Жаҳон | 12:42 / 27.11.2023
4732
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда армия туннелда қолиб кетган 40 ишчини қутқаришга жалб этилди

Ҳиндистонлик ишчиларни туннел вайроналари остидан олиб чиқиш учун ҳарбий муҳандисларнинг ёрдами АҚШдан юборилган улкан бурғиловчи қурилма ишдан чиққач, талаб қилинган.

Фото: Francis Mascarenhas/REUTERS

Ҳиндистонда армия Уттаракханд штатида қисман вайрон бўлган туннелда 15 кундан бери қамалда қолиб келаётган 40 дан ортиқ ишчини қутқариш операциясига қўшилди. NDTV телеканалининг 26 ноябр, якшанба куни хабар беришича, 24 ноябр куни АҚШдан олиб келинган улкан бурғиловчи қурилма ишдан чиққач, ҳарбийларнинг иштироки талаб қилинган. 

Унинг ёрдами билан қутқарувчилар жабрланганларга етиб бориш учун 60 метр узунликда чуқур қазишни режалаштирганди. Бу мақсадга эришиш учун қолган 10 метр масофани энди ҳарбий муҳандислар қўлда бурғилайди. Кузатувчиларнинг фикрича, энди 25 декабрдан кейин ишчиларни вайроналардан олиб чиқиш мумкин бўлади. 

«Бу операция узоқ давом этиши мумкин. Тоғда ишлаганда, ҳеч нарсани олдиндан айтиб бўлмайди. Биз вақт бўйича аниқ рақамларни келтира олмаймиз», - деди Табиий офатларни бошқариш миллий бошқармаси матбуот котиби Сайид Ата Ҳаснаин. 

Озиқ-овқат ва дори-дармонлар қудуқ орқали етказиляпти

Қутқарувчилар томонидан қазилган қудуқ орқали ишчилар билан алоқа сақлаб турилибди. У орқали уларга озиқ-овқат ва дори-дармонлар етказиляпти. 

12 ноябр куни Уттаракханддаги йўл туннели қулаб тушди ва унинг ичида 41 ишчи қолиб кетди. У «Чар-Дхам» транспорт лойиҳаси доирасида қурилаётган бўлиб, унга кўра штатда 825 км узунликдаги шоссе очилиши режалаштирилган. 

Мавзуга оид