Ўзбекистон | 19:43 / 29.12.2023
9211
17 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ташқи сиёсатда 2023 йилни қандай ўтказди?

Kun.uz суҳбатлашган сиёсий таҳлилчиларга кўра, ортда қолаётган йилда Ўзбекистон ташқи сиёсатда Туркий давлатлар (айниқса Озарбойжон), Яқин Шарқ (айниқса Қатар ва Эрон) векторларини анча мустаҳкамлаб олди. Марказий Осиёнинг глобал майдонда аввалгидек пароканда эмас, яхлит минтақа бўлиб ҳаракат қилишга интилиши яққол кўзга ташлана бошлади.

Йил якунланар экан, барча соҳаларда сарҳисоблар қилинади, олдиндаги вазифалар белгиланади. Ташқи сиёсат соҳаси ҳам бундан мустасно эмас.

Хўш, халқаро саҳнанинг тобора қизиб бориши билан ўтган 2023 йил Ўзбекистон ва Марказий Осиё учун қандай ўтди, бу йил қайси ташқи сиёсий векторларни кучайтиришга эриша олдиг-у, қандай чақириқлар янгради?

Kun.uz'нинг “Геосиёсат” рукни бу борада сиёсий таҳлилчилар Улуғбек Ҳасанов, Наргиза Умарова ва Камолиддин Раббимов билан суҳбатлашди.

— Ўтаётган йил Ўзбекистон ташқи сиёсати учун қандай кечди?

Улуғбек Ҳасанов: — Якунланаётган йилда Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсатда дастурий ғояларни ва давлат раҳбари кўтарган ташаббусларнинг аксариятини амалга оширди. Кўтарилаётган ташаббуслар халқаро майдонда ўз аксини топмоқда ҳам.

17-18 май кунлари Сианда бўлиб ўтган Марказий Осиё ва Хитой саммитини оладиган бўлсак, Сиан декларациясида республикамиз ва Марказий Осиё давлатлари кўтарган ғоялар асосий ўрин тутади. Халқаро ҳамжамият томонидан ҳам кучли ёндашув сифатида қабул қилинди, мамлакатимиз ташқи сиёсатидаги салмоқли нуқта бўлди.

Сентябр ойидаги Марказий Осиё ва АҚШ саммити ҳам юқори даражада бўлди. Давлат раҳбаримизнинг БМТдаги чиқишлари, Европа билан ҳамкорлик, Жанубий Осиё билан муносабатларда ривожланиш давомийлиги… Республикамиз кўтараётган масалалар нафақат Марказий Осиё, балки халқаро ҳамжамиятда ҳам муҳим ўринга эга бўляпти.

Наргиза Умарова: — Ўтган ва олдинги йилларда ҳам Ўзбекистон халқаро майдонда ўзини фаол ва масъулиятли ўйинчи сифатида намоён этди. Фаоллик президентимизнинг, вазирлик ва идораларимиз вакилларининг ташрифларида ва бошқа давлат расмийлари ташрифларида кўринади. Масъулиятлилик шундаки, Ўзбекистон ташқи сиёсатда биринчи ўринда Марказий Осиёни белгилайди. Шу нуқтайи назардан Ўзбекистон ташқи сиёсатда илгари сураётган ташаббуслар фақат ўзимиз учун эмас, балки Марказий Осиё ривожланиши учун ҳам муҳим ҳисобланади. Соҳаларга эътибор берсак, Ўзбекистон Марказий Осиёни барқарор ривожланаётган минтақа сифатида кўришни истаётганини кўрсатади.

Иккинчи муҳим йўналиш эса хавфсизлик масаласи. Дунёда мураккаб жараёнлар кетаётган бир пайтда минтақа хавфсизлигини таъминлаш муҳим устувор йўналиш экани таъкидланмоқда.

Учинчи муҳим соҳа – яшил энергетика. Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳар бир саммитда транспорт боғлиқлик, логистика масаласини кўтармоқда. Чунки бизнинг геосиёсий барқарорлигимиз учун муҳим босқич ҳисобланади. Транспорт боғлиқлигисиз на Ўзбекистон, на минтақа давлатлари иқтисодий тараққиётини таъминлай олади.

Камолиддин Раббимов: — 2023 йилда Ўзбекистон Туркий давлатлар ташкилоти билан боғлиқликни кучайтириш борасида сифат жиҳатдан янги бир даражага кўтарилди. Умуман, Ўзбекистоннинг 2023 йилдаги геосиёсий ва халқаро муносабатлардаги фаоллигини англаш, қиёслаб кўриш керак. Масалан, 2005-2016 йиллар оралиғида Ўзбекистон маълум бир изоляционизмга юз тутган эди.

Марказий Осиё учун тўртта геосиёсий вектор бор: шарқда Хитой, шимолда Россия, глобал жануб ва коллектив ғарб. Мана шу 4 та вектор бўйича ҳамкорлик сифат жиҳатдан янги даражага кўтарилди. Фақатгина Украина уруши сабабли Марказий Осиёда Россиянинг иштироки ва таъсири бироз пасайди. Мана шу нисбий бўшлиқни нисбатан Хитой ва глобал жануб давлатлари тўлдирди.

Туркия ва Ўзбекистон алоқалари шу йил юқори даражага чиқди; Франция президенти ташриф буюрди; ЕИдаги Германия, Италия, Франция, Венгрия билан алоқалар юқори даражага чиқяпти. ЕИнинг энг юқори мулозимлари кейинги пайтда Марказий Осиёга серқатнов бўлди. Буни геосиёсий контекстда тушунтириш мумкин. АҚШ ва Хитой ўртасидаги истиқболдаги стратегик тирашув борган сари кристаллашиб бормоқда, мана шу фонда геосиёсий кураш майдонларидан бири айнан Марказий Осиё. Марказий Осиёдаги энг муҳим давлат эса Ўзбекистон.

— Қайси ташқи сиёсий векторларни кучайтиришга эриша олдиг-у, қайсиларига етарли эътибор берилмади?

Улуғбек Ҳасанов: — Марказий Осиё вектори давлатимиз учун муҳим. Бу вектор қайсидир маънода Ўзбекистон Республикаси бўйнидаги катта бир юк. Ўзбекистон – барча Марказий Осиё давлатларини бир-бири билан боғлаб турувчи конструктив куч, барча Марказий Осиё давлатлари билан умумий чегараларга эга ягона давлат. Биз бу чегаралардан трансчегаравий транспорт боғлиқлик, ишлаб чиқариш кластерлари орқали фойдалансак бўлади, давлатимиз раҳбарияти ҳам шу масалани кўп кўтаради. Кластер лойиҳалар давлатлар ўртасидаги боғлиқликни оширади. Бу нарса минтақадаги конструктив боғлиқликни ошириб, халқаро майдонда яхлит минтақа сифатида кўрсатади.

Яна бир вектор – Яқин Шарқ минтақаси. Илгари бу минтақага катта эътибор қаратмаганмиз, аммо бу йил ушбу минтақа бўйича қатъий позиция билдиряпмиз. Бу нарса халқаро ҳамжамият томонидан ҳам яхши қабул қилиняпти. Абу Дабидаги катта тадқиқот маркази ўз ҳисоботида Яқин Шарқ ва Марказий Осиё минтақаларини боғлаб турувчи куч сифатида Ўзбекистонни эътироф этган.

— Транспорт логистика бўйича йил давомида илгари сурилган лойиҳаларнинг қайсилари биз учун муҳимроқ? Қайси лойиҳалар устувор қўйилиб, қай бирларига етарлича эътибор берилмади?

Наргиза Умарова: — Бу саволга тўғридан тўғри жавоб беришдан олдин векторларга тўхталмоқчиман. Ростдан ҳам биз учун Яқин Шарқ вектори муҳимлашиб бормоқда, бу йил бу нарса яққол кўринди. Яқин Шарқдаги асосий ўйинчилардан бири Эрон ҳисобланади, бу давлат билан муносабатларимиз 2018 йилдан бошлаб янада яқинлашди, бу минтақамиз учун ҳам ижобий ҳолат бўлди. Эроннинг Ўзбекистонга иқтисодий қизиқиши юқори. Шунингдек, транспорт боғлиқликни таъминлаш борасида ҳам шундай.

Форс кўрфази давлатлари ҳам муҳим шу ўринда. Бу йил Ўзбекистон ва Қатар муносабатлари йили бўлди. Камида 3 та юқори даражадаги учрашувлар бўлди, бизнес форумлар ҳам ўтказилди.

Бир томондан Жанубий Кавказ минтақаси ҳам муҳим ўрин тутади. У ердаги энг катта ўйинчи Озарбойжон. Менимча, бу йил Туркиядан ҳам кўра Озарбойжон билан алоқалар интенсив бўлди.

