Ўзбекистон | 14:18 / 08.02.2024
117499
5 дақиқада ўқилади

Блогер Аброр Абдуазимов қамоққа олинган

Аброр Мухтор Алий тахаллуси билан танилган блогер Аброр Абдуазимов 15 суткага қамалди. У ички ишлар ходимларининг қонуний талабларини бажармасликда айбланди.

Фото: Facebook / Аброр Мухтор Алий

6 феврал куни жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди қарори билан таниқли блогер Аброр Мухтор Алий (Аброр Абдуазимов) маъмурий иш доирасида қамоққа олинган. Kun.uz манбасига кўра, у Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194- ва 195-моддаларида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этишда айбли деб топилган.

Тафсилотлар

Иш ҳужжатларига кўра, Аброр Абдуазимов ва Хусрав Насруллаев 2024 йил 6 феврал куни Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани «Ўрда» МФЙ ҳудудида жойлашган Шайхонтоҳур туман ҳокимлигида бақир-чақир қилиб жанжал кўтаришган. Улар ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида келган ички ишлар ходимларининг қонуний талабларини бажармаган, уларга оммавий равишда бўйсунмасдан, оммани ўзига жалб қилиб, ИИО ходимларига нисбатан сохта уйдирмаларни тарқатган.

6 феврал куни бўлиб ўтган суд мажлисида ҳуқуқбузар тариқасида сўроқ қилинган Аброр Абдуазимов қилмишидан пушаймонлигини ва бу каби ҳолат бошқа такрорланмаслигини баён қилиб, суддан енгиллик беришни сўраб кўрсатувлар берди.

Суд мажлисида ҳуқуқбузар тариқасида сўроқ қилинган Хусрав Насруллаев ҳам пушаймонлигини маълум қилиб, суддан енгиллик сўради.

Суд қарорига кўра, Аброр Мухтор Алий тахаллуси билан танилган блогер Аброр Абдуазимов 194-моддасининг 1-қисми (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) ва 195-моддасида (Ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганда айбли деб топилиб, 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси ҳамда базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари, яъни 340 000 сўм жарима жазоси тайинланди.

Хусрав Насруллаевга нисбатан ҳам 194-моддасининг 1-қисми ва 195-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этишда айбли деб топилиб, 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси ҳамда базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари, яъни 340 000 сўм жарима жазоси тайинланди.

Улар қамоқда сақлаш билан боғлиқ харажатлардан озод қилинган.

Аброр Абдуазимовнинг қўлга олиниши кўча безориларига алоқадорлиги билан боғлиқ бўлиши мумкин

Аброр Абдуазимовнинг қўлга олиниши «кўча болалари»га қарши бошланган «Долзарб 40 кунлик» тадбири билан боғлиқ бўлиши ҳам мумкин. Аввалроқ у ўз видеоларидан бирида жиноий гуруҳ раҳбари «Саидазиз медгородок» билан яқин экани ҳақида айтганди.

«Ҳа, Саидазиз менинг яқин укам, дедим. Унинг гапига туриб бера олишини кўрганман. У мен учун керакли пайтда туриб берган, мен ҳам унга керакли пайтда туриб бераман», деганди у.

Саидазиз Саидалиев 2023 йилнинг декабр ойи бошларида қўлга олингани эълон қилинганди. У Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) билан айбланмоқда.

«Саидазиз медгородок» спорт билан шуғулланган жисмонан бақувват бир нечта шахсни ўз атрофига жалб қилиб, бир нечта жиноятларни содир этган. Хусусан, қарздорлик ва бошқа муаммолари бўлган шахсларнинг муаммоларини қонунни четлаб ўтган ҳолда ҳал қилиб бериш эвазига моддий жиҳатдан манфаатдор бўлиш, таҳдидлар йўли билан пул маблағларини ноқонуний қўлга киритиш, безорилик ва тамагирлик ҳолатлари шулар жумласидан.

Саидазиз Саидалиев ва бошқа бир нечта шахсларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Тергов давом этмоқда.

2023 йил декабр ойида Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев махсус матбуот анжуманида Тошкент шаҳрида 27 ноябрдан бошланган жиноятчиликка қарши тезкор тадбирларга узоқ вақт давомида тайёргарлик кўрилган, қўлга олинган шахслар муайян муддат кузатувда бўлганини айтганди. 

«Уюшган жиноий гуруҳ билан 1–2 кунда ёки 1–1,5 ойда масалани ҳал қилиб бўлмайди. Улар билан курашиш учун ойлар, керак бўлса йиллар керак. Яъни биз ўзимизнинг меъёрий ҳужжатларимиз, буйруқ талабларимиз, қонунларимизга асосан, уларни кузатувга оламиз. Қилаётган ишларининг ҳар бирини фиксация қилиб, вақт-соати келганда чорасини кўрамиз», – деганди у.

Тошхўжаевга кўра, тергов органи қўлга олинганларнинг айбини исботлаш учун етарли далиллар тўплаганига ишонч ҳосил қилганидан кейин уларни қўлга олиш бошланган.

Мавзуга оид