Жаҳон | 00:48 / 28.12.2023
9076
2 дақиқада ўқилади

Полша давлат оммавий ахборот воситалари тугатилганини эълон қилди

Мамлакатда давлат радиоси, канали ва ахборот агентлиги бюджетдан молиялаштирилмайди ва тугатилади.

Фото: Polsat News

Полша маданият вазири Бартоломей Сенкевич давлат телерадио ва ахборот агентлигини тугатиш тўғрисидаги қарорни эълон қилди. Бу ҳақда Polsat News хабар берди.

«Мен «Полша телевидениеси», «Полша радиоси» ва «Полша матбуот агентлиги»ни тугатишга қарор қилдим», деди вазир.

Сенкевич сўзларига кўра, бунга президент Анжей Дуданинг давлат оммавий ахборот воситаларини молиялаштиришни тўхтатиш ҳақидаги қарори сабаб бўлган.

Вазирнинг аниқлик киритишича, ҳозирги вазиятда давлат оммавий ахборот воситаларининг тугатилиши компанияларнинг келгусида узлуксиз ишлашини таъминлайди, бироқ ҳозир биринчи навбатда уларни «қайта тузиш ва ходимларни ишдан бўшатилишининг олдини олиш» зарур.

Аввалроқ, Полша президенти Анжей Дуда 2024 йилга мўлжалланган ҳукумат харажатлари режасини Полша Сеймига тақдим этган эди. Унда «Полша телевидениеси» эҳтиёжлари учун 3 миллиард злотий (тахминан 750 миллион доллар) ажратилиши блокланган.

Бундан олдин Полша раҳбари давлат оммавий ахборот воситаларини барча зарур маблағ билан таъминлайдиган қонунга вето қўйди.

Шунингдек, 20 декабр куни Сиенкевич Полша телевидениеси, радиоси ва матбуот агентлиги бошқаруви раҳбарларини ишдан бўшатди. Давлат оммавий ахборот воситаларида ўзгаришлар қилиш қарори Полшанинг бирлашган мухолифати сайловларда ғалаба қозонгани билан боғлиқ.

Мавзуга оид