Транспорт логистика масаласига тўхталсак. Ўзбекистон учун энг муҳим транспорт коридори Трансафғон темирйўли ҳисобланади. Ҳали кўп муаммолар сақланиб турибди, йил якунлаётган бўлса хам, муаммолар ечимини топгани йўқ. Қатар ҳам бу лойиҳага қизиқиш билдиряпти, бу темирйўл қурилишини қўллаб-қувватлашини билдиришди, менимча, бу – ижобий сигнал.

Иккинчиси эса Транскаспий юк ташувларини фаоллаштириш масаласи. Ўтган йили Украина уруши фонида шимолий коридорлар нофаол ҳолатга келди. Шу сабабли Хитойдан Европага товарлар Транскаспий коридор орқали ўта бошлади, бу вазиятда Ўзбекистон ва Қирғизистон муҳим имкониятга эга бўлди. Шу сабабли бу коридорда иштирок этаётган давлатлар билан муносабатларни янада мустаҳкамлашга ҳаракат қилдик.

Ўзбекистон нафақат икки томонлама муносабатларда, балки кўп томонлама муносабатларда ҳам фаол бўлди. Масалан, Туркий давлатлар ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти доираларида ҳам транспорт коридорларини яратиш имконига эга бўляпмиз. Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти доирасида Эрон билан муҳим келишувга эришилди: Европа йўналишига Эрон ва Жанубий Кавказ орқали алоҳида транспорт коридорларини яратиш бўйича келишув бўлди.

Транспорт логистика борасида Эрон билан алоқалар юқори даражада, ижобий ҳолат бу. Эрон транзитидан унумли фойдаланишга ҳам эришяпмиз, бу ҳам муҳим ютуқ ҳисобланади.

— Камолиддин ака, минтақамиз ва Ўзбекистон ташқи сиёсатига геосиёсий призмадан қарасак.

Камолиддин Раббимов: — Йилнинг биринчи ярмида президент Мирзиёев қудратли давлатлар Ўзбекистон ким томонда бўлади, деган савол қўйяпти, деб айтган эди. 2016 йилгача Ўзбекистон дихотомик ташқи сиёсат олиб борди. Агар Москвага яқинлашса, унинг оппонентларидан автоматик равишда масофа сақлар эди. Вашингтонга яқин бўлганда ҳам шундай бўларди.

Бугунги кунда Ўзбекистоннинг геосиёсий концепцияси Марказий Осиё минтақасига ҳам ёйилди. 2016 йилгача Марказий Осиёда геосиёсий бўлиниш бор эди, кимдир Москвага яқин бўлса, кимдир Ғарбга мойил эди. Бугун эса Марказий Осиё кўп векторли сиёсат олиб боряпти. Умуман, 5 та республика бир-бирига қарама-қарши позицияда эмас. АҚШ, коллектив Ғарб, Хитой, Россия ва глобал Жанубга нисбатан бир сиёсат олиб бормоқда. Дунёдаги конфликтлар фонида ҳам Марказий Осиё ўзининг нейтраллигини сақлай оляпти. Бу эса муҳим ютуқлардан бири.

Улуғбек Ҳасанов: — Юқоридаги фикрларга тўла қўшиламан. Охирги 5 йилликда Марказий Осиё минтақаси халқаро муносабатларда якдил бир қатнашчи сифатида шаклланяпти.

Марказий Осиёда жуда катта логистик транзит куч бор. Илгари Марказий Осиё узилиб қолган минтақа сифатида эътироф этиларди, аммо сўнгги йилларда қарашлар парчаланиб, йирик транзит потенциалига эга минтақа сифатида намоён бўлмоқда. Узоқ Шарқ, Европа, Ўрта ер иқтисодиётларини боғлаб турувчи энг катта логистик минтақа бўлиб қолмоқда. Сиан саммитида ҳам Хитой томони Марказий Осиё орқали Транскаспий коридорига чиқиб, Озарбойжондаги Зангезур коридори орқали Европага чиқиш ғоясини илгари сурди.

