Жаҳон | 19:09 / 15.02.2024
28433
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистон президенти 20 миллион долларлик мулкини қонунийлаштирди

Садир Жапаров илгари бошқалар номида бўлган мулкларини ўз номига расмийлаштирганини ва бу билан ўрнак кўрсатишини маълум қилди. 

Фото: Қирғизистон президенти матбуот хизмати

Қирғизистон президенти Садир Жапаров қиймати 20 миллион доллар бўлган мулкини қонунийлаштирганини эълон қилди. Бу ҳақда у ижтимоий тармоқдаги саҳифасида хабар берди. 

«Мулкимнинг қиймати тахминан 20 миллион долларни ташкил қилади. Қонунийлаштириш учун мен давлатга миллион қирғиз сўми (≈11,2 минг доллар) тўладим. Бу қонун томонидан талаб қилинади. Чет элда омонатим йўқ. Агар бўлса, уларни банкларимизга қўйган бўлардим», деб ёзди Жапаров. 

Унинг эслатишича, даромадларни қонунийлаштириш тўғрисидаги қонун 2023 йилда қабул қилинган. Бу бой қирғизистонликлар ўз капиталини хорижда сақламай, ватанига олиб келиши учун қилинган. 

«Ҳеч кимга сир эмаски, барчамиз (оддий фуқаролар эмас, ўрта бизнес даражасидан юқори бўлган тадбиркорлар) ўз мулкимизни бировнинг номига расмийлаштирганмиз. Бундан ташқари, мамлакатимизнинг бадавлат фуқаролари ҳамон миллиардларини хорижий банкларда сақламоқда. Бизда шундай бойлар кўп. Нега улар ўз бойлигини хорижда яширмоқда, деган саволга жавоб оддий. Шу пайтгача катта маблағнинг манбаси ва бу маблағлардан тўланган солиқ миқдори бўйича кўплаб саволлар келиб чиққан. Энди бундай муаммо юзага келмаслиги учун ушбу бойликларни қонунийлаштириш имкониятини яратмоқдамиз», деб тушунтирди Жапаров. 

Унинг қўшимча қилишича, бу имкониятдан фақат 2024 йил 1 июлгача фойдаланиш мумкин. Давлат қонунийлаштирилган капиталнинг хавфсизлигини 100 фоиз кафолатлайди. 

«Менинг биноларим аввал бошқа одамлар номига расмийлаштирилган эди. Ҳозир қонунийлаштириш тўғрисидаги қонун асосида уларни ўз номимга рўйхатдан ўтказдим. Мен ўрнак бўлишни истадим ва биринчи бўлиб мулкимни қонунийлаштирдим», деб ёзди президент.

Мавзуга оид