Ўзбекистон | 20:28 / 03.01.2024
10201
3 дақиқада ўқилади

Маҳалла раисининг ваколат муддати узайтирилиши мумкин 

Шунингдек, «маҳалла еттилиги» таркибидаги лавозимларга тайинлашда ушбу маҳаллада яшовчи номзодларга устуворлик бериш режалаштирилмоқда. 

Ўзбекистонда маҳалла раисининг ваколат муддати 3 йилдан 5 йилгача узайтирилиши мумкин. Шу мақсадда «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳририни ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда «Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятини йўлга қўйиш ва маҳаллаларда бошқарув тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарорида сўз боради. 

Қонуннинг таклиф этилаётган янги таҳририда қуйидагилар назарда тутилган:

- ҳудудларнинг тарихий хусусиятлари ва аҳоли пунктларининг географик жойлашувини ҳисобга олган ҳолда маҳаллаларни ташкил қилишнинг аниқ мезонларини белгилаш;

- «маҳалла еттилиги»нинг ўзаро ҳамкорликда ишлаш механизмлари ҳамда уларнинг коллегиал масъулияти ва жавобгарлиги доирасини аниқ белгилаш, маҳалла раисининг уларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш ва йўналтириш, рағбатлантириш ва интизомий жазолаш бўйича ваколатларини мустаҳкамлаш;

- маҳалла томонидан жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича оширилган коэффициентлар қўллаш юзасидан тегишли халқ депутатлари Кенгашларига таклиф киритиш;

- «маҳалла еттилиги» таркибидаги лавозимларга тайинлашда ушбу маҳаллада яшовчи номзодларга устуворлик бериш;

- маҳалла раисининг сўровига жавоб бермаслик ёки тақдимномасида қўйилган масалани кўриб чиқмаслик учун жавобгарлик белгилаш;

- халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашларига маҳалла раислари ўз фаолиятида жиддий хато ва камчиликларга йўл қўйганда, уларга нисбатан ишончсизлик билдириш ва ушбу масалани кўриб чиқиш ваколатларини бериш. 

«Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисида»ги қонун (2018 йилда қабул қилинган) ҳам янги таҳрирда қабул қилиниши кўзда тутилган. Унда маҳалла раиси сайловини аҳоли томонидан умумий, тенг, тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш орқали ўтказиш, шунингдек, маҳалла раисининг маълумоти ва малакасига қўйиладиган талаблар акс эттирилади. Шу билан бирга, маҳалла раисининг ваколат муддатини уч йилдан беш йилгача узайтириш ҳам назарда тутилган. 

Қонун лойиҳасини Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар томонидан 1 мартгача ишлаб чиқиш топширилган.

Мавзуга оид