Ўзбекистон | 21:55 / 23.01.2024
30402
14 дақиқада ўқилади

Очиқ мулоқот: Маиший техникачилар ва Отабек Бакиров баҳси

Маиший техника ишлаб чиқарувчи компанияларга имтиёзларнинг янги пакети тасдиқланди. Бу ҳақдаги танқидларга Artel раҳбарининг шахсан ўзи жавоб беришга қарор қилди. Шу аснода Kun.uz студиясида бир томондан иқтисодчи Отабек Бакиров, иккинчи томондан Artel бошқаруви раиси Шоҳрух Рўзиқулов, “Технопарк” директори Сарвар Аҳадов ва “Premier” бренди вакили Зафар Юсупов иштирокида жонли эфирдаги қизғин баҳс бўлиб ўтди.

Очиқ мулоқот қандай юзага келди?

10 январ куни Ўзбекистонда электротехника соҳасидаги протекционизмни давом эттиришга оид янги чоралар тасдиқланди. Бу соҳадаги маҳаллий компанияларга солиқлар, божхона тўловлари ва кредитлар бўйича навбатдаги имтиёзлар берилди, давлат харидларидаги преференциялар ҳам кенгайтирилди.

Бунга қўшимча тарзда, 1 февралдан бошлаб маиший техникалар импорти бўйича янги талаб киритиляпти. Унга кўра, алюмин радиатор, телевизор, кондиционер, кир ювиш машинаси каби 18 хил турдаги импорт товарларни четдан олиб киришда ишлаб чиқарувчи компаниянинг Ўзбекистонда расмий дилери ва сервис марказлари бўлиши талаб этилади.

Шунингдек, ҳукуматнинг тегишли комиссиясига электротехника корхоналарини янаям кўпроқ қўллаб-қувватлаш бўйича чоралар кўриш ваколати берилди. Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев раислигидаги бу комиссия, 2023 йил 25 декабрдаги протоколга асосан, маиший техника импортига интидемпинг божларини жорий этиш, бу соҳадаги маҳаллий компанияларга экспортда валюта курсини ҳедж қилиш ва хомашё импортидаги транспорт харажатларини қоплаб беришни таклиф қилган.

10 январда имзоланган қарорни Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси билан ҳамкорликда ишлаб чиққан. Қарор лойиҳасининг экспертиза учун Адлия вазирлигига ва келишиш учун Савдо-саноат палатасига киритилган вариантларида хориж брендларининг дилерларига оид талаб бўлмаган. Бундан ташқари, ҳужжат лойиҳаси Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик кенгашида ҳам муҳокама қилинмаган.

Рақобат қўмитаси бу ҳужжатда рақобатга зид ҳолатлар йўқ деб ҳисоблашини билдирди. Kun.uz суҳбатлашган иқтисодчилар, хусусан Отабек Бакиров бунинг тескарисини таъкидлаб, янги имтиёз ва чекловлар Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига кириш ҳаракатларига зид экани, соҳадаги рақобат муҳитига салбий таъсир қилишини айтди. Бу интервю эълон қилингач, бу соҳадаги энг йирик маҳаллий ишлаб чиқарувчи – Artel компанияси Ўзбекистондаги маиший техника ишлаб чиқарувчилар номидан мурожаат эълон қилиб, шу мавзуда очиқ суҳбат ташкил этишимизни сўради.

Шу муносабат билан Kun.uz очиқ мулоқот ўтказиб, уни YouTube'да жонли эфирга узатди. Аввалига мулоқотда иштирок этиш учун таҳририятга ушбу баҳсли қарорнинг муаллифларидан бири бўлган “Ўзэлтехсаноат” раисининг биринчи ўринбосари Мансур Ҳошимов ҳам келган эди, лекин уюшма вакиллари бу суҳбатда турли ишлаб чиқарувчиларнинг ўнга яқин вакиллари қатнашишини сўраб, бу сўровлари техник сабаблар ва томонларнинг тенглиги тамойилига кўра рад этилгач, мулоқотда иштирок этишдан бош тортди. Шундан кейин суҳбат бир томондан иқтисодчи Отабек Бакиров, иккинчи томондан Artel Electronics компаниясининг бошқарув раиси Шоҳрух Рўзиқулов, “Технопарк” МЧЖ директори Сарвар Аҳадов ва “Premier” корхонаси вакили Зафар Юсупов иштирокида бўлиб ўтди.

Қуйида очиқ мулоқотнинг айрим қисмлари жузъий қисқартиришлар билан матн шаклида келтириб ўтилади.

Шоҳрух Рўзиқулов

Шоҳрух Рўзиқулов: Минбар сўраганимиз сабабини ҳамма тушуниб турибди. Маиший техника ишлаб чиқарувчиларга берилган имтиёзлар борасида 18 январ куни чиқарилган видеодан кейин биз минбар сўрадик. Саволларимиз видеода билдирилган фикрлар юзасидан бўлади.

Видеони кўриб туриб, фикрларингизнинг айримларини тушунмадим. Мен Kun.uz'дан ҳам бирор кўрсатувни бошлашдан олдин, савол қўйишдан олдин, айрим нарсаларни қайсидир маънода “тонкая провокация” билан қўйишни сал ўйлаб кўриш керак. [Интервюда мухбир томонидан] чекловлар деб савол бериляпти. Мен бирор жойда чеклаш деган нарсани ўқиганим йўқ. Президент қарори бўладими, Вазирлар Маҳкамаси қарорими... Сизнинг фикрларингизга келсак, сиз биринч бўлиб соғлом рақобатнинг бузилиши, чекловлар ортидан таклифнинг камайиши деган фикрларни билдирдингиз, Прогрессив ислоҳотлар маркази эксперти Шоҳруххўжа ҳам ўз фикрларини билдирдилар. Бунинг ортидан энергосамарадорлик бўйича фикрлар билдирилди.

Бундай фикрлар бизга керак. Биз уларни таҳлил қиламиз, керакли жойларини маркетинг, ишлаб чиқаришга татбиқ этамиз. Бунақа соғлом мулоқот бўлиши тарафдоримиз. Шу вақтгача биз бирор марта минбар сўрамаганмиз, бу сафар сўрадик. Сиз киноя билан айтган “10-30 минг ишчи”, мен Аrtel'нинг ўзини айтяпман, биздан сўради: “Видеода айтилган паразит, боқиманда ким?” деб. Бу ердагилар паразит сўзининг маъносини яхши билади. Яна буларга кредит 5 фоиздан бериляпти дедингиз.

Отабек Бакиров: Кредит линияси дедим, кредит демадим.

Шоҳрух Рўзиқулов: Мен ўзимнинг ва корхонамнинг номидан хоҳласангиз очиқчасига ҳужжатларни кўрсатаман. Бир неча йилдирки, Аrtel компаниясининг Ўзбекистон банкларидан ҳеч қанақа қарзи йўқ. Биз 2018 йилдан бошлаб компанияларни консолидация қилиб, молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларини жорий этиб, Deloitte аудитидан ўтказиб, Fitch'дан рейтинг олиб, шу компанияларнинг ҳисоботлари асосида бугунги кунда чет эл банкларидан тўғридан тўғри 220 млн долларлик қўл қўйилган кредитим бор. Керак пайтда, ўша пулни ишлатаман.

Отабек Бакиров: Аниқлик киритиб кета оласизми, халқаро стандартлар асосида тузилган, консолидациялашган ва аудитдан ўтказилган ҳисоботингиз қаерга жойлаштирилган?

Шоҳрух Рўзиқулов: Аввало, биз ҳали бирорта бир очиқ молия бозорига чиқмаганмиз. Тўғридан тўғри кредитни чет эл банкидан олганман, у банкда ва бошқа стейкҳолдерларда менинг ҳисоботим бор. Ва менда ҳар йили ҳисобот топшириш мажбуриятим бор.

Отабек Бакиров: Очиқ манбада ҳисобот борми ёки йўқ?

Шоҳрух Рўзиқулов: Очиқ манбада йўқ. Стейкҳолдерларда бор.

Отабек Бакиров: Ўзини очиқ компания деб ҳисоблаган компаниялар аудитдан ўтган ҳисоботларини очиқ эълон қилади.

Шоҳрух Рўзиқулов: Ўзини очиқ компания деб эълон қилган компаниялар нима дегани? Сиз нега билмасдан туриб, биздан сўрамай туриб барча ишлаб чиқарувчилар, хусусан биз ҳақимизда “булар сенинг ҳисобингдан арзон кредитларни еб ётибди” деган фикрни айтдингиз?

Отабек Бакиров

Отабек Бакиров: Еб ётибди демадим. Менинг жавобим ўзбекистонликлар учун, ишлаб чиқарувчилар учун эмас. 2018 йил 29 июндаги ҳужжат билан Ўзбекистонда бож тарифлари тасдиқланган. Унга кўра, кондиционер, чангюткич, телевизор, музлаткич, радиатор, котёллар, водонагреватель, газ печлари, духовкалар, микротўлқинли печ, насослар учун нол фоиз бож эди. Нол фоиз!

2018 йилдан кейин нима бўляпти? 2018 йил 21 декабрда жаноб Ортиқхўжаев ҳоким этиб тайинланяпти. 2019 йил 4 январ “Элтехсаноат” ташкил этиляпти. 2019 йил 30 майда электротехника соҳасидаги маиший техника ишлаб чиқарувчиларга ҳаддан ташқари катта преференциялар, бюджет ва бюджетдан ташқари жамғармалардан ёрдамлар кўрсатиляпти. 2019 йил 5 июлда Аrtel Engineering and Management департамент директори Мирзиёд Юнусов “Элтехсаноат” уюшмаси раиси этиб тайинланяпти.

Шундан кейин нима бўляпти? Шундан кейин кондиционерларга 30 фоиз (камида 50 доллар), чангюткичлар учун 20 фоиз (камида 15 доллар) музлаткичлар учун 20 фоиз бож (камида 20 доллар), ТВ мониторлар учун 20 фоиз бож (камида 30 доллар), радиаторлар учун 10 фоиз бож (килосига камида 0,5 доллар), котёллар учун 10 фоиз бож, водонагревателлар учун 5 фоиз бож (камида 15 доллар), газ печлари учун 30 фоиз бож (камида 30 доллар), духовка, микротўлқинли печлар учун 20 фоиз (камида 20 доллар), насослар учун 5 фоиз бож ўрнатиляпти. Бу – берилган саволга умумий жавобимнинг бир қисми эди.

Жавобимнинг 2-қисми. 2019 йилгача жисмоний шахслар Ўзбекистон ҳудудига хорижий давлатлардан 1 ойда 1 марта маиший техника олиб кириши мумкин эди. 2019 йилдан бошлаб 6 ойда 1 марта деб белгиланди.

Энди ўзингиз учун ўзингиз саволга жавоб беринг: 2019 йилгача очиқ бўлган бозор нима учун ёпилиб қолди?

Мен ҳеч қайси компаниянинг номини атаб уни боқиманда деганим йўқман. Ўзбекистонда маҳаллийлаштириш ниқоби остида ўзбекистонликларни қиммат товонга ва танловсизликка тушираётган бутун бошли саноат тизимини боқиманда деб атадим. Биринчи саволингизга жавобим шу.

Иккинчи саволга жавоб: агар қарорда чеклов сўзи иштилмаган бўлса, бу қарор чекламайди дегани эмас. Агар билсангиз, олдинги даврда ҳатто шунақа қарорлар ҳам бўларди: эркинлаштириш деб номланган қарорлар чеклаш билан боғлиқ бўларди. Шунинг учун қайсидир соҳада истеъмолни, танловни чеклаш билан боғлиқ бўлган талаблар бўлса, қарор номида ёки бирор бандида чеклаш деган сўз ишлатилиши шарт эмас, лекин моҳият бўйича у чеклашдан иборат бўлади.

Шоҳрух Рўзиқулов: Кредит бўйича берган саволимга жавоб беринг.

Отабек Бакиров: Бу саволингизга жавобим шундай. Ўзбекистон Республикаси охирги марта 2023 йил 6 октябрда 8,125 фоиздан кредит олган. Республика ўзининг суверен рейтингини, иқтисодий имкониятларини гаровга қўйиб (эртага тўловчилар барибир Ўзбекистон халқи бўлади), 8,125 фоиздан кредит олаётган бўлсак, нима учун электротехника саноати учун 5 фоиздан кредит линияси очиб, 7 фоиздан кредит берилиши керак, деган савол қўйганман интервюда.

Шоҳрух Рўзиқулов: Саволим бошқача эди. Сиз нега менинг чет эл банкидан кредитим борлигини билмасдан туриб, ўша сиз ҳамма деган жойга олиб кириб кетдингиз?

Отабек Бакиров: “Ўзэлтехсаноат”да 31 та аъзо бор, сиз барча аъзоларнинг кредит борасидаги маълумотларига эгамисиз?

Шоҳрух Рўзиқулов: Йўқ, эга эмасман? Сиз эгамисиз?

Отабек Бакиров: Мен ўшанда “Элтехсаноат” аъзолари ҳақида гапирганман.

Шоҳрух Рўзиқулов: Сиз эгамисиз?

Отабек Бакиров: Сизнинг ахборотингиз очиқ эмас, очиқ бўлса, эга бўлардим.

Шоҳрух Рўзиқулов: Очиқ манбаларда соҳадаги ҳамма ишлаб чиқарувчилар имтиёзли кредитлардан фойдаланган деган жойи борми?

Отабек Бакиров: Қарорда “Ўзэлтехсаноат” аъзоларига 5 фоиздан кредит линияси очилиши, 7 фоиздан кредит берилиши ёзилган. Шу мақсадларда Ташқи савдо вазирлиги 400 млн доллар жалб қилиши масаласи ҳам қўйилган. Шунинг учун саволни Artel'га қўймадим, “Элтехсаноат” аъзоларига нега 5 фоиздан кредит линияси очилиб, имтиёзли 7 фоизлик кредит ажратилиши керак, деган саволни қўйдим. Бу мантиқли саволми ёки мантиқсиз?

Сарвар Аҳадов

Сарвар Аҳадов: Мен озгина қўшимча киритмоқчиман. Халқаро молиявий ташкилотлар томонидан яшил энергетикани ривожлантириш мақсадида энергосамарадорлик учун ҳар хил кредит линиялар ажратилади. Энергосамарадорлик билан ишлайдиган маҳсулотни ишлаб чиқармоқчи бўлсангиз, қайсидир банк шу кредитни 1 фоиздан ҳам беради. 5 фоиз, 7 фоиз деяпсиз, уларни инкор қилмайсиз-ку.

Отабек Бакиров: Мен қарорда назарда тутилган имтиёзли кредитни айтдим, қарорни муҳокама қиляпмиз биз.

Сарвар Аҳадов: Биз нотўғри тушунаётган эканмиз. Биз сиз билдирган фикрлар юзасидан минбар сўраб келдик, биз қарорга изоҳ бера олмаймиз.

Сиз “чеклов” деб атаётган нарсани биз “тартибга солиш” деб ҳисоблаймиз. Қайси давлат бўлса ҳам, у Хитой бозори бўладими, Туркия бозори бўладими, Россия бозори бўладими, тартибга солинади. Биз, масалан, 16 дона музлаткични Туркияга олиб кира олмадик. Ўша бозорда дунёга машҳур компаниялар бор, турли йўллар билан тартибга солган. Техник жиҳатдан тартибга солиш талабини юқори қўйган ёки бошқа ўйинчилар кира олмайдиган қилиб қўйган. Ҳар битта бозор ўзининг ишлаб чиқарувчисини ривожлантиришни биринчи ўринга қўяди, экспорт салоҳиятини ривожлантириш учун тартибга солади. Ўтган йили “Технопарк” 60 млн долларлик экспорт қилди, соҳадаги корхоналарнинг жами экспорти эса 1 млрд долларга етди.

Отабек Бакиров: 1 млрд долларнинг ичида мис ҳам борми?

Сарвар Аҳадов: Буни мен билмайман.

Отабек Бакиров: Экспорт масаласида бир нарсани айтиб кетиш керак. Бизнинг статистикамиз товарлар қирқимида статистика бермайди, агар берса, муаммоларимиз очилиб қолади. БМТнинг очиқ маълумотлар базасига кўра, 2023 йилнинг 10 ойида рўйхатдаги [дилерлик талаби тааллуқли бўлган] 13 та маҳсулот экспорти 186 млн долларни ташкил этган. Бу 2022 йилнинг 10 ойи билан (209 млн доллар) солиштирганда 12,2 фоизга кам. Ички бозорни қанча чекласак, ички бозордаги компаниялар ҳам рақобатбардошлигини йўқотади.

Яна бир масала: “Ўзэлтехсаноат” уюшмасининг жами 31 аъзосидан 15 аъзосининг сайти йўқ, очиқ манбалардан нима ишлаб чиқаришини аниқлаш қийин. 9 та аъзо Аrtel билан аффилланган, яъни Аrtel маҳсулотларини сотади, таъсисчиси бир. Уюшма сайтида кўрсатилган 4 та аъзо аллақачон ликвидация бўлиб кетган. Йўқ бўлса ҳам сайтида турибди, бу – уюшма кўп ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилади дейиш учун бўлса керак.

Уюшманинг Artel'га алоқадор бўлмаган маиший техника ишлаб чиқарувчи бир қатор аъзоларида сервис маркази ёки дилерлик тармоғи мавжуд эмас. Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган рўйхатдаги 13 та маҳсулот бўйича сервис ва дилерлик тармоғига эга савдо белгилар эса фақат Аrtel ва Аkfa. Шунинг учун асосий савол “Ўзэлтехсаноат”га эди. Уюшма ўзи биладими маҳаллий сув насослари ишлаб чиқарувчи компаниялардан нечтасининг дилерлик марказлари бор?

  • Тўлиқ суҳбатни юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Суҳбатни Мадина Очилова олиб борди.

Мавзуга оид