Фан-техника | 10:17 / 08.02.2024
48403
17 дақиқада ўқилади

Фазони эгаллаётган Илон Маск – Starlink лойиҳаси тарихи

2018 йилда Falcon 9 ракета ташувчиси фазога иккита сунъий йўлдошни олиб чиқди. Бу – америкалик миллиардер Илон Маскка тегишли SpaceX компанияси ишлаб чиққан йирик лойиҳанинг бошланиши эди. Компания Ер юзини фазодан туриб интернет билан таъминлашни мақсад қилган ва сунъий йўлдош синов тариқасида учирилганди. Орадан қарийб 6 йил ўтди ва компания аллақачон интернет сотишни бошлаб юборган.

Фотоколлаж: Kun.uz

Илк сунъий йўлдош 1957 йилда СССРда учирилган. Шундан кейин космик пойгага АҚШ қўшилган. Ҳозиргача дунёнинг жуда кўп давлатлари фазога сунъий йўлдош учирган. Улар орасида қўшни Қозоғистонгача бор.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда фазода 5 мингга яқин актив сунъий йўлдош бор. Яна шунчаси ўз вазифасини бажариб бўлган ва космик чиқинди сифатида парвоз қилиб юрибди.

Актив ҳолда ишлаётган сунъий йўлдошларнинг асосий қисми кузатув ускуналаридан иборат. Қолгани навигация, Ер куррасини тадқиқот қилиш ва бошқа мақсадлар учун ишлаяпти.

Фазода юрган сунъий йўлдошларнинг асосий қисми АҚШ, Хитой ва Россияга тегишли. Шунингдек, Британия, Япония, Ҳиндистон, Европа космик агентлиги, Канада ва Германия ҳам актив равишда сунъий йўлдош учирувчилар ўнталигига киради.

Фазода учиб юрган алоқа сунъий йўлдошлардан бири

2022 йилда Ер юзи бўйлаб турли давлатларнинг сунъий йўлдошларини фазога олиб чиқиш учун 155 марта ракета ташувчилар учирилган. Улардан бештасида парвоз муваффақиятсиз кечган.

65 йилдан буён фазога тинимсиз сунъий йўлдошлар учирилар экан, космик аппаратларнинг эскирганлари космик чиқиндига айланиб бормоқда.

Мутахассисларнинг тахминий ҳисоб-китобига кўра, ҳозирги пайтда фазода 128 млн дона космик чиқинди бўлаклари учиб юрибди. Яна 10 йилдан сўнг уларнинг сони янада ошиши тахмин қилинмоқда.

Космик чиқиндиларнинг ҳажми ошиб борар экан, улар янги учирилаётган сунъий йўлдошларга ёки одам учирилаётган космик кемалар учун хавфли объектга айланади.

Масалан, 2021 йилда халқаро космик станцияга космик чиқиндилар келиб урилиши оқибатида унга қисман зарар етади. Агар зарар кўлами каттароқ бўлганида, у ерда ишлаётган космонавтларнинг ҳаёти хавф остида қоларди.

Фазода космик чиқиндиларнинг кўпайиб бориши
Фото: www.gizmodo.com.au

Сунъий йўлдош алоқа хизмати тарихи

Сунъий йўлдош алоқа хизмати тизими илк бор 1980-йилларда Motorola компанияси томонидан ишлаб чиқилган. 1990-йиллардан бошлаб Американинг бир нечта компанияси сунъий йўлдош алоқа хизматини кўрсатувчи компаниялар ташкил этган, улар ўша пайтлардан бошлаб алоқа сунъий йўлдошларидан фойдалана бошлаганди.

Жумладан:

Iridium — АҚШдаги Iridium Communications Inc. сунъий йўлдош телефон алоқа тармоғи. Бу тармоқ 1990-йиллар ўрталарида ташкил этилган. Iridium орқали илк қўнғироқ 1997 йил ёзда бўлиб ўтган. Ҳозирда фазода Iridium тизимига қарашли 75 та сунъий йўлдош бор.

Гонец — Россияга тегишли кўп функцияли сунъий йўлдош телефон алоқа тармоғи. Илк сунъий йўлдошлар 1996 йилда учирилган. Маълумотларга кўра, ҳозирда фазода Гонец тармоғига тегишли 18 та сунъий йўлдош бор.

