Жаҳон | 09:00 / 27.11.2023
13397
2 дақиқада ўқилади

Қримда «аср довули»: ярим миллион аҳоли электрсиз қолди

Украинада Қора денгиздаги кучли довул туфайли 400 га яқин аҳоли пункти электр таъминотидан узилди, Қримда уйлар ва йўллар сув остида қолган, юз минглаб аҳоли электрсиз ўтирибди.

Фото: Видеодан кадр

Қора денгизда давом этаётган кучли довул туфайли Қримда 500 мингга яқин одам электр энергиясиз қолди. Бу ҳақда 26 ноябр, якшанба куни Қрим раҳбарининг маслаҳатчиси Олег Крючков ўз Telegram-каналида маълум қилди. 

Унинг маълумотларига кўра, энг кўп яриморолнинг Черноморск, Саки, Белогор, Симферопол, Октябр, Бахчисарой ва Ленин туманлари жабрланган. Poseidon мониторинг тизими маълумотларига кўра, Қримнинг жанубий ва жануби-шарқий қирғоқларидаги тўлқинлар баландлиги 8-9 метрга етади. 

Маҳаллий Telegram-каналларда шамол томларни учириб ташлаётгани, дарахтлар ва электр устунларини қулатаётгани, шунингдек, денгиз суви босган уйлар ва йўлларнинг видеолари чоп этилмоқда. Россия ва Украина оммавий ахборот воситалари Қора денгиздаги довулни сўнгги юз йилликдаги энг кучлиси деб атамоқда. 

Яриморол ҳокимиятига кўра, ёмон об-ҳаво туфайли Саки-Евпатория автомобил йўли бутунлай тўсиб қўйилган ва сув босган уйларнинг 150 нафар аҳолиси Евпаториядан эвакуация қилинишига тўғри келган. Қрим раҳбари Сергей Аксенов 27 ноябрни дам олиш куни деб эълон қилди. Аввалроқ худди шундай қарор Севастопол ҳокимияти томонидан қабул қилинган эди. 

Зеленский: Украинада 400 дан ортиқ аҳоли пункти электр таъминотисиз қолди

Ёмон об-ҳаво Украинага, шунингдек, Қора денгиз соҳилидаги Россия шаҳарларига ҳам таъсир қилди. Украина президенти Володимир Зеленский сўзларига кўра, мамлакатнинг ўнта вилоятидаги 400 га яқин аҳоли пункти, жумладан, Одесса, Миколайив, Кировоград, Черкасск ва Киевда алоқа узилиб, оператив штаблар иш бошлаган. Шунингдек, кучли қор ёғгани хабар қилинган. 

«Мен Украинанинг ёмон об-ҳаво кузатилаётган ҳудудларда бўлган барча фуқароларидан сўрайман: иложи борича эҳтиёт бўлинг. Агар керак бўлса, Украина Фавқулодда давлат хизмати, Миллий полиция, бошқа давлат ва муниципал тузилмаларимиз билан боғланинг», - дея таъкидлади Зеленский кечқурунги видеомурожаатида.

Мавзуга оид