Ўзбекистон | 19:06 / 27.12.2023
18177
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев 6 та «яшил» электр станциясини ишга туширди 

Давлат раҳбари хорижий ҳамкорлар билан биргаликда янги энергетика қувватларини ишга тушириш ва тармоққа улаш жараёнига старт берди. 

Президент Шавкат Мирзиёев 27 декабр куни олтита ҳудудда 5 та қуёш ва 1 та шамол электр станциясини ишга тушириш ва тармоққа улашга бағишланган тантанали маросимда иштирок этди. 

Жумладан, Қашқадарёнинг Нишон тумани, Бухоронинг Қоровулбозор тумани, Сурхондарёнинг Шеробод тумани, Жиззахнинг Ғаллаорол тумани, Самарқанднинг Каттақўрғон туманида қуёш электр станцияси, Навойининг Томди туманида шамол электр станцияси ишга туширилди. 

Тадбирда ушбу лойиҳаларнинг ҳамкорлари бўлган «Masdar» компанияси бош ижрочи директори Муҳаммад Жамол Ар-Ромаҳий, «China Energy Engineering Corporation» компанияси вице-президенти Ву Юн, «China Energy International Group» компанияси бошқаруви раиси Лю Цзэсян, «China Gezhouba Group» компанияси бошқаруви раиси Лин Сяодан, «SEPCO III», «Dongfang Electric Corporation» ва бошқа компаниялар раҳбарлари иштирок этди. 

Давлат раҳбари хорижий ҳамкорлар билан биргаликда янги энергетика қувватларини ишга тушириш ва тармоққа улаш жараёнига старт берди. 

Қайд қилинишича, умумий қиймати 2 миллиард долларлик ушбу станциялар тўлиқ ишга тушса, икки миллионта хонадон узлуксиз электр энергияси билан таъминланади, 2 миллиард куб метр табиий газни тежаш ҳамда саноат ва хизматлар соҳасида 4 миллиард долларлик қўшилган қиймат яратиш имконияти пайдо бўлади. 

«Биз бугун амалга ошираётган улкан ишлар энергетика тармоғидаги ислоҳотларнинг навбатдаги қадамидир. Бу чора-тадбирларни тизимли давом эттириб, рақобатли бозор механизмларига босқичма-босқич ўтамиз. Ҳозир юртимизда 9 гигаваттли 22 та қуёш ва шамол электр станциясини қуриш лойиҳалари устида ишлаяпмиз. Хорижий компаниялар билан сермаҳсул ҳамкорлигимизни тобора кенгайтириб борамиз», деди Шавкат Мирзиёев. 

Давлат раҳбарининг қайд қилишича, келгуси беш йилда жами 70 минг километр паст кучланишли электр тармоқлари, 22 минг дона трансформатор, 100 дан ортиқ подстанциялар тўлиқ янгиланади. Шунингдек, 10 минг километр юқори кучланишли янги магистрал тармоқлар барпо этилади. 

Таъкидланишича, 2030 йилгача «яшил» энергетика манбаларини 27 гигаваттга етказиш режалаштирилган. Бу ҳар йили 25 миллиард куб метр табиий газни иқтисод қилиш, атмосферага зарарли ташланмаларни 34 миллион тоннага қисқартиришга имкон беради.

Мавзуга оид