Жаҳон | 13:45 / 09.01.2024
8327
2 дақиқада ўқилади

Россия ҳарбий самолётидан «ЛХР»даги Рубежноега авиабомба тушиб кетди

«ЛХР»нинг Москва томонидан тайинланган «раҳбари» Пасечник сўзларига кўра, Россия самолёти «жанговар топшириқларни бажараётганда» Рубежноега бомба ташлаб юборган. Бу - бир ҳафта ичида «ўқ-дориларни тўсатдан ташлаб юбориш» билан боғлиқ иккинчи ҳолат. 

Фото: United Aircraft Corporation/dpa/picture alliance

Ўзини «Луҳанск халқ республикаси» («ЛХР») деб эълон қилган ҳудуддаги Рубежное шаҳрига Россия ҳарбий самолётидан ФАБ-250 фугасли авиабомба тушиб кетди. Бу ҳақда 8 январ, душанба куни «ЛХР» «раҳбари» Леонид Пасечник маълум қилди ва бу «жанговар топшириқларни бажариш пайтида» содир бўлганига аниқлик киритди.

Унинг сўзларига кўра, «РФ ҲКК самолётидан авиация ўқ-дориларининг кутилмаганда тушиб кетиши» натижасида ҳеч ким жабрланмаган, яқин атрофдаги уйлар аҳолиси эвакуация қилинган – вақтинчалик жойлаштириш марказида беш киши, жумладан, икки бола қолмоқда, қолганлар қариндошлари ва дўстлариникида.

Пасечникнинг сўзларига кўра, бомба портлаб кетмаган, «мутахассислар ўқ-дориларни зарарсизлантириш тўғрисида қарор қабул қилмоқда».

8 январ куни эрталаб Россия армияси Украинани яна юқори тезликда учувчи «Кинжал» аэробаллистик ракеталари ва бошқа қуроллардан фойдаланган ҳолда оммавий ўққа тутди.

Бундан бир ҳафта олдин, 2 январ, сешанба куни Воронеж вилоятида ҳам худди шундай воқеа содир бўлганди. Россия ҳарбий самолёти Петропавловка қишлоғига «авиация ўқ-дориларини» ташлаб юбориб, у ердаги камида етти хонадонга зарар етказди. 

Мавзуга оид