Ўзбекистон | 19:57 / 13.02.2024
18125
4 дақиқада ўқилади

Ҳавонинг ифлосланишида мазутнинг «айби» йўқ — Энергетика вазирлиги

Вазирлик баёнотига кўра, Тошкент шаҳри ҳавосининг ифлосланиши мазут билан боғлиқ эмас. Бугун мазут кам ёқилса ҳам пойтахт жаҳондаги ҳавоси энг ифлос шаҳарлар рўйхатида 3-ўринга чиққани буни исботлайди. Экология вазири Азиз Абдуҳакимов эса аввалроқ пойтахт ҳавосидаги PM2,5 зарраларининг 20 фоизи кўмир, мазут ва саноат корхоналари ҳиссасига тўғри келишини айтганди.

Тошкент ИЭС / Фото: Ижтимоий тармоқлар

Энергетика вазирлиги Тошкент шаҳар ҳавосининг ифлосланишида мазутнинг алоқаси йўқлиги ҳақида баёнот билан чиқди.   

Маълум қилинишича, Тошкент вилояти ҳамда пойтахт ҳудудида “Иссиқлик электр станциялари” АЖга қарашли 11 та иссиқлик электр станцияси ва иссиқлик марказлари мавжуд. Уларнинг 6 тасида (Тошкент вилоятида жойлашган “Тошкент ИЭС”, Тошкент шаҳрида жойлашган 3–5-, 9–10-иссиқлик марказлари) чиндан ҳам куннинг тиғиз вақтларида, табиий газ таъминотида босим пасайган пайтда аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини электр ҳамда иссиқлик энергияси билан барқарор таъминлаш мақсадида захира ёқилғиси сифатида мазутдан фойдаланилади.  

“Мазут ёқилғисининг ишлатилиши жараёни қонунчиликда белгиланган тарзда барча масъул идоралар, хусусан, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан ҳам келишилган тартибда йўлга қўйилган.

Станцияда мазут ёқилиши натижасида атмосферага зарарли моддаларнинг чиқишини камайтириш мақсадида белгиланган техник параметрларга мос келувчи филтрлар ўрнатилган. Келгусида барча иссиқлик электр станцияларига ёқилғидан чиқаётган зарарли моддаларни 95 фоизгача камайтириб берадиган қўшимча филтрларни ўрнатиш кўзда тутилган”, дейилади вазирлик баёнотида.

Энергетика вазирлиги 2 февралда Экология вазирлиги эълон қилган баёнотга муносабат билдирган. Экология вазирлиги мазут ёқиб ҳавони ифлослантиргани учун Тошкент ИЭСга нисбатан 1 млрд сўм компенсация ҳисоблаганди.

“Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан тасдиқланган меъёрий ҳужжатда станцияда мазут ёқилиши технологияси ҳамда ундан чиқадиган зарарли моддалар ҳисоб-китоблари келтирилган. Ушбу ҳужжат талабларига кўра, корхонада ҳавога ташланаётган моддалар белгиланган меъёр талабларидан ҳеч қачон ошмаган.

Хусусан, “Тошкент иссиқлик электр станциясида мазутдан фойдаланилаётгани аниқланди” сарлавҳали мақола эълон қилинган 2 феврал куни юқоридаги корхоналарда захира ёқилғисининг максимал сарфи суткасига 5 минг 17 тоннани ташкил этган. Ўша куни атмосфера ҳавосидаги РМ2,5 майда дисперсли заррачалар миқдори 35,1мкг/м3ни ташкил қилган. Бу эса ЖССТ тавсияларидан 7 баробар юқори эди.

Бугун соат 16:00га қадар юқорида қайд этилган корхоналар томонидан 600 тонна мазут ёқилган. Аммо шунга қарамай бугун соат 14:10 ҳолатига кўра, пойтахт ҳавосидаги РМ2,5 майда дисперсли заррачалар миқдори 162 мкг/м3ни ташкил этган. Бу “ўта зарарли” ҳисобланади ва ЖССТ тавсияларидан 32,4 марта кўпроқ.

Ушбу миқдор Тошкент жаҳондаги ҳавоси энг ифлос шаҳарлар рўйхатида 3-ўринга чиқишини таъминлаб берди.

Бу эса пойтахт ҳавосининг ифлосланишида мазутнинг заррача ҳам ҳиссаси йўқлигини, иссиқлик электр станцияларида ушбу ёқилғи Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан келишилган меъёрий талаблар асосида ёқилаётганини яна бир карра исботлайди”, – дея таъкидламоқда Энергетика вазирлиги.

Бугун Тошкент жаҳондаги ҳавоси энг ифлос шаҳарлар рўйхатида 3-ўринга чиқди. Пойтахт ҳавосидаги PM2,5 майда дисперсли заррачалар миқдори соат 14:10 ҳолатига 162 мкг/м3ни ташкил этиб, “ўта зарарли” даражага етди. Kun.uz бугунги Тошкент ҳавосидаги ифлосланиш манбаси ҳақида Экология вазирлигага сўров юбориб, жавобини ололгани йўқ. 

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ экология вазири Азиз Абдуҳакимов парламентда Тошкент шаҳри ҳавосидаги PM2,5 зарраларининг 20 фоизи кўмир, мазут ва саноат корхоналари ҳиссасига тўғри келишини айтганди.

Мавзуга оид