Россия қўшини Украинага дронлар ҳужуми уюштирди
Россия ҳарбийлари дронлари Харкивдаги нефт базага ҳужум қилган. Бунинг оқибатида бошланган ёнғин атрофдаги кўчаларни қамраб олган. Етти киши ҳалок бўлган, қурбонлар орасида уч фарзанди бўлган оила ҳам бор. Яна 57 киши бошпанасиз қолган.
10 февралга ўтар кечаси Россия қўшини Shahed русумли бир нечта дронлар билан Харкивнинг Немишлянский районига ҳужум уюштирди, деб хабар берган област ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Синегубов.
Аввалига Харкив расмийлари дронлар автомобилларга ёнилғи қуйиш станциясига келиб урилгани ҳақида хабар берганди. Аммо кейин Харкив области полицияси тергов бошқармаси раҳбари Сергей Болвиновнинг аниқлик киритишича, учувчисиз учар қурилмалар нефт базага ҳужум қилган.
Синегубовнинг сўзларига кўра, Харкив бўйлаб жами 10 та дрон учирилган, шундан саккизтаси уриб туширилган. Қолган иккитаси нефт база ҳудудига урилган, ёнилғи кўчага сизиб чиққан ва якунда бир неча кўча ёнғин ичида қолган.
Ёнғин оқибатида жами етти киши ҳалок бўлган: уйлардан бирида — 66 ёшли эркак ўзининг 65 ёшли рафиқаси билан, бошқасида — уч фарзанд ва ота-онадан иборат оила. Болалардан бири етти ойлик бўлган (бошқа маълумотларга кўра — ўн ойлик), яна иккиси — етти ва тўрт ёшларда.
Сергей Болвиновнинг сўзларига кўра, ҳаво тревогаси вақтида оила ўз уйидаги ертўлага тушиб яширинган. Кўп ўтмай ҳовли олов ичида қолган ва оила оловдан сақланиш учун ертўладан қочиб чиққанида, уйда икки машина ҳам ёниб кетган. Улар «олов қопқони»га тушиб қолишган, дейди Болвинов. Отанинг жасади йўлакдан топилган — катта эҳтимол билан у биринчи бўлиб ҳушини йўқотган. Унинг ортидан чопган ўртанча ўғил ошхонада ётган бўлган. Она эса катта ва кичик ўғиллари билан ваннахонада жон сақлашга уринган. Қурбонларнинг жасадлари кучли даражада куйган — Болвиновнинг хабар беришича, жасадларнинг шахсини узил-кесил тасдиқлаш учун ДНК экспертизаси ўтказишга тўғри келган.
Синегубовнинг маълумотига кўра, яна уч киши яраланган — 39 ва 65 ёшлардаги икки аёл ҳамда 45 ёшли эркак. Қутқарувчилар ёнғин чиққан бошқа уйлардан 50 дан ортиқ кишини эвакуация қилишган.
Полиция жасадларни топганидан бир неча соат ўтиб, Харкив области прокуратураси, беш киши жасади чиққан уй — Чугийив округ прокуратураси Волчанск бўлими прокурори Олга Путятинанинг уйи бўлганини маълум қилди. Путятина 35 ёшда бўлган, у Харкив области прокуратура органларида 2012 йил июнидан буён ишлаб келган ва ҳозирда декретда бўлган.
Шаҳар мэри Игор Тереховнинг маълумотига кўра, ҳужум оқибатида камида 57 киши жабрланган — булар уйи ва буюмларидан айрилганлар. Жами 15 та хусусий уй ёниб кетган, жами кўчанинг ярми ёнғин ичида қолган, дея қўшимча қилган Терехов. Жабрланганларнинг барчаси — Котелная кўчасидаги уйлар аҳолиси, дея аниқлик киритган Синегубов.
Украина президенти Володимир Зеленский «Россия террори жазосиз қолиши мумкин эмаслиги» айтилган пост ёзди. «Реаллик ҳамиша сўзлардан кўпроқ нарсани айтади. Ўтган тунда Харкив областида Shahed’лар зарбасидан кейин бутун бир оила ҳалок бўлди: ота-оналар ва уч фарзанд. Катта ўғил, Алексей, етти ёшда бўлган, ўртанчаси, Михайло, тўрт ёшда, энг кичиги — Павел, у ҳали етти ойлик эди. Ҳали ҳаётни кўришга улгурмаган ва ақлдан озган руслар туфайли ҳалок бўлган болалар», — дея ёзган Зеленский.
Шаҳар ўққа тутилиши оқибатида 1030 та уй ва минглаб кишилар электрсиз қолган. Олег Синегубов ҳужумга учраган нефт базадаги резервуарлардан бири ҳали ёнилғи билан тўлалиги ва портлаш хавфи сақланиб қолаётганидан огоҳлантирган. У зарурат туғилганда эвакуация ҳудуди кенгайтирилиши мумкинлигини қўшимча қилган.
Мавзуга оид
19:20 / 15.12.2024
Украина дронлари Грознийдаги базага ҳужум қилди
14:24 / 17.11.2024
«Энг йирик ҳаво ҳужумларидан бири». РФ қўшини Украина бўйлаб ёпирилма зарбалар уюштирди
15:47 / 10.11.2024
Москва областига дронлар ҳужум қилди
11:06 / 14.10.2024