Спорт | 21:35 / 05.12.2023
57315
3 дақиқада ўқилади

Роналду Ўзбекистонга келиши мумкин. ОЧЛ 1/8 финал саватчалари маълум

Осиё Чемпионлар лигаси Ғарб минтақасида 6-тур ўйинлари якунига етиб, 1/8 финалга йўлланма олган барча жамоалар номи маълум бўлди.

Унга кўра, минтақамиздан 8 жамоа – «Ал-Айн», «Ал-Иттиҳод», «Ал-Ҳилол», «Ан-Наср», «Насаф», «Навбаҳор», «Сипоҳон» ва «Ал-Файҳа» кейинги босқичга йўлланма олди.

ОЧЛ регламентига биноан, 28 декабр куни ўтказиладиган қуръа ташлаш маросимидан олдин 8 жамоа иккита саватчага ажратилади. 1-саватчадан 5та гуруҳдаги 4та энг яхши натижага эга 1-ўринлар жой олса, 2-саватчадан энг ёмон натижа қайд этган гуруҳ пешқадами ва 2-ўрин билан чиққан 3 жамоа жой олади. Қарши клуби гуруҳ пешқадамлари орасида энг кам очко тўплагани сабабли, 2-саватчадан жой олди.

Бир жиҳатдан Қарши клубининг нимчоракфиналда гуруҳ ғолибига қарши тўқнаш келиши Рўзиқул Бердиевни хурсанд қилмаслиги мумкин, аммо рақиб Криштиану Роналду етакчилигидаги «Ан-Наср» бўлиши эҳтимоли ўзбекистонлик мухлисларни хурсанд этмай қолмайди.

Турнирнинг 1/8 финал босқичида бир гуруҳдан чиққан икки жамоа ўзаро майдонга тушмаслигини инобатга олсак, «Навбаҳор» қуръада 1-саватчадаги гуруҳдоши «Ал-Ҳилол»га тўқнаш келмайди. Шу боис, «Ан-Наср»нинг Қарши клубидан кўра, Наманган жамоасига рақиб бўлиш эҳтимоли кўпроқ. Ҳар қандай ҳолатда ҳам Роналду, Бензема ёки Неймар фаолият юритаётган Саудия Арабистони клубларидан бири 1/8 финалда Ўзбекистонга келиши аниқ.  

ОЧЛ. 1/8 финал қуръа саватчалари:

1-саватча:

«Ал-Ҳилол» (Саудия Арабистони)

«Ал-Айн» (БАА)

«Ан-Наср» (Саудия Арабистони)

«Ал-Иттиҳод» (Саудия Арабистони)

2-саватча:

«Насаф» (Ўзбекистон)

«Навбаҳор» (Ўзбекистон)

«Сипоҳон» (Эрон)

«Ал-Файҳа» (Саудия Арабистони).

Маълумот учун, ОЧЛ нимчоракфинал дастлабки баҳслари 12-13 феврал кунлари 2-саватчадаги жамоалар майдонида, жавоб учрашувлари эса бир ҳафтадан кейин – 19-20 феврал кунлари 1-саватчадаги жамоалар уй стадионида бўлиб ўтади.

Мавзуга оид