Ўзбекистон | 08:59 / 07.02.2024
17300
2 дақиқада ўқилади

Хўжаобод тумани ҳокими ҳам соғлиги туфайли ишдан кетди 

Андижон вилояти Хўжаобод тумани ҳокими Ўткирбек Шукуров лавозимидан озод қилинди. Унинг биринчи ўринбосари ҳоким лавозимига вақтинча тайинланди.

Фото: Хўжаобод тумани ҳокимлиги

Хўжаобод тумани ҳокими ўзгарди. Туман ҳокими Ўткирбек Шукуров ўз аризасига биноан лавозимидан озод қилинди. Kun.uz манбасига кўра, у соғлиги туфайли ишдан кетган.

Ўткирбек Шукуров 1983 йилда Андижон вилоятининг Андижон туманида туғилган. 2011 йилда Андижон педагогика институтини, 2012 йилда Президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган.

Шукуров Хўжаобод туманига 2022 йил 18 феврал кунидан буён ҳокимлик қилиб келаётганди. Бунгача у Андижон вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари лавозимида ишлаган

Акмалжон Мирзаолимов Хўжаобод тумани ҳокими вазифасини вақтинчалик бажарувчи этиб тайинланган. Бу ҳақда Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Акмалжон Мирзаолимов 1979 йилда Қўрғонтепа туманида туғилган. 2005 йилда Андижон қишлоқ хўжалик институтининг иқтисодиёт йўналишини тамомлаган.

Тайинловга қадар у Хўжаобод тумани ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.

Олдинроқ Гулистон шаҳри ҳокими соғлиғи туфайли лавозимидан кетганди.

Мавзуга оид