Жаҳон | 11:50 / 03.01.2024
10952
2 дақиқада ўқилади

Путин томонидан бир йилда имзоланган фармонларнинг ярми махфий бўлган

2023 йилда Путин имзолаган 997 та фармоннинг 49,5 фоизига махфийлик мақоми берилган, бу - рекорд кўрсаткич.

Фото: kremlin.ru

Россия президенти Владимир Путин томонидан 2023 йилда имзоланган фармонларнинг ярми махфий бўлган, деб ёзади «Медиазона» 2 январ, сешанба куни норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар расмий сайтидаги маълумотларга таяниб.

Президент фармонлари кетма-кет рақамланади, «ҳисоблагич» эса ҳар йил бошида нолга тенглаштирилади. Шу тариқа, ўтказиб юборилган рақамларни санаб, қанча фармон махфий бўлганини тушуниш мумкин, деб ёзади «Медиазона». 2022 йилда Украинага ҳужум даврида бундай махфий фармонларнинг улуши 45 фоизгача ошган. 2023 йилда бу кўрсаткич рекорд даражадаги 49,5 фоизга етди. Яширин фармонлар ҳарбий хизматчиларни мукофотлаш ва урушга жалб қилинган маҳкумларни афв этиш учун ҳам қўлланади. 

Шу билан бирга, ҳарбий ҳаракатларнинг иккинчи йилида Путин томонидан имзоланган фармонлар умумий сони деярли ўзгаришсиз қолди. 2022 йилда - 996 та, 2023 йилда - 997 та фармон имзоланган. Путин махфий фармонлар бўйича аввалги рекордни 2001 йилда ўрнатган эди – ўшанда, Иккинчи чечен уруши авжида бу кўрсаткич 47 фоизни ташкил этган, деб ҳисоблайди «Медиазона».

Мавзуга оид