Ўзбекистон | 18:50 / 06.12.2023
8766
5 дақиқада ўқилади

Тарихда биринчи марта Конституциявий суд ахбороти очиқ мажлисда эшитилди 

Мамлакатдаги конституциявий қонунийлик ҳолати тўғрисидаги ахборот кўриб чиқилди. Конституциявий суд айрим жиноий ва маъмурий жазо чораларини қайта кўриб чиқишга, судяларнинг халқ депутатлари Кенгашлари олдида ахборот бериш амалиётини бекор қилишга, фирибгарлик бўйича жазони енгилроғи билан алмаштиришда жабрланувчиларга етказилган зарарнинг ўрни қопланиши учун шарт-шароитлар яратишга чақирди. 

Фото: Конституциявий суд

5 декабр куни Ўзбекистон Конституциявий судининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис палаталари, ҳукумат, Олий суд, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, нодавлат нотижорат ташкилотлари, таълим ва илмий ташкилотлар вакиллари ҳамда Конституциявий суд Илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари қатнашди. 

Таъкидланишича, Конституциявий суд ахбороти мамлакат тарихида биринчи марта очиқ мажлисда кўриб чиқилди. 

Мажлисда Конституция ва «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Конституциявий қонунга мувофиқ Конституциявий суднинг мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисидаги ахбороти кўриб чиқилди. 

Конституциявий суд аҳоли мурожаатларида кўтарилган конституциявий ҳуқуқларни таъминлаш билан боғлиқ қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратди: 

  • бола ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари кузатилаётганини инобатга олиб, болаларни турли кўринишдаги зўравонликлардан ҳимоя қилиш, бу борада ота-оналар, таълим муассасалари, бошқа мутасадди идоралар масъулиятини ошириш, тегишли қонунчилик ҳужжатларини янада такомиллаштириш мақсадга мувофиқ; 
  • мулк ҳуқуқи кафолатларига риоя этмаслик ҳолатлари сезиларли камайган бўлса-да, ҳали бу соҳада муаммолар сақланиб қолаётганини инобатга олиб, маҳаллий давлат ҳокимиятининг ушбу масалаларда ҳуқуқий маданиятини ошириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг мулқ ҳуқуқи бузилиши ҳолатига мутлақо тоқатсиз муносабатини шакллантириш, бу борада профилактик чораларни кучайтириш зарур; 
  • баъзи ҳудудларда тадбиркор ўз маҳсулотини вилоят ҳудудидан эркин олиб чиқиб кетишда тўсқинликларга учраши ҳолатларини эътиборга олиб, барча масъуллардан товар ва хизматларнинг эркин ҳаракатланиши бўйича конституциявий кафолатларга сўзсиз риоя этиш талаб этилади. 

Мажлисда конституциявий ҳуқуқларга риоя этмаслик ҳолатлари ваколатли давлат органлари диққат-эътибори марказида бўлиши кераклиги, бу билан боғлиқ ҳар бир ҳолат зудлик билан ўрганилиши ҳамда бузилган ҳуқуқларни тиклаш бўйича зарур чоралар кўрилиши лозимлиги таъкидланди. 

Шу билан бирга Конституциявий суд конституциявий нормаларга риоя этмаслик бўйича тезкор чоралар кўриш билан чекланмасдан, уларни юзага келтирган сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича тизимли чораларни кўриб бориш зарурлигини ҳам қайд этди. 

Фуқаролар ва юридик шахсларнинг Конституциявий судга мурожаат қилиш институтини фуқаролар учун янада қулай қилиш, конституциявий одил судловга эришишни таъминлаш мақсадида фуқароларга малакали юридик ёрдам кўрсатиш масалалари бўйича қўшимча чоралар кўрилиши қайд этилди. 

Ҳуқуқий таъсир чораларини қўллашда мутаносиблик, етарлилик конституциявий принципларига риоя этишни таъминлаш мақсадида айрим жиноий ва маъмурий жазо чораларини, молиявий санкциялар, неустойка (пеня, жарима) ҳамда бошқа ҳуқуқий таъсир чораларини қайта кўриб чиқишни таклиф қилди. 

Конституциявий суд вилоят, туман (шаҳар) судьяларининг тегишли халқ депутатлари Кенгашлари олдида ахборот бериш амалиёти судьянинг мустақиллиги ва холислигига раҳна солиши мумкинлигини инобатга олиб, ваколатли давлат органларини ушбу тартибни бекор қилишга чақирди. 

Аҳоли таклифларидан келиб чиқиб, алоҳида жиноятлар, биринчи навбатда фирибгарлик бўйича жазони енгилроғи билан алмаштиришда судланувчи томонидан жабрланувчига етказилган зарар қопланилганини инобатга олиш талабини киритиш орқали жабрланувчиларга етказилган зарарнинг ўрни қопланиши учун шарт-шароитлар яратиш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди. 

Конституциявий суд муҳокама қилинган масалани ҳар томонлама ўрганиб чиқиб, мутахассис ва экспертларнинг фикр-мулоҳазаларини ҳисобга олиб, мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборотни тасдиқлаш ҳамда уни Конституция талаблари асосида Олий Мажлис палаталари ва Ўзбекистон Республикаси президентига юбориш ҳақида қарор қабул қилди.

Конституциявий суднинг мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисидаги ахборот тасдиқланган.

«Конституциявий суд дунёвий давлат конституциявий принципининг белгиланиши фуқароларнинг виждон эркинлигини тўлақонли таъминлаши учун хизмат қилишини қайд этади ҳамда ушбу принципнинг мазмун-моҳиятини очиб беришга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишларини кенгайтиришни тавсия этади, шунингдек, дунёвий давлатни ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилишини қўллаб-қувватлайди ҳамда уни умуммиллий қадрият сифатида қонун даражасида қабул қилиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайди», дейилади Конституциявий суд қарорида.

Эслатиб ўтамиз, Конституцияда Ўзбекистон — бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат сифатида белгиланган. Ушбу норма қоидалари қайта кўриб чиқилиши мумкин эмас.

Мавзуга оид