SES — Люксембургга тегишли сунъий йўлдош алоқа тармоғи. Компания 1986 йилда Société Européenne des Satellites номи билан ташкил этилган. 2001 йилда SES Global деб номланади, 2006 йилда SES кўринишида қайта ном олади. Ҳозир фазода SES’га тегишли 55 та сунъий йўлдош бор.

SES сунъий алоқа йўлдоши
Фото: stock.adobe.com

SkySat – Американинг Planet Labs, Inc (аввалги номи Cosmogia, Inc) компаниясига қарашли сунъий йўлдош кузатув тармоғи. Planet Labs компаниясини илк бор 2010 йилда Cosmogia номи билан NASA’нинг собиқ ходимлари ташкил этган.

2013 йилда компания SkySat сунъий йўлдош кузатув тармоғини ишга туширади. Ҳозирги кунда фазода Planet Labs компаниясига тегишли 200 га яқин сунъий йўлдош бор. Улардан 18 таси SkySat тармоғига тегишли.

ORBCOMM – Американинг иккинчи авлод сунъий йўлдош коммуникация тармоғи. Ушбу тармоқ Orbcomm компаниясига тегишли бўлиб, Sierra Nevada Corporation томонидан ишлаб чиқилган.

Ҳозирги кунда фазода ORBCOMM тармоғининг 18 та сунъий йўлдоши бор. Ўша пайтда компания яна 30 та сунъий йўлдош тайёрлаб бериш бўйича шартнома тузганди. Бироқ бу лойиҳалигича қолиб кетади.

Аслида, Россия, Хитой, Япония, Ҳиндистон, Британия, Франция каби давлатларда ҳам фазога сунъий йўлдошлар тўпламини олиб чиқиш ва улардан алоқа ва мақсадларда фойдаланиш режаси аввалдан бор эди.

Бироқ бундай лойиҳалар жуда катта маблағни талаб қилгани боис аксарият давлатларда ишлар сустроқ кетаётганди. Ана шундай вазиятда Илон Маскка тегишли SpaceX компанияси “отни тезроқ қамчилаб” қолди.

Компания Starlink сунъий йўлдошларини фазога олиб чиқа бошлагач дунёда яна космик пойга бошланди. Шундан сўнг бошқа давлатлар ҳам ортда қолиб кетмаслик учун ишларни жадаллаштирди.

Илон Маск
Фото: www.alamy.com

Starlink лойиҳаси тарихи

2015 йилда Вашингтон штатидаги Редмонд шаҳрида SpaceX компаниясининг тадқиқот ва ишлаб чиқариш маркази очилишида Илон Маск илк марта оммага Starlink лойиҳаси тақдимотини ўтказганди.

Ўшанда у SpaceX компаниясининг 4 000 та сунъий йўлдошдан иборат алоқа тизими лойиҳаси ҳақида гапириб берганди.

2016 йил ноябр ойида SpaceX Федерал алоқа комиссиясига 1 150 дан 1 325 километргача бўлган баландликдаги орбитага жойлаштириладиган 4 425 та сунъий йўлдош учириш учун ариза топширади.

Улар дунёнинг исталган нуқтасида юқори тезликдаги интернетга кириш имконини берарди. Дастлабки босқичда фазога 800 та сунъий йўлдош чиқарилиши режалаштирилган бўлиб, уларнинг ҳар бири оғирлиги 386 килограммдан бўлиши керак эди.

2017 йил март ойида компания Федерал алоқа комиссиясига қўшимча 7 518 сунъий йўлдош учун ариза беради. Уларни денгиз сатҳидан 335 дан 345 километргача бўлган Ерга яқин паст орбитага жойлаштириш режа қилинганди.

2018 йил 22 февралда Калифорниянинг Ванденберг авиабазасидан Falcon 9 ракета-ташувчиси ёрдамида SpaceX компанияси Starlink тизими учун Tintin-A ва Tintin-B деб номланган иккита тажриба сунъий йўлдошини ҳамда Испаниянинг радиоразведка мақсадларида фойдаланиладиган PAZ сунъий йўлдошини орбитага чиқарди.

2018 йил 29 март куни Федерал алоқа комиссияси SpaceX компаниясининг дастлабки 4 425 сунъий йўлдошли алоқа тармоғини яратиш, жойлаштириш ва эксплуатация қилиш ҳақидаги аризасини маъқуллайди.

Starlink сунъий алоқа йўлдошларини фазога олиб чиққан Falcon 9 ракета-ташувчиси
Фото: techcrunch.com

Комиссия қоидалари бўйича, барча сунъий йўлдошлар 9 йил ичида фазога чиқарилиши лозим эди. Яна камида 50 фоиз сунъий йўлдошдан 6 йил ичида фойдаланишни бошлаш керак. Бу талаб бажарилмаса, комиссия сунъий йўлдошлар сонини фақат кўрсатилган муддат ичида фазога чиқарилган қурилмалар билан чеклаш ҳуқуқига эга эди.

2018 йил 15 ноябрда Федерал алоқа комиссияси иккинчи аризани ҳам тасдиқлайди ва унда кўрсатилган 7 518 та сунъий йўлдошни ҳам фазога олиб чиқишга рухсат беради.

2018 йил декабр ойида АҚШ Ҳарбий ҳаво кучлари SpaceX билан Starlink тизимининг ҳарбий мақсадларда фойдаланиш имкониятларини ўрганиш учун 28 миллион долларлик шартнома имзолайди.

2019 йилда ҳарбийлар сунъий йўлдошлар тарқатаётган интернетнинг самарадорлигини синовдан ўтказишади. Ўшанда C-12J Huron ҳарбий-транспорт самолёти интернет тезлиги 610 Мбит/секунд натижа кўрсатади.

2019 йил 24 май куни SpaceX компанияси Falcon 9 ракета-ташувчиси ёрдамида Starlink’нинг 60 та сунъий йўлдошини 440 км баландликка муваффақиятли чиқарди.

2019 йил 10 сентябрда SpaceX президенти компания 2020 йилда 24 гача парвоз амалга оширилиши ва шундан сўнг мижозларга хизмат кўрсатиш бошланиши ҳақида маълумот беради.

2019 йил октябр ойида компания Федерал алоқа комиссиясига 20 та ариза топширади. Уларда 238 дан 580 км баландликда ишлаш учун яна 30 000 қўшимча Starlink сунъий йўлдошларини жойлаштириш учун рухсат бериш сўралганди.

Starlink сунъий алоқа йўлдоши
Фото: www.shutterstock.com

2020 йил феврал ойида компания президенти Гвин Шотвелл Starlink лойиҳасини SpaceX’дан ажратиб, алоҳида компания қилиш режалаштирилаётганини айтиб чиқади.

2020 йил март ойида компания Starlink сунъий йўлдошлари билан алоқа қилиш учун мўлжалланган 1 миллион фойдаланувчи терминали учун лицензия олади.

Бу орада компания бир неча марта фазога учирилиши режалаштирилган сунъий йўлдошларнинг баландлигини ўзгартириш бўйича ариза бериб, ижобий жавоб олади.

2020 йил 20 майда АҚШ Мудофаа вазирлиги SpaceX билан қуруқликдаги қўшинлар орасида Starlink орқали алоқани синовдан ўтказиш бўйича 3 йиллик шартнома имзолайди.

2020 йил октябр ойининг охирида SpaceX компанияси жамоатчиликка алоқа тармоғининг бета-синовларини бошлашини эълон қилади. Компания синовларда қатнашиш истагини билдирганларга Starlink ускуналар тўпламини 499 долларга сотиб олиш ва хизматлар учун ойига 99 доллар тўлов қилиш тарифларини таклиф этади.

2020 йил декабрда SpaceX компанияси АҚШдаги интернет етиб бормаган ҳудудларда яшовчиларга юқори тезликдаги интернет билан таъминлаш дастурининг биринчи босқичи доирасида Федерал алоқа комиссияси томонидан ўтказилган танловда ғолиб чиқади.

Starlink сунъий алоқа йўлдошлари фазода мана шундай кўринишда учиб юради.
Фото: actualidad.rt.com

Шартноманинг умумий миқдори 9,2 млрд доллар эди. Компания 35 штатда 643 минг фойдаланувчини Starlink орқали интернет билан таъминлаши керак эди. Компания дастлабки 885,5 млн долларни олади. Қолган пул компаниянинг ўз мажбуриятларини бажариш жараёнида 10 йил давомида ажратилади.

2022 йил августда АҚШ ҲҲК SpaceX билан Германиядаги Рамштайн авиабазасида жойлашган, Европа ва Африка авиация қўмондонлигини қўллаб-қувватлаш учун Starlink хизматларидан фойдаланиш бўйича шартнома имзолайди.

Қиймати 1,92 млн долларни ташкил этган шартнома 12 ойга мўлжалланган бўлиб, томонлар келгусида каттароқ ва узоқ муддатли келишув бўйича ҳам битим тузишади.

2023 йилда Starlink компанияси Starlink сунъий йўлдошларини фазога олиб чиқиш бўйича 98 та парвозни амалга оширган. Сўнгги парвоз 2023 йил 28 декабр куни бўлиб ўтган.

Шу куни Falcon-9 ракета ташувчиси 23 та сунъий йўлдошни фазога олиб чиқди. Умумий ҳисобда компания Starlink лойиҳаси бўйича 5 200 та сунъий йўлдошни ишга туширган.

Starlink сунъий алоқа йўлдошларининг техник тавсифи

Starlink сунъий алоқа йўлдошлари Холл эффекти асосида ишлайдиган ва электр энергиясида ҳаракатга келадиган двигателлар билан жиҳозланган.

Бу двигателлар ёрдамида сунъий йўлдошлар ҳаракат давомида ўз орбитасида кўтарилиб тушиши, манёврлар қилиши, фойдаланиш муддати тугаганда орбитасидан чиқиб кетиши мумкин.

Дастлабки сунъий йўлдошларнинг оғирлиги 260 килограмм атрофида бўлган. Кейингилари бироз мукаммаллаштирилгандан сўнг 300 килограммдан ошган.

Starlink сунъий алоқа йўлдошлари шу тахлитда парвоз қилади.
Фото: www.shutterstock.com

Starlink сунъий алоқа йўлдошлари космик чиқиндилар билан тўқнашишдан қочиш учун АҚШ Мудофаа вазирлигининг космик чиқиндиларини кузатиш тизимидаги маълумотлардан фойдаланади.

Уларнинг рўпарасидан космик чиқиндилар чиққан вақтда улар автоматик равишда манёврлардан фойдаланади ва муқаррар тўқнашувлардан қоча олади.

Ҳар бир аппаратга қуёш батареяси, тўрт фазали антенна тармоғи, юлдузлар бўйича йўналиш датчиклар ўрнатилган. Сунъий йўлдошлар шакли текис панел кўринишида.

Мижозлар бошқа сунъий алоқа тизимларидан фарқли равишда Starlink сунъий алоқа йўлдошлари билан тўғридан тўғри фойдаланмайди. Уларга махсус ускуналар тўплами (терминал) берилади. Мижозлар Starlink’га ана шу тўплам орқали уланади.

Тўпламдаги “тарелка”нинг диаметри 61 см бўлиб, у 50 сантиметрли оёқчаларга ўрнатилади.

Starlink сунъий алоқа йўлдошидан тарқалаётган тўлқинни аввал шу терминал тутади. Сўнг уяли алоқа қурилмаларига етказиб беради.
Фото: stock.adobe.com

Лойиҳа юзасидан танқидлар

Starlink лойиҳасида фазога кўплаб сунъий йўлдошлар чиқарилар экан, бу иш келажакда ёмон оқибатларга олиб келиши мумкинлигини айтишмоқда.

Жумладан, айрим астрономлар, Starlink лойиҳасининг паст орбитадаги кўплаб сунъий йўлдошлари фазони ўрганиш юзасидан олиб борилаётган тадқиқотларга ва жуда олисдаги объектларни кузатишга халақит бериши мумкинлигини айтган.

Халқаро астрономия иттифоқи бу борада ташвиш билдириб, кўп миқдордаги сунъий йўлдош ҳаракатланишининг салбий таъсирини ҳозирча ҳеч ким етарлича тушунмаётганини билдирган.

Дастлабки кузатувлар турли хавотирларни тасдиқлади ва Starlink сунъий йўлдошлари тунда осмоннинг энг ёрқин ва тез ҳаракатланадиган объектлари бўлаётганини кўрсатди.

Nature Astronomy журналида чоп этилган туркум мақолаларда, астрономлар Ер орбитасида тобора ошиб бораётган ёруғлик ифлосланиши (световое загрязнение) уларнинг касб келажагига таҳдид солаётгани ҳақида огоҳлантиришган.

Бошқа бир мақолада, тадқиқотчилар Чилидаги йирик обсерваторияда олиб борган кузатув натижаларини ёзишган. Унга кўра Ер орбитасида Starlink сунъий йўлдошлари туфайли ёруғликнинг ортиши бу обсерваториядан кузатиш мумкин бўлган юлдузлар миқдорини қарийб 10 фоизга камайтирган.

Келажакда фазода Starlink ва бошқа компанияларнинг сунъий йўлдошлари кўпайиши ортидан бу кўрсаткич миқдори янада пасайиб бораверади.

Starlink сунъий йўлдошларидан тарқалаётган нур Ердаги тадқиқотчиларга фазони кузатишда халақит бермоқда
Фото: twitter.com

Бундай танқидларга муносабат билдирган SpaceX компанияси дунёдаги етакчи астрономик ташкилотлар билан биргаликда иш олиб бораётганини ва уларнинг фаолиятига Starlink сунъий йўлдошлари халақит бермаслигини таъминлашга уринаётганини маълум қилган.

Компания муҳандислари келгусида сунъий йўлдошларнинг асоси қора ранг қилинишини ва астрономик кузатувларда акс этиш эффектини камайтириш учун иш олиб боришаётганини айтган. Бироқ бунга амал қилишмаган.

Масалан, 2019 йил ноябрда фазога чиқарилган Starlink сунъий йўлдошлари сиртига махсус қоплама қилинмади. Оқибатда, атиги 19 та зонд қоронғида энергия изларини қидириш учун мўлжалланган DECam (Dark Energy Survey) телескопининг ишига халақит беради.

Агар SpaceX бир вақтнинг ўзида фазода ишлашга мўлжалланган сунъий йўлдошлар сонини 12 минг донага етказишни режалаштираётгани инобатга олинса, бу астрономлар ва телескоплар учун жиддий муаммоларни келтириб чиқаради.

Шунингдек, ўз муддатини ўтаган ва фойдаланувдан тўхтатилган Starlink сунъий йўлдошлари келажакда фазода космик чиқиндилар миқдорини кескин ошириши тахмин қилинмоқда.

Бундай чиқиндилар Ер аҳолиси учун хавф солмаслиги мумкин, бироқ космик парвозлар учун ёки бошқа давлатларнинг турли мақсадларда учирилган сунъий йўлдошлари учун жиддий хавф туғдириши мумкин.

Бундан ташқари, Starlink сунъий йўлдошларидан фойдаланиши тақиқланган давлатлар уларнинг ўзларига жиддий хавф сифатида фойдаланишмоқда.

Масалан, Россия ҳукумати юридик ва жисмоний шахсларга қонунларни четлаб ўтиб, Starlink провайдеридан фойдаланиш учун жуда катта миқдорда жарима солувчи қонунни қабул қилган.

Хитой ҳукумати эса Starlink сунъий йўлдошларини ҳарбий таҳдид сифатида кўриб чиқмоқда ва улар билан курашиш учун қурол яратиш ниятида.

Starlink сунъий йўлдош алоқалари шу тахлитда ишлайди

Starlink сунъий йўлдошларидан фойдалана олмайдиган давлатлар

2022 йилда компания ўз сайтида Starlink сунъий йўлдошларидан фойдаланиши мумкин ва мумкин бўлмаган давлатлар харитасини эълон қилди.

Унга кўра дунёнинг қарийб барча давлатлари Starlink сунъий йўлдошларидан фойдаланиши мумкин. Улардан фойдалана олмайдиган давлатлар қуйидагича:

·       Россия;

·       Афғонистон;

·       Беларус;

·       Венесуэла;

·       Куба;

·       Хитой;

·       Шимолий Корея;

·       Сурия.

Лойиҳа бошлангандан буён Starlink сунъий йўлдошлари билан боғлиқ иккита нохуш ҳодиса содир бўлди. 2019 йилнинг сентябр ойи бошларида фазода Starlink-44 сунъий йўлдоши ва Европанинг Aeolus сунъий йўлдоши ўзаро тўқнашиб кетади.

Тўқнашувга компютер тизимида содир бўлган хатолик туфайли SpaceX оператори ЕКА операторидан хабарларни олишига тўсқинлик қилгани сабаб бўлган.

Фото: stock.adobe.com

Иккинчи ҳодиса, 2022 йил 8 февралда SpaceX компанияси 3 феврал куни учирилган Starlink сунъий йўлдошларнинг тахминан 40 тасини йўқотиши мумкинлигини маълум қилди.

Бунга сунъий йўлдошлар учирилгандан сўнг содир бўлган магнит бўрони сабаб бўлган. Бўрон фазода сунъий йўлдошлар жойлашадиган атмосферанинг юқори қатламларида зичликни оширган.

Бундай пайтда кескин қаршилик туфайли сунъий йўлдошлар зўриқиш билан ишлайди. Охирида бу уларнинг хавфсиз режимдан чиқиб тезлик олишига тўсқинлик қилади. Оқибатда улар ишдан чиқади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид