Жаҳон | 16:03 / 18.01.2024
26179
8 дақиқада ўқилади

Бошқирдистонда «қора халқ» намойиши. Оломон полицияни қорбўрон қилди

Маҳаллий фаол Фаил Алсиновга нисбатан ҳукм эълон қилинган 17 январ куни Бошқирдистоннинг Баймақ шаҳар суди биноси олдида минглаб одамлар тўпланди. Алсинов миллатлараро нафрат қўзғатиш иши бўйича айбланаётган ва эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинганди. 4 йилга озодликдан маҳрум қилинган фаол олиб кетилиши керак бўлган автозак узоқ вақт суд биносини тарк эта олмади. Чунки намойишчилар йўлларни тўсиб қўйиб, полиция билан тўқнашувлар кузатилди.

SOTA / AFP / Scanpix / LETA

Алсинов 2020 йилда Бошқирдистондаги Куштау тепалиги бузиб ташланишига қарши чиққани билан танилган. У ҳудудда олтин қазиб олишларига қарши митингда чиқиш қилгани учун ҳам ҳукм қилинган.

«Мени қўллагани келган барчага раҳмат, буни асло унутмайман. Айбимга иқрор бўлмайман, доим адолат учун, халқим ва республикам учун курашиб келганман. Бунақа бўлишини очиғи кутмагандим, ҳали кўришамиз. Мени тўрт йил умумий тартибдаги колонияга қамаш бўйича ҳукм чиқаришди. Биз эътироз аризаси киритамиз», деди Алсинов RusNews эълон қилган баёнотида.

Алсинов устидан ўтказилган аввалги суд мажлисида ҳам юзлаб бошқирдлар суд биноси олдида тўпланганди. Аммо чоршанба куни уни қўллаш учун янада кўп одам йиғилди. Полициячилар қаршилигига қарамай, намойишчилар тарқалишни истамади ва «Позор» (шармандалик) деб бақирди ҳамда «Биз қора халқмиз» деган шиорни такрорлади.

Вазият жиддийлашгач, омончилар қалқон ва чарм таёқ (дубинка) билан одамларни автозак чиқиши керак бўлган дарвозадан нари ҳайдади, ўнлаб кишилар қўлга олинди. Полиция намойишчиларга қарши кўздан ёш сиздирувчи газ ишлатди, бунга жавобан одамлар уларни қорбўрон қилди. Жабрланганлар бўлгани учун воқеа жойига тез ёрдам машиналари ҳам етиб келди.

Бу вақтда Бошқирдистонда WhatsApp мессенжери фаолиятида узилишлар кузатилди. Россиялик Павел Дуровга тегишли Telegram мессенжери Алсиновни қўлловчи «Куштау Байрам» ва RusNews каналларини блоклади. «ВКонтакте» эса бошқирдистонлик фаолларнинг «Ирандиксий сабантуй» гуруҳини блоклади.

Алсиновнинг отаси куч ишлатар тузилмалар билан музокаралар ўтказганидан кейингина, бир неча соат ўтиб намойишчилар тарқала бошлади. Маҳаллий вақт билан соат 17:00 да ичида Алсинов бўлган автозак суд биносини унинг атрофида қолган намойишчилар олқишлари остида тарк этди.

Баъзи манбаларга кўра, полиция намойишчилар тарқалиши эвазига қўлга олинганларнинг бир қисми қўйиб юборилишини таклиф қилган. Намойишлар давомида 20 нафар атрофида одам қўлга олинган.

Тергов қўмитаси ҳолат юзасидан оммавий тартибсизлик моддаси бўйича иш очган. «Оммавий тартибсизликлар давомида зўравонлик ва қурол сифатида ишлатиладиган предметлардан фойдаланиш ҳолатлари кузатилди. Оқибатда бир неча киши, хусусан, орган ходимлари жароҳат олди», дейилади бошқарма баёнотида.

Алсинов иши

Экофаол Фаил Алсиновга қарши 2023 йил август ойида иш очилганди. Унга қарши шахсан Бошқирдистон раҳбари Радий Хабиров арзнома киритган. Ўтган йил апрел ойида Алсинов ноқонуний олтин қазиб олишга қарши намойишда иштирок этганди. Маҳаллий фаоллар бу ҳудудда олтин қазиб олиш қишлоқ хўжалиги ерларини яроқсиз қилиб, сувни ифлослантиради деб ҳисоблашади.

Тергов хулосасига кўра, намойиш вақтида Алсинов бошқирд тилида Кавказ, Марказий Осиё халқлари ва арманларни камситадиган сўзлардан фойдаланган. Бу ҳақда Россияда чет эл агенти деб топилган «Идел.Реалии» нашри ёзган. Алсинов намойишда гапирган энг жиддий ва катта эҳтимол уни қамоққа тиқишларига сабаб бўлган асосий гап уруш ҳақида бўлган. «Бошқирдлар Украинада урушаётган бир вақтда Бошқирдистонда уларнинг ерлари тортиб олиняпти», деган у.

Алсинов Бошқирдистондаги олтин қазиб олишда қатнашганлар уйига қайтиб кетиши, олтин қазиб олинишининг салбий зарарини эса маҳаллий аҳоли сезишини айтган.

Кулгили сабаб

Алсинов устида судда айтилган асосий айблов эса ҳар қандай туркий халқлар учун кулгили ҳисобланади. Экофаол ўтган йил апрел ойидаги намойишда шундай деган: «Арманлар – ватанига, руслар – Рязанига кетади, татарлар – Татаристонига кетади, қора халқ эса қолади. Биз кўчиб юра олмаймиз, бошқа уйимиз йўқ, бизнинг уйимиз шу ер», дея Алсиновнинг сўзларини келтирган «Идел.Реалии» нашри.

Алсиновни айнан «қора халқ» деган гапи учун миллатлар ўртасида нафрат қўзғашда айблашмоқда. Терговчилар Алсинов «қора халқ» деб кавказликлар, марказий осиёликлар ва арманларни камситган деб топган. Аммо туркий тилдан хабари бўлганлар «қора халқ» ибораси билан шунчаки оддий халқ, оддий одамлар ифода этилишини билади.

Иш бўйича аризачи ҳисобланган Бошқирдистон губернатори Хабиров аризада Алсинов бу гапи орқали бошқирд халқини рус, татар ва арман миллатларига қарши қўймоқчи бўлганини иддао қилади.

Губернаторнинг аризасидан кейин ўтказилган экспертиза хулосасига кўра, Алсиновнинг чиқишидаги «арманлар» сўзи бир гуруҳ инсонларга нисбатан салбий баҳо бериш деб ҳисобланган. Иш бўйича ўтказилган навбатдаги экспертизада эса Алсинов энди кавказликлар, марказий осиёликлар ва арманларга нисбатан негатив гапирган деб топилган.

Алсиновнинг ўзи бу айбловларни қуйидагича изоҳлаган: «Масалан, арманлар ўзининг қадрдон маконига қайтиб кетиши мумкин, татарлар ва русларни ҳам тилга олдим, лекин мен улар Бошқирдистонда яшаши ёки ишлаши мумкин эмас деганим йўқ... Бу миллат вакилларини камситганим йўқ, уларнинг манзилига ёмон гап ҳам айтмадим».

Айбланувчининг адвокати Илнур Суюндуков BBC билан суҳбатда айтишича, Алсинов бежиз ўз чиқишида арманлар ҳақида гапирмаган, ҳудудда олтин қазиб олиш ишларини бошламоқчи бўлган компания бенефициарлари арманча фамилиядаги одамлар бўлган.

«Куштау учун қасос»

«Идел.Реалии» нашрига кўра, экофаолнинг тарафдорлари унга қарши жиноий ишни «Куштау учун қасос» деб билишади. Алсинов чиндан Куштау тоғида сода ишлаб чиқаришга қарши бўлганлардан бири.

2019-2020 йилларда Куштау сабаб Бошқирдистондаги сода компанияси, маҳаллий ҳокимлик ва одамлар ўртасида жиддий можаро келиб чиққанди. Тоғ этагидаги палаткалар лагери бузиб ташланган, у ерни полиция ўраб олиб, ўнлаб фаоллар ушланганди.

Губернатор Хабиров аввалига тепаликни ҳимоя қилиб ўтказилган митинг уюштирилган эканини айтади, аммо кейинчалик тоғда ишлар тўхтатилиб, Куштау махсус қўриқланадиган табиат объекти статусини олади.

Алсиновнинг адвокати Илнур Суюндуков мижозини республикада яхшигина таниқли одам деб атаган. 2020 йилгача у ҳудудда тақиқланган «Башкорт» ташкилоти вакилларидан бўлган. «У бошқирд тилини ҳимоя қилиш бўйича турли тадбирлар ташкил қилган. Турли карерларни қазишларига фаол қаршилик қилган. Маҳаллий аҳоли ҳуқуқларини ҳимоя қилган. Муболаға бўлмаса, Бошқирдистондаги барча экологик намойишларда қатнашган», дейди адвокат.

Алсинов республикадаги Куштау тепалигини ҳимоя қилгани учун маҳаллий ҳукумат таъқибига учраган биринчи фаол эмас. 2023 йил декабр ойида Уфа суди Бошқирдистондан сафарбар қилинганларни Россиянинг Украинага қарши урушида иштирок этмасликка чақирган активист Рамиля Саитовани 5 йил қамоқ жазосига ҳукм қилганди.

«Сиз бир киши учун курашаётган бир вақтда...»

Суд биноси олдидаги норозилик намойишларининг бир қарашда урушга алоқаси бўлмаса ҳам, бу воқеалар фонида урушга қарши гаплар ҳам пайдо бўлди. Тармоқда бошқирдистонлик аёл Украинада урушаётган миллатдошларини ортга қайтиб ўз ерларини ҳимоя қилишга чақирган видео фаол муҳокама қилинди.

«Украинада урушаётган барча Бошқирдистон жангчиларини ортга қайтиб ўз ерлари, ўз халқини ҳимоя қилишга чақираман. Сиз биргина одамнинг мақсадлари учун урушаётган бир вақтда халқингизни ОМОН ва Росгвардия дубинка билан саваламоқда», деган аёл.

Бу видеони биринчилардан бўлиб бошқирд миллатига мансуб сиёсатчи Аббас Галямов эълон қилди. «Биринчи кундан айтаман, миллий республикалар бу урушни ўз уруши деб қабул қилмайди», деб ёзган Галямов бу видеога илова қилинган матнда.

Мавзуга оид