Жамият | 21:12 / 22.01.2024
57084
3 дақиқада ўқилади

Турғун Азизов вафот этди

Кўпчиликка «Мафтунингман» филмидаги Бакир Назаров роли орқали таниш актёр Турғун Азизов 90 ёшда эди.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон халқ артисти, актёр ва режиссёр Турғун Азизов 90 ёшида вафот этди. Бу ҳақда дастлаб актриса Дилноза Кубаева хабар тарқатди, шунингдек актёр узоқ йиллар ишлаган Ўзбек Миллий академик драма театрининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида маълум қилинди.

Марҳумнинг жанозаси эртага, 23 январ куни «Минор» масжидида ўқилади.

Актёрнинг ўлими сабаби маълум қилинмаган. У сўнгги бор 2023 йил 22 декабр куни жамоатчиликка кўриниш берганди. Ўшанда «Ренессанс» кино уйида Ўзбекистон Кинематография агентлиги буюртмасига биноан «Ватан тимсоллари» рукни остида суратга олинган «Турғун Азизов: саҳна сарлочини» ҳужжатли филми тақдимоти бўлиб ўтганди.

Фотограф: Баҳодир Эргашов

Маълумот учун, Турғун Азизов 1934 йилнинг 30 ноябрида Тошкентдаги «Сарёғчи» (ҳозирги «Бешқайрағоч») маҳалласида туғилган.

1956 йили аввалги Ўзбекистон Давлат театр ва рассомчилик институтини тамомлаб, шу йили ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театрига ишга қабул қилинган. 33 ёшида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвони билан тақдирланган. 1974 йилда Ўзбекистон халқ артисти унвонини олган, «Фидокорона хизматлари учун» ордени соҳиби бўлган. Шунингдек, у «Меҳнат шуҳрати» ордени (2001 йил) соҳиби ҳам ҳисобланади.

Асосий роллари: Фердинанд («Макр ва муҳаббат»), Илёс («Сарвқомат дилбарим»), Эйдзи («Ўғирланган умр»), Марк Туйск («Оқпадар»), Ниёз («Номаълум киши»), Йўлчи («Қутлуғ қон»), Ғофир («Бой ила хизматчи») ва бошқалар.

Актёрга катта шуҳрат келтирган роли «Ўлимдан кучли» спектаклидаги Монсеррадир. Кинода Амир Олимхон («Ганг узра тонг»), Бакир («Мафтунингман»), Амир Насрулло («Нодирабегим»), Ота Мақсумов («Узоқ-яқин йиллар»), Мирзакаримбой («Парол – Регина меҳмонхонаси»), Дадабой («Қўқон воқеаси») каби образлар яратган. Лирик-драматик ва романтик пландаги ролларини зўр эҳтирос ва жўшқинлик билан ижро этган, қаҳрамонлар характерини очишда тил бойлигидан усталик билан фойдаланган, оз ҳаракатда кўп маъно англатишга, қаҳрамонининг ҳис-туйғулари, ички кечинмаларини табиий ифодалашга интилгани эътироф этилган.

Режиссёр сифатида «Мирзо Улуғбек», «Алишер Навоий», «Меҳробдан чаён», «Чимилдиқ», «Машраб» каби спектаклларни саҳналаштирган.

Мавзуга оид