Ўзбекистон | 00:43 / 28.11.2023
14771
2 дақиқада ўқилади

Бош прокуратура «Антиструмин» иши» бўйича баёнот берди

ОАВ ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари тергов тугагунга қадар жиноят ишига оид маълумотларни тарқатмасликка чақирилди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

«Антиструмин» дори воситаси билан боғлиқ жиноят иши юзасидан Бош прокуратура томонидан жиноят-процессуал қонунчилик асосида дастлабки тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Бош прокуратура баёнотига кўра, ҳозирги кунда мазкур жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари якунига етмаган бўлса-да, жиноят иши доирасида 3 нафар аёл қамоққа олингани ҳақидаги маълумотлар ҳар хил талқин қилинган ҳолда оммавий ахборот воситаларида тарқатилган. Қайд қилинишича, ушбу маълумотлар терговнинг объектив ва холисона олиб борилишига халақит бермоқда.

Бош прокуратура Жиноят-процессуал кодекси талабларидан келиб чиқиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётган вақтда шахсга доир маълумотларни тарқатиш ва терговга аралашиш қонун билан тақиқланишини эслатиб ўтди.

«Ҳурматли оммавий ахборот воситалари вакиллари ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари, тергов тугагунига қадар ижтимоий тармоқларда ушбу жиноят ишига оид маълумотларни тарқатмасликка чақирамиз», дейилади баёнотда.

Таъкидланишича, тергов натижаси ҳақида қўшимча равишда маълумот берилади.

Мавзуга оид