Ўзбекистон | 19:30 / 12.01.2024
7785
2 дақиқада ўқилади

Истеъмолчиларнинг ичимлик сув тўловидан қарзи триллион сўмга яқинлашди 

Шунингдек, ичимлик ва оқова сув тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш оқибатида давлатга 80,6 миллиард сўмлик зарар етказилган. 

Фото: UNIAN

Истеъмолчиларнинг ичимлик сув тўловидан қарзи 938,7 миллиард сўмни ташкил этмоқда. Шундан 757,3 миллиард сўм аҳоли, 181,4 миллиард сўм юридик шахслар ҳиссасига тўғри келади. Бу ҳақда «Ўзсувтаъминот» АЖ ахборот хизмати раҳбари Акмал Муродов маълумот берди. 

Таъкидланишича, шу кунга қадар қарздорликни қисқартириш бўйича судларга жами 33,4 мингта даъво аризаси киритилган. Шу билан бирга, суд қарори қабул қилинган 16,2 минг ижро варақаси Мажбурий ижро бюросига тақдим этилиб, 4,7 мингтаси бўйича 16,2 миллиард сўмлик маблағ ундирилган. 

Қайд этилишича, истеъмолчилар ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати учун ҳар ойнинг 10-санасига қадар олдиндан 100 фоиз ҳақ тўлаши лозим. 

Шунингдек, «Ўзсувтаъминот» АЖ ва ҳудудий корхоналари томонидан ўтган давр мобайнида 76 мингга яқин рейд тадбири ўтказилган. Ушбу рейдлар давомида ичимлик ва оқова сув тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш бўйича 12,7 мингта қоидабузарлик аниқланган бўлиб, жами 80,6 миллиард сўмлик зарар етказилган. 

8,7 минг ҳолатда истеъмолчилар томонидан сув ўлчагичдан фойдаланиш қоидаларига риоя қилинмаган бўлиб, 34,9 миллиард сўм зарар етказилгани аниқланган.

Қайд этилишича, аниқланган қоидабузарликларга нисбатан қонуний чоралар кўрилган, 5,2 минг истеъмолчи тегишли тартибда тармоқдан узилган.

Мавзуга оид