Ўзбекистон | 07:35 / 19.12.2023
26507
1 дақиқада ўқилади

Ангренда ЙПХ инспектори ҳайдовчига нисбатан электрошокер ишлатди 

Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида инспектор ҳайдовчига нисбатан электрошокер ишлатди. Вилоят ИИББ ҳолат юзасидан расмий маълумот берди.

Фото: Видеодан кадр

Воқеа кеча, 18 декабр соат 12:00 ларда Ангрен шаҳри ҳудудида содир бўлган. Шу куни хизматга жалб қилинган ЙПХ инспектори томонидан ҳайдовчи 1988 йилда туғилган С.Х. бошқарувидаги Nexia-2 автомашинаси қоида бузгани учун тўхтатилган.

Инспектор томонидан ҳайдовчига тушунтириш берилиб, тегишли ҳужжатларни тақдим этиши сўралганида, ҳайдовчи ҳужжат беришдан бош тортиб, воқеа жойидан кетиб қолган. Шундан сўнг шаҳар деҳқон бозори ҳудудида иккинчи марта тўхтатилган фуқаро огоҳлантирилиб, қонуний талабга бўйсуниши сўралганида, у ЙПХ инспекторини турли сўзлар билан ҳақоратлаб, қаршилик кўрсатишда давом этган.

Натижада инспектор “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонунга асосан, электрошокер қўллаган. 

Ҳозирда воқеа иштирокчиларининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида қўшимча ўрганиш ишлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид