Ўзбекистон | 16:37 / 15.01.2024
13914
1 дақиқада ўқилади

Тошкентда ерусти метроси яқинидаги бир неча дўконларда ёнғин чиқди

Сергели туманида метронинг «Қипчоқ» ва «Турон» бекатлари яқинидаги бир нечта енгил конструкцияли дўконларда ёнғин содир бўлди. «Тошкент метрополитени» ёнғин метро тизимига таъсир кўрсатмаганини билдирган.

Фото: Видеодан кадр

15 январ куни соат 14:56 да Тошкент шаҳри Сергели туманида метронинг «Қипчоқ» ва «Турон» бекатлари яқинидаги бир нечта дўконларда ёнғин содир бўлди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати ҳолат юзасидан маълумот берди.

Ёнғин туманнинг Қанора кўчасида жойлашган енгил конструкциядан қурилган дўконларда келиб чиққан. Воқеа жойига 4 та ёнғин қутқарув экипажи соат 15:01 да етиб борган. Соат 15:05 да ёнғин тўлиқ ўраб олинган ва соат 15:12 да батамом ўчирилган.

«Ҳодиса оқибатида жароҳат олган ва вафот этган фуқаролар йўқ. Айни вақтда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва зарар миқдори ўрганилмоқда», дейилади хабарда.

Тошкент метрополитени матбуот хизмати хабар беришича, Тошкент ерусти метросининг «Қипчоқ» ва «Турон» бекатлари яқинидаги дўконларда содир бўлган ёнғин поездлар ҳаракатига таъсир кўрсатмаган.

Мавзуга оид