Ўзбекистон | 15:09 / 16.02.2024
13425
3 дақиқада ўқилади

“Қонун лойиҳаси ҳеч қандай давлатга қарши қаратилган эмас” – Ўзбекистон Россияга қарши молиявий санкцияларга қўшилгани ҳақидаги хабарларга изоