Жаҳон | 15:48 / 29.12.2023
8444
4 дақиқада ўқилади

AP: Каховка ГЭСдаги тўғон бузилиши қурбонлари сони яширилган

Херсон вилоятида Каховка гидроэлектр станциясида тўғон бузилганидан кейин юзлаб одамлар сув тошқини туфайли ҳалок бўлган бўлиши мумкин.

Фото: AP

Херсон вилоятининг Россия назоратидаги қисми маъмурияти 2023 йил июн ойида Каховка ГЭСда тўғон бузилиши оқибатида юзага келган сув тошқини қурбонларининг ҳақиқий сонини яширган. Бу ҳақда 28 декабр, пайшанба куни AP агентлиги ҳалок бўлганларнинг ҳисобини олиб борган уч тиббиёт ходими, маҳаллий аҳолини дафн қилган кўнгилли, шунингдек, Украина разведкаси билан ҳамкорлик қилган икки украиналик билан суҳбатга асосланган материалда маълум қилди.

Россия қўшинлари томонидан эгаллаб олинган ҳудуддаги энг йирик аҳоли пунктларидан бири - Олешки шаҳридаги касалхона ходимлари айтишича, ҳокимият вакиллари кўчаларни тозалаш учун масъул бўлган маҳаллий ташкилотга сув тошқини ва ҳалок бўлганлар жасадларини йиғишни, уларни оммавий қабрларга дафн қилишни буюрган. Тиббиёт ходимларига кўра, биргина Олешкида бир нечта шундай қабрлар қазилган, уларда ўнлаб жасадлар кўмилган.

Фалокатдан кўп ўтмай, Олешки маъмурияти тарк этди ва сув сатҳи пасайишни бошлаганда, бир неча кундан кейин қайтиб келди. Қайтиб келгач, ҳокимият вакиллари шифокорларга тошқин қурбонлари учун ўлим гувоҳномасини беришни тақиқлади ва қурбонларнинг жасадлари қоидаларни четлаб ўтиб, Херсон вилояти эгаллаб олинган ҳудудидаги бошқа аҳоли пунктларига экспертиза учун олиб кетила бошланди.

Каховка ГЭСдаги тўғон бузилганидан кейин 59 киши ҳалок бўлгани эълон қилинди

Ҳалок бўлганлардан баъзиларининг қариндошлари йўқ бўлмаган, шунинг учун уларни дафн этиш ҳокимият томонидан амалга оширилиши керак эди. Бироқ, бу жасадлар шунчаки «ғойиб бўлди», деди агентлик суҳбатлашган тиббиёт ходимлари. Россия кучлари жасадларни ўзи кўммоқчи бўлганларга ҳам таҳдид қилди, дейди Олешкидаги кўнгилли AP'га.

AP суҳбатдошларига кўра, биргина Олешки шаҳрида 200 нафардан 300 нафаргача аҳоли сув тошқини туфайли ҳалок бўлган бўлиши мумкин. Шу билан бирга, Херсон вилоятининг эгаллаб олинган қисмида Россия томонидан тайинланган губернатор Владимир Салдо бутун минтақада фалокат оқибатида 59 киши ҳалок бўлганини маълум қилди.

Украина назоратидаги ҳудудларда тўғон бузилиши оқибатида 31 киши ҳалок бўлди, деди мамлакат ички ишлар вазири Игор Клименко. Қолаверса, уларнинг баъзилари воқеага қарамай минтақада тўхтамаган ўққа тутиш оқибатида ҳаётдан кўз юмган. Фалокат зонасига кетаётган ижтимоий ва фавқулодда вазиятлар ходимларига ҳужумлар Киев томонидан Россиянинг Украинага қарши уруши бошланганидан бери бир неча бор қайд этилган.

Европарламент Каховка ГЭСдаги тўғон бузилишини теракт деб атади

Европа Иттифоқи парламенти 15 июнда қабул қилган резолюцияда Каховка ГЭС «2023 йил 6 июн куни террорчилик ҳаракати пайтида атайлаб вайрон қилинган» дейилади. Европарламент депутатлари воқеада Россияни айблаб, тўғоннинг вайрон бўлиши «Украинада кенг кўламли сув тошқини, экологик фалокат ва экоцидга олиб келганини» таъкидлади.

Херсон вилоятининг эгаллаб олинган қисми ҳокимияти фақат ноябр ойида сув тошқинидан жабр кўрган ҳудудда жорий этилган фавқулодда ҳолат бекор қилинганини билдирди. Шу билан бирга, БМТ миссиясига сув босган ҳудудларга киришга рухсат берилмади, расмийлар офатнинг ўзини «тошқин» деб атади.

Мавзуга оид