Хитойнинг ЕИ билан товар айланмаси миқдори 900 млрд доллардан ошиқ. Шимолий коридорлар ёпилгани сабаб 31 кунлик йўл – Малакка бўғози орқали Европага юк ташияпти. Транспорт харажатлари эса 8-10 фоизни ташкил этяпти, бу дегани 100 млрд долларга яқин бўлади. Шунинг учун ҳам Марказий Осиё транзити муҳим ҳисобланади Хитой учун. Харажатларни қисқартиришдан ташқари, Марказий Осиёдан ўтувчи темирйўллар энг хавфсиз йўллардан бири ҳамдир. Бундан ташқари, Ҳиндистон ва Покистон темирйўлларининг ташиш тезлиги 45-50 км/с бўлса, Марказий Осиё темирйўллариники 75 км/с тезликни ташкил этади. Булар ҳам муҳим хусусиятлардан.

Наргиза Умарова: — На Ўзбекистон, на бошқа Марказий Осиё давлатлари ҳозирча йирик сиёсий амбицияларни илгари суролмайди, бу нарса вазифа ҳам қилингани йўқ. Шунинг учун Ўзбекистоннинг иқтисодий имкониятларини ошириш йўлидан боряпти, мен шундай кўряпман. Транспорт логистика бўйича фаоллик ҳам шу позициядан келиб чиқяпти.

Ростдан ҳам Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон транспорт логистика учун ёпиқ деган қарашлар эскирди, биз бу жараённи енгиб бўлдик. Энди тўсиқларсиз коридорларни яратиш масаласини қўйиб, бунга эришяпмиз ҳам. Масалан, Эрон орқали катта имкониятларга эга бўляпмиз. Ўзбекистон Эрондаги Чобаҳор портига инвестиция ҳам киритяпти. Бу портдан фойдаланувчи асосий учинчи давлат сифатида Ўзбекистон кириб борди, яъни Ҳиндистон, Эрон ва Ўзбекистон энди бу портдан фойдаланади ва ўз объектларини қуради.

Транскаспий коридорида фойдаланиладиган Боку портига ҳам инвестиция киритяпмиз. Ҳатто флот тузиш ҳам режалаштириляпти, бу бўйича Озарбойжон билан келишувга эришилди. Қозоғистон ва Туркманистон билан ҳамкорлик қилмоқчимиз. Умуман, транспорт логистика борасида Ўзбекистон ўта фаол позицияга эга.

Зангезур коридори очилиши тарафдори бўлаётган давлатлардан бири ҳам Ўзбекистондир. Бу коридор очилишидан Хитой ҳам, бироз қаршилик билдираётган Эрон ҳам манфаат кўради. Транспорт логистикасида кўпчилик ҳавас қиладиган позицияга эришиб турибмиз. Агар режалаштирилаётган лойиҳалар охирига етса, Ўзбекистон транспорт логистика ҲАБига айланиши мумкин. Биз ҳали очилмаган транспорт логистика потенциалига эга бўлган Афғонистон билан ҳам қўшнимиз, бу давлатга чиқиш учун Ўзбекистончалик потенциалга эга давлат йўқ.

— Янги йилга Ўзбекистон ва минтақа давлатлари қандай чақириқлар билан кириб келяпти?

Улуғбек Ҳасанов: — Давлатимиз томонидан кўтарилаётган тизимли ташаббуслар давлатимиз ва минтақамиз олдида турган чақириқларга қаратилган. Энг катта чақириқлардан бири – минтақадаги сув манбаларидан оқилона фойдаланиш бўляпти. Бутун Марказий Осиё сув хўжалигида кузатиладиган сув тақчиллигига ечим сифатида инновацион суғориш ва тақсимлаш тизимларини жорий қилиш масаласи қўйилмоқда. Умуман, 2030 йилгача бўлган дастурда ҳам бу масала асосий ўринларда туради.

Яшил энергетикани жорий қилиш масаласи ҳам турибди. Ташқи ҳамкорларимиз билан биргаликда бу соҳани ривожлантиришимиз керак бўлади.

Наргиза Умарова: — Хавфсизлик масаласи ҳам бор бу ерда. Умуман, ташқи дунёдаги кескинлашув фонида бу масала ўртага чиқади. Марказий Осиёнинг ўзидаги Афғонистон масаласи бор, доимгидек Афғонистон фактори хавфсизликка соя солувчи сифатида кўрилади. Ўзбекистон «Толибон» ҳукуматга келгач, ошкора равишда улар билан дипломатик бўлмаса-да, иқтисодий алоқаларни давом эттиряпти. Баъзилар буни ёқламаса-да, бизнинг позициямиз аниқ, буни Қозоғистон ҳам қўллаяпти. Лекин хавфсизлик нуқтаи назардан Афғонистондаги вазият ноаниқлигича, барқарор эмаслигича қолмоқда.

Ўзбекистон йирик ташкилотлар доирасида, хусусан, БМТда Афғонистонни ўз ҳолига ташлаб қўймаслик, ҳуманитар инқирозга йўл қўймасликка чақиради. Бу фақат чегарадош бўлганимиз учун эмас, биз Афғонистонни иқтисодий ривожланаётган давлат сифатида кўришни истаймиз. Чунки бу минтақа давлатлари ва жаҳон ҳамжамияти учун ҳам муҳим.

Давлатимиз суверентитетига таҳдид сифатида гапираётган баъзи сиёсатчилар ва кучлар ҳам йўқ эмас. Бугунги кунда суверентитетни мустаҳкамлаш, ички мобилликни ҳам кучайтириш муҳим. Дунёда кескинлашув кучайиб боради, шунинг учун биз тайёр туришимиз. Кейинги йил Марказий Осиё давлатлари учун ҳам, дунё давлатлари учун ҳам мураккаб бўлади.

Камолиддин Раббимов: — Коллектив ғарб билан Россия ва Хитойнинг муносабатлари ниҳоятда таранглашмоқда. Ўзбекистон – Марказий Осиё минтақасининг марказида жойлашган давлат. Келажакда коллектив ғарб, Россия ва Хитой муносабатлари янада таранглашади, бу эса Ўзбекистон ташқи сиёсати учун мураккаб вазифа қўяди. Бир томондан ҳар бир вектор билан ҳамкорликни кучайтириб бориш, қайсидир тарафга ўтишга мажбур бўлмаслик ва геосиёсий мустақилликни сақлаб қолиш. 2023 йилда Россия ва Украина уруши юқори даражага кўтарилди. Ўзбекистон ўз нейтраллигини сақлаб турди, аммо қадриятларга кўра, Украинанинг ҳудудий яхлитлиги ва мустақиллиги эътироф этилди.

Хитойдаги Сиан саммити, Ню-Йоркдаги учрашувлар бўлди. Барча қудратли давлатлар Марказий Осиёни ўз томонига оғдиришни истайди. Лекин Марказий Осиёнинг манфаати – бу давлатларнинг барчаси билан иқтисодий ва сиёсий ҳамкорлик қилиш ва улар ўртасидаги зиддиятларда иштирок этмасликдир. Бу мувозанатни сақлаш борган сари қийинлашиб боради, ҳозирча бу мувозанат маҳорат билан сақланяпти.

Минтақа интеграцияси масаласи ҳам бор. Ҳукуматга яқин бўлган бир эксперт бир фикр айтиб қолди. Агар Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳатлашув кенгашини бирор ташкилотга айлантирсак, Россия шу заҳоти бу ташкилотга кираман деб ариза беради ва қандай йўқ деб жавоб беришни билмай қоламиз. Шунинг учун маслаҳат кенгаши форматида ушлаб турибмиз, деган фикрни айтди. Ростдан ҳам шу пайтгача Марказий Осиёни бирлаштиришга қаратилган барча ташкилотларга Россия ариза берган ва ташкилотга кириб, уни трансформация қилган.

Наргиза Умарова: — Йирик давлатлар орбитасига тушиб қолмаслик жиддий масала ҳисобланади. Бунинг ҳам ўз механизмлари бор. Масалан, Евросиё иқтисодий иттифоқида Ўзбекистон кузатувчи мақомида турибди, лекин Россия сиёсий доиралари Ўзбекистон аъзо бўлиши керак деб ҳисоблайди, аъзо бўлиш эса Россия таъсир доирасига тушиб қолиш бўлади. Худди шундай Хитой томонидан ҳам бундай лойиҳалар бор, бундан кейин ҳам бўлади. Шунинг учун бундай лойиҳаларда иштирок этаётганда боғлиқлик, мойилликдан қочиш керак, суверенитетга дахл қилиш воситаси бўлиб қолмаслиги лозим.

Бу нарса нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё давлатлари учун ҳам бир муаммоли масала. Ҳар битта катта сиёсий куч ўзи учун мойил давлатларни қидиряпти ва мойилликни кучайтириш учун ҳар хил воситалар ишга солиняпти. Бу каби геосиёсий лойиҳалар ҳам шулардан бири.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид