Ўзбекистон | 23:00 / 29.01.2024
10543
1 дақиқада ўқилади

Ноқулай об-ҳаво учта вилоят аҳолисини электрсиз қолдирди

Қашқадарё, Самарқанд ва Жиззах вилоятларининг 10 мингдан ортиқ истеъмолчиси тармоқдан узилди. 

Фото: Getty Images

Республика ҳудудларида кучли шамол ва ёмғир (қор) ёғиши оқибатида айрим электр тармоқларида носозлик юзага келди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди. 

Оқибатда, Қашқадарё вилоятининг Кўкдала, Ғузор, Шаҳрисабз, Яккабоғ, Китоб ва Қарши туманлари қисман (жами 5430 та истеъмолчи); Самарқанд вилоятининг Нуробод, Пастдарғом ва Иштихон туманлари қисман (жами 3500 та истеъмолчи); Жиззах вилоятининг Фориш ва Ш.Рашидов туманлари қисман (жами 950 та истеъмолчи) электр таъминотидан узилган. 

Қайд қилинишича, махсус бригадалар томонидан носозликларни бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид