Моуринио — жамоалари, мавсум фаворити ва сочини ким оқартиргани ҳақида
«Челси»нинг собиқ футболчиси Жон Оби Микелнинг подкасти меҳмони бўлган мураббий «Ливерпул» билан машҳур ўйинни эслади, бугунги авлод футболчиларини танқид қилди, шунингдек ўз вақтида Де Брюйне ва Салоҳ нега қўйиб юборилганини ҳам изоҳлади.
Журналистлар ва мухлислар учун футбол каби қизиқ нарса нима? Албатта, Жозе Моуринионинг матбуот анжуманлари, шундай эмасми? Табиийки, у ерда баъзида нотўғри гаплар, mind games ҳам бўлади, демак, агар у интервюга розилик берса, ажойиб воқеа. Агар суҳбатдош унинг собиқ шогирди бўлса, байрам.
«Челси»нинг собиқ футболчиси Жон Оби Микел The Obi One Podcast лойиҳасига қўл урди ва Жозе Моуриниони таклиф этди. Қуйида суҳбатнинг эътиборга молик қисмлари ҳавола этилади.
Моуринио подкастларда кўп қатнашмайди. Нега айнан Жонга розилик берди?
— Чунки у – ўзимнинг болакайим. Ўзимизнинг йигитлардан ким чақирса, албатта қатнашган бўлардим, Жон биринчи бўлди. Эсимда, раҳбариятга машғулотларга энергия олиб кирадиган ёш футболчи олиб беришни сўрагандим. Норвегияда тўп сураётган африкалик йигитчани тавсия қилишди. «У бақувватми?» деб сўрадим. Тасдиқлашди. Мен шунчаки кучли ўсмирни кўраман деб ўйлагандим, йўқ биринчи кўрганимдаёқ унинг ўзига хослигини англаб етдим. Афсуски, Жонни сэр Алекс ҳам кўриб қолганди ва футболчи учун ҳақиқий жангни ютиб чиқишимизга тўғри келди. «Челси» ва Жоннинг ўзининг бахтига, биз бу курашда ғолиб чиқдик.
Аср бошларидаги «Челси» ҳақида
— Нега ўша «Челси» яхши эди? Чунки клубда Роман Абрамович бор эди. Пулнинг аҳамияти катта. «Челси» мисолида буни пайқаш қийин эмасди. Ҳозир буни «Манчестер Сити»да ҳам кўриб турибмиз. «Челси» аввалгидек бўлмаса-да, ҳозир ҳам топ-клуб сифатида эътироф этишим мумкин.
Энг яхшилар бизда эди. Яхши мураббий, яхши ўйинчилар. Спорт директори Питер Кенон билан ҳар қандай футболчини танлашимиз мумкин эди. Фақат майдондаги муваффақиятлари эмас, унинг характери, менталитети, жамоага қай даражада қўшилиб кета олишигача аҳамият берардик.
Машғулотлар ҳақиқий ўйиндек кечарди. Ҳар бир футболчи машғулотларни мураббий олдида ўзини кўрсатиш, асосий таркибга лойиқлигини намойиш қилиш имконияти сифатида қарарди. Мен бемалол Террининг олдига бориб, ёмон ўйнаётгани, янги ҳимоячи сотиб олишим мумкинлигини айтардим, у эса дарҳол қизишиб, машғулотларга зўр берарди.
Ҳозир ҳаммаси бошқача. Кўп мураббийларнинг эътироф этишича, асосий муаммо сифатида футболчиларнинг менталитети бўлиб қолмоқда. Ҳозиргилар учун машғулотлар бу шунчаки машғулот, ундан ортиқ эмас. Агар бугунги авлодга ўша пайтдаги муносабатимни қилсам, умуман майдонга чиқа олишмасди ҳам. У пайтларда танаффусда жанжал кўтарардим, ҳатто массаж столлари уёқдан буёққа учарди. Билардимки, бу ўз таъсирини кўрсатади, ҳозир шогирдларим иккинчи бўлимга ғалаба учун одам ўлдиришга ҳам тайёр ҳолатда чиқишади.
Мисол учун, Фрэнк Лэмпард. У ҳақиқий профессионал эди. Ўтган икки ярим йилда биз бир неча бор уришиб қолганмиз. «Манчестер Сити» билан ўйин олдидан ҳам шундай бўлди. Фрэнк касал бўлиб қолди, ҳарорати қирқдан ошиб кетганди. Аммо барибир майдонга тушмоқчи бўлди, чунки қаторасига асосий таркибда тушиш бўйича қанақадир рекордни урмоқчи эди. Мен буни тақиқладим ва бу ҳолатда майдонга тушмаслик кераклигини айтдим.
Ўша «Челси» Моуринио бошқарган энг зўр жамоами?
— Бундай дейиш бошқа жамоаларга, «Интер», «Реал» ёки «Порту»га нисбатан беҳурматлик бўлади. Мен «Челси» билан Чемпионлар Лигасини ютолмадим. 2004/05 йиллар мавсумида яримфиналда нотўғри ҳисобланган гол туфайли ютқазганмиз. Агар ўша пайтларда замонавий технологиялар бўлганида, финалга чиқиб, ғалаба қозонишимиз мумкин эди.
Шуни аниқ айта оламанки, ўзимни ўша «Челси» таркиби аъзоларидан бири сифатида ҳис қила олардим. Принципларимиз, қадриятларимиз ўхшаш эди, уларга ёқмаган нарса менга ҳам ёқмасди. Биз бир бутун бўлганмиз.
Кевин де Брюйне ва Муҳаммад Салоҳ нега сотиб юборилган?
— Ҳаммаси оддий. Улар шуни истагани учун кетган. Кутишни хоҳлашмаган. Вақт шуни кўрсатдики, улар адашишмаган, кўп ютуқларга эришдилар.
Менга доим Салоҳни сотиб юборганимни айтишади, мен эса, эътироз қиламан, аксинча, ахир мен уни олиб келганман-ку? «Ливерпул» уни «Базел»дан сотиб олмоқчи эканини билардим, аммо мен аралашиб, уни Лондонга ўтишга кўндирдим. «Челси»нинг асосий футболчисига айланиш учун яхши ўйнаш ва сабр қилиш талаб этилади. Мен шуни тушунтирдим, лекин у кутишни истамади.
Кевин билан ҳам шунга ўхшаш вазият. Ёзда «Волфсбург» келиб, уни ижарага сўради. Мен Кевинни мавсумолди йиғинларда синаб кўрмоқчи эдим ва таклифни рад этдим. У АПЛ ўйинида асосий таркибда майдонга тушди. «Бавария»га қарши Суперкубок учрашувида эса захирада қолди. Эртасига Кевин келиб, кетмоқчи эканини айтди. Мен фикрини ўзгартиришга уриниб ўтирмадим.
Моуринио ва агентлар
— Баъзида улар мени жинни қилишарди. Ҳаммасидан ҳам Лассана Диарранинг агенти ажойиб эди. Сочларимни айнан у оқартирган. Аввал «Челси»да, кейин «Реал»да. Масалан, агар Ласс асосий таркибда тушиб, яхши ўйин кўрсатса, эртасигаёқ агент қўнғироқ қилиб футболчининг маошини ошириш ва янги шартнома тузишни талаб қиларди. Агар Диарра майдонга тушмаса, душанба куниёқ учрашув сўраб, футболчи клубдан кетмоқчи эканини айтарди.
Диарра ажойиб ўйинчи, «Реал», «Челси», «Арсенал» ва «ПСЖ» каби клубларда ўйнаган, аммо унинг агенти билан муомала қилиш азоб эди.
«Ливерпул»ни чемпионликдан маҳрум қилган ўйин ҳақида
— Бу Брендан Рожерс ёки «Ливерпул» билан боғлиқ эмас. Ўшанда биз Чемпионлар Лигасида яримфиналга чиққан, Мадридда «Атлетико» билан дуранг ўйнагандик. Келаси ҳафта бизни жуда муҳим ўйин кутиб турарди. Биз Англияда чемпионлик учун курашдан чиқиб кетган бўлсак-да, Чемпионлар Лигасини ютишимиз мумкин эди. АПЛ «Ливерпул» билан ўйинимизни жума ёки шанба кунига қўйса бўларди. Биз шуни илтимос қилиб мурожаат қилдик, аммо АПЛ рад этди ва якшанбага қўйди.
Жаҳлим чиқиб кетди. Чемпионлик пойгаси учун муҳим бўлгани учун агар иккинчи таркибни қўйсам, «Манчестер Сити»га нисбатан ноҳақлик бўларди. Ливерпулга ютиш учун келгандим. Худди соврин учун курашаётгандек чоғлангандик. Барибир баъзи етакчи ўйинчиларда дам бердим, масалан, Суаресга қарши ажойиб ўйнаган Томас Каласни майдонга туширдим.
Автобусдан тушибоқ, «Ливерпул – чемпион» деб ёзилган футболкалар сотилаётганини кўрдик. Бундай ишларни олдиндан қилиб бўлмайди, тайёр ҳолда қутида ўз соатини кутиб туриши лозим. Албатта, Стиви билан бўлган воқеа ачинарли, у бунга лойиқ бўлган охирги футболчи, аммо бу ҳам футболнинг бир бўлаги.
