Жамият | 22:37 / 11.12.2023
25205
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда содир бўлган иккита ЙТҲда 4 киши ҳалок бўлди

Ҳар икки ҳодиса ҳам Жарқўрғон туманида содир бўлган. Бирида ҳайдовчи қарама-қарши йўналишга чиқиб кетган. Иккинчи ҳодисада «Матиз» йўл четида кетаётган 18 ва 10 ёшли ака-сингилни босиб кетиши оқибатида улар вафот этган.

Фото: Видеодан кадр

Ноябр ойида Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида содир бўлган иккита йўл-транспорт ҳодисасида тўрт киши ҳаётдан кўз юмган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Биринчи ҳодиса. 2023 йил 19 ноябр куни Жарқўрғон тумани Оқтепа маҳалласида 28 ёшли ҳайдовчи «Матиз» машинаси билан йўл четида кетаётган ака-сингилни уриб юборган.

Оқибатда 18 ёшли ака ва 10 ёшли сингил оғир тан жароҳатлари олиб, ҳалок бўлган

Иккинчи ҳодиса. 2023 йил 30 ноябр куни Жарқўрғон туманининг Оби ҳаёт маҳалласи ҳудудидан ўтувчи йўлда содир бўлган.

Термиз-Жарқўрғон йўналишида келаётган «Жентра» ҳайдовчиси эҳтиётсизлик қилиб, рўпарадан келаётган «Кобалт»нинг йўлига чиқиб кетган ва у билан тўқнашган.

Оқибатда «Жентра» ҳайдовчиси ва ва унинг ёнида кетаётган тенқури ҳалок бўлган.

Қайд этилишича, ҳар икки ҳодиса содир бўлган маҳаллаларда тарғибот тадбирлари ўтказилган. Уларда аянчли ЙТҲлар содир бўлмаслиги учун ҳайдовчилар ва фуқаролар йўл-ҳаракати қоидаларига риоя қилишлари лозимлиги уқтирилган.

Мавзуга оид