Жамият | 17:00 / 03.12.2023
22297
5 дақиқада ўқилади

Тошкент Кимё халқаро университетига Туркия делегацияси ташриф буюрди

28 ноябр куни Туркия Республикаси “Necmettin Erbakan University“нинг бир гуруҳ профессор-ўқитувчилари ва йўналиш раҳбарларидан иборат делегация Тошкент Кимё халқаро университетига ташриф буюрди.

 Делегация аъзоларини Иқтисодиёт фанлари доктори, таълим сифати ва халқаро алоқалар бўйича проректор, профессор Каримжон Аҳмеджанов кутиб олди. Делегацияга раҳбарлик қилаётган профессор Музаффер Эркан Йилмаз “Ташрифимиздан асосий мақсад, аввалроқ имзоланган ҳамкорлик шартномасида белгиланган иш режасини босқичма-босқич амалга ошириш ва икки университет ўртасидаги профессор-устозлар ва талаблар мобиллигини йўлга қўйишдир”, — дея таъкидлади. Ташриф давомида делегация аъзоларига Тошкент Кимё халқаро университетининг моддий-техник базаси, илмий салоҳияти, олиб борилаётган илмий тадқиқотларнинг асосий йўналишлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Шунингдек, профессор-ўқитувчилар томонидан талабаларга маҳорат дарслар ташкил қилинди. Меҳмонлар университетнинг “Таълим мактаби” талабалари томонидан ижро этилган миллий мусиқа намуналари билан ҳам танишиб, илиқ фикрлар билдиришди.

Konya Najmiddin Erbakan университети профессори Мурсел Бичер бу ташрифдан асосий мақсад ҳақида гапириб берди:

“Najmiddin Erkaban университетининг таълим факултети деканиман. Бизнинг бу ерга келишимиздан асосий мақсад Тошкент Кимё халқаро университети билан икки томонлама шартномалар имзолаш, талаба алмашинув дастурлари, қўшма нашр ва лойиҳалар билан ҳамкорликда ишларни амалга ошириш ҳамда бу орқали икки давлат ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашдан иборат. Икки университетда таълим сифатини ошириш, ривожланаётган технологиялардан хабардор бўлиш мақсадида бу ерда бир нечта учрашувлар ўтказдик, дарсларда қатнашдик. Университетимиздаги таълим тизими ҳақида маълумот бердик ва сизнинг таълим тизимингизни кузатдик, иккиси орасидаги таълим шаклларини таққослаб кўрдик. Бу ердаги асосий мақсад ҳам икки университет ўртасида алоқаларни ўрнатиш”, - деди профессор Бичер.

Делегация аъзолари университет қошида очилган “Kimyo University Hospital” клиникаси фаолияти билан яқиндан танишди. Соҳа бўйича ўзаро ҳамкорлик ва тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.  

Даставвал бўлиб ўтган мулоқот чоғида бугунги кунда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар давлат сиёсатининг бош мақсадига айлангани, бу борада қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, соҳанинг барча йўналишларини комплекс ривожлантириш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилаётгани тўғрисида маълумот берилди. 

Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари томонидан хусусий тиббиёт муассасаларига қўшимча шарт-шароит ва имтиёзлар берилаётгани натижасида мамлакатимизда тиббиётнинг хусусий сектори ривожланиб бораётгани таъкидланди. Шунингдек, мулоқотда ходимлар малакасини ошириш, ўзаро тажриба алмашиш борасидаги ҳамкорлик масалаларига ҳам урғу берилди. 

Туркиялик профессор Бирол Мержаннинг таъкидлашича, ташрифда республикамиздаги 15 та ОТМ билан келишув ўрнатилган:

“Ташрифлар мобайнида тахминан 15 та университет билан шартномалар имзоладик. Мазкур шартномаларнинг кўпчилиги фақат қоғозда қолмаслиги, буларни амалиётга айлантириш учун бу сафар деканларни ҳам олиб келдим. Деканлар бир-бири билан гаплашиб, режалаштирилаётган масалалар бўйича Ўзбекистондан Туркияга, Туркиядан Ўзбекистонга келишда яхши шароит яратишни хоҳлаймиз.

Туркиядаги каби бу ердаги талабаларнинг ҳам қизиқишлари жуда катта. Мен дарсларда қатнашмадим, лекин кирган ўқитувчиларимиз талабалардан ҳам, таълим сифатидан ҳам жуда мамнун.

Биз бир тарихга эгамиз. Мен ҳар доим бу ерлар XI-XII асрларда дунё маданиятини шакллантиришда жуда муҳимлигини айтиб ўтганман. Бу ҳали ҳам давом этяпти. Бунинг давомийлигини таъминлаш бизнинг амалдаги ишларимизга боғлиқ. Биз биргаликда илмий инфратузилмаларни янгиланадиган инновацияга айлантиришимиз, фақат дарслар эмас, дарсларнинг амалий даражасини ҳам оширишимиз керак”, - деди профессор.

Университетнинг расмий сайти ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари:

Web-page: www.kiut.uz 

Telegram: t.me/kiut_official

Facebook: facebook.com/kiut.uz

Instagram: instagram.com/kiut.uz_rasmiy_kanal

Реклама

Мавзуга оид