реклама сотиб олишни тўхтатиш ниятини эълон қилишди.

The Washington Post нашрининг ёзишича, бу қарор антисемитизм билан боғлиқ можаролардан сўнг қабул қилинган. Қайд этилишича, айнан X платформасида антисемитизмнинг кучайиши кўплаб реклама берувчиларнинг ижтимоий тармоқни тарк этишига сабаб бўлган.

Apple компаниясининг рекламадан воз кечиши X учун катта йўқотиш бўлиши мумкин. Чунки технология гиганти Илон Маск ижтимоий тармоғига 2022 йил биринчи чорагида 50 миллион доллар даромад келтирган.

Disney, Comcast, Lionsgate ва Paramount Global вакиллари платформадаги рекламани тўхтатганини тасдиқлади.

Media Matters for America ҳисоботида айтилишича, платформа Apple каби йирик брендларнинг рекламалари билан бир қаторда антисемитизм контентини, мисол учун, нацизмни маънавий уйғониш сифатида тасвирловчи ва Адолф Ҳитлер иқтибосларини кўтаринки руҳда акс эттирувчи мемларни жойлаштирган.

Ҳисобот эълон қилинганидан сўнг, IBM ҳам X платформасида реклама жойлаштиришни тўхтатишини, «нафрат сўзлари ва камситишларга мутлақо тоқати йўқлигини» эълон қилди.

Материалда таъкидланганидек, Илон Маскнинг ўзи антисемитизмга хос баёнот тарқатган фойдаланувчининг твитини қўллаб-қувватлаб, норозиликка сабаб бўлган.

Фойдаланувчилардан бири «яҳудийлар оқ танлиларга нисбатан нафратни тарқатаётгани ва оқ танли аҳолини сиқиб чиқариш учун мамлакатни оқ танли бўлмаганлар билан тўлдиришни истаётганини» ёзган. Маск унга изоҳ бераркан, ўз шарҳида «мутлақ ҳақиқатни айтди» деб ёзган.

Ўз навбатида платформа эгаси Илон Маск Media Matters for America нотижорат ташкилоти ва антисемитизм можароси туфайли ижтимоий тармоққа қарши чиққан бошқа компанияларга қарши судга «термоядровий даъво» беришини эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, даъво 20 ноябр куни зудлик билан, «бир неча сония ичида» топширилади.

Мавзуга оид