Ўзбекистон | 23:42 / 27.11.2023
12334
2 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистонда ўрмон хўжалиги раҳбари ноқонуний ов қилиб юргани аниқланди 

«Қораўзак» давлат ўрмон хўжалиги раҳбари тегишли рухсатномасиз ов милтиғи билан ов қилиб юргани аниқланган. 

Фото: Экология вазирлиги

Қорақалпоғистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариш вазирлиги, республикаси прокуратураси ва «Судочйе-Акпетки» давлат буюртма қўриқхонаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган рейд тадбирида ноқонуний овнинг олди олинган. 

Қайд қилинишича, Мўйноқ тумани, «Қозоқдарё» маҳалласи ҳудудида ўтказилган рейд давомида «Қораўзак» давлат ўрмон хўжалиги раҳбари А.И. тегишли рухсатномасиз ов милтиғи билан ов қилиб юргани аниқланган. 

Ҳолат юзасидан мансабдор шахсга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 90-моддаси 4-қисми (Тегишли рухсати бўлмай туриб ёки тақиқланган жойларда ёхуд тақиқланган муддатларда, тақиқланган қуроллар ёки воситалар билан ов қилиш ёки балиқ овлаш) билан иш очилган. 

Ушбу ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ва ашёларини мусодара қилиб, мансабдор шахсларга БҲМ қирқ бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга ёхуд уч йилгача муддатга ов қилиш ҳуқуқидан маҳрум этишга сабаб бўлади.

Мавзуга оид