Биз ажойиб ўйин кўрсатиб, ғалаба қозондик. Ростини айтсам, Брендан учун афсусдаман, мен доим дўстларимни қўллашга ўрганганман. Аммо ўйин кунлари дўстликни уйда қолдириш керак.
Энг афсонавий рақобат ким билан бўлган? Гвардиола, Фергюсон, Венгер?
— Ҳар бир тўқнашув мен учун қадрли. Эътиборли тарафи, ниҳоят мен уларнинг ҳар бири билан жуда яхши муносабатдаман. Ҳатто мен доим жаҳлини чиқариб юрадиган Рафа Бенитес билан ҳам.
Венгер – ажойиб мураббий, кўп ютуқларга эришган. Менимча, у ҳеч қачон унутмайдиган воқеа «Арсенал» билан ўзининг 1000-юбилей учрашувида бўлганди. Табиийки, ҳар бир мураббий бундай кунни унутмасликка интилади, аммо ростанам шундай бўлиб чиқди – «Челси» «Арсенал» устидан 6:0 ҳисобида ғалаба қозонганди.
Энг оғриқли истеъфо
— Доим айтаман, агар сени истеъфога чиқаришмаган бўлса, ҳали мураббий бўлиб етишмабсан. Ҳозиргача ўзимга савол бераман – нега биринчи мартасида «Челси»дан кетказишганди? Ҳа, бизда қийинчиликлар бор эди, лекин биз вазиятни ўнглашимиз мумкин эди. Балким бирор сабаби бўлгандир.
Аслида мени бошқа истеъфо ҳайрон қолдирган. Совринлар хонаси бўм-бўш бўлган клуб мени финалга икки кун қолганда ҳайдаб юборганди («Тоттенҳэм»нинг Лига кубоги финалида «Манчестер Сити» билан ўйини олдидан Моуринио истеъфога чиқарилганди).
«Манчестер Юнайтед» ҳақида
— «Манчестер Юнайтед»да ажойиб инсон бор, Ричард Арнолд. Мен клубда эканимда у тижорий ишлар бўйича директор эди, ҳозиргидек бош директор эмасди. У мен томонимда бўлишини истардим, аммо клубда ҳаммаси мураккаб эди, шунинг учун унчалик пушаймонлик йўқ – мен қўлимдан келганини қилдим, деб ҳисоблайман.
Мен бу клубни, унинг мухлисларини яхши кўраман. Ҳалигача 2-ўрин Фергюсон кетганидан кейинги энг яхши натижа, Европа Лигасидаги ғалаба эса энг катта муваффақият. Бир куни Sky эксперти сифатида «Олд Траффорд»га бордим. Фанатлар мен томонга ўгирилиб олқишлашди, мен ҳақимда қўшиқ куйлашди. Бу эътиборга арзирли ҳолат, зеро мухлислар мен клубга боримни берганимни билади. Қўлимдан келганини қилганман.
«Юнайтед»да ҳалигача баъзи футболчилар, баъзи инсонлар борки, улар билан ҳеч қачон муваффақият қозониб бўлмайди.
Бу мавсум АПЛ чемпиони ким бўлади?
— Айтардимки, 51 фоиз «Манчестер Сити», 49 фоизни «Ливерпул»га бераман. «Арсенал»ми? Йўўўқ (суҳбат «Арсенал»нинг янги йил кунларидаги мағлубиятли ўйинларидан олдин бўлиб ўтган).
Ростини айтсам, «Арсенал»нинг чемпион бўлишини истардим. «Челси» бўла олмайди, бунга шубҳа йўқ, «Манчестер Юнайтед» ҳам пойгада эмас, тушунарли. Демак, мана шу уч жамоа ичида «Арсенал» ниҳоят совринни ютса, жуда севинаман. Лекин тақвимда муҳим ўйинлар сони ошган сари «Манчестер Сити» яна интригани ўлдиради деб қўрқаман.
«Нюкасл»? Улар катта меҳнат қилишди ва ажойиб ўйин кўрсатмоқда, жамоа учун хурсандман. Яна Париждаги ўйинда «Нюкасл» мураббийи бўлмаганимдан хурсандман, чунки агар ўша ерда бўлганимда камида ўнта ўйинга четлатилган бўлардим.
Мавзуга оид
10:38 / 09.12.2024
Европада камбэклар куни. «Челси» ҳимоячиси рақибга голлар совға қилди ва бутсасини ташлаб юборди
13:34 / 11.11.2024
«Барса» ўйинида можароли қарор, Шомуродов яна мураббийсиз қолди. Кун ўйинлари
12:26 / 04.11.2024
«Барса»ни тўхтатиб бўлмаяпти, «МЮ» ўзига келмоқда. Кун ўйинлари
14:31 / 02.11.2024