Молдова Днестрбўйи яқинида ҳарбий машғулотлар ўтказмоқда
Украина билан чегарадош давлатнинг Европа Иттифоқига қўшилишга интилаётган ҳукумати тан олинмаган республикага яқин жойда ҳарбий манёврлар ўтказишини эълон қилди. Улар 22 декабрга қадар давом этади.
Молдова Республикаси ҳарбийлари Россия қўшинлари назорати остидаги тан олинмаган Днестрбўйи яқинида манёврлар бошлади. Мамлакат Мудофаа вазирлиги машғулотлар режасини 16 декабр куни маълум қилди. «17-22 декабр кунлари 22-тинчликпарвар баталони ҳарбий хизматчилари Булбоака ўқув марказида машғулотларни ўтказади. Шу муносабат билан ушбу даврда ҳарбий техникалар йўллар бўйлаб ҳаракатланади», - дейилади Мудофаа вазирлигининг Facebook саҳифасида.
ОАВ хабарларига кўра, ўтган ҳафта ЕИ Молдова миллий армиясига тиббий ва ҳимоя воситалари, ерусти транспорт воситалари, мина детекторлари, дронлар ва электр генераторларини топширди. Кремл аввалроқ мамлакат ғарбпараст раҳбариятини Россия Федерацияси иштирокида ажралиб чиққан Днестрбўйини куч билан қайтариб олишга уринишлардан тийилиш ҳақида огоҳлантирган эди.
ЕИ ва НАТОга аъзо бўлган Руминия билан қўшни ҳудудда жойлашган Молдова ҳукумати Украинадаги уруш туфайли Москвадан таҳдидларни кўрмоқда, деб таъкидлайди dpa агентлиги. Унга кўра, россиялик жангчиларнинг мамлакатга кириб келиши олдини олиш мақсадида пойтахт Кишинёв халқаро аэропортида қаттиқ хавфсизлик чоралари жорий этилган.
Мамлакат мудофаа харажатларини оширди
15 декабр куни Молдова парламенти ўн икки йил ичида биринчи марта мудофаа харажатларини оширишни назарда тутувчи миллий хавфсизлик стратегиясини қабул қилди. Президент Майя Санду шанба куни бу стратегия мамлакат хавфсизлиги ва барқарорлигини мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам эканини айтди.
«Бугун биз миллий хавфсизликка иккита асосий таҳдид билан курашмоқдамиз: Россия Федерациясининг мамлакатимизга қарши сиёсати ва Молдовада чуқур илдиз отган коррупция», - деди у. Бундан ташқари, республика раҳбари таъкидлашича, ушбу стратегия мамлакатнинг Европа интеграцияси жараёнига ҳам ёрдам беради.
14-15 декабр кунлари бўлиб ўтган ЕИ саммитида ЕИга аъзо давлатлар раҳбарлари Молдова ва Украина билан уларнинг ЕИга кириши масаласи бўйича музокараларни бошлашга қарор қилди.
Мавзуга оид
20:50 / 14.12.2024
Молдова Роман Абрамовични сайловларга аралашишда айблади
10:00 / 13.12.2024
Молдова Россия гази туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилди
13:49 / 18.11.2024
Молдовадаги сайловлар: КС шикоятлар туфайли натижаларни ҳали тасдиқламади
00:09 / 13.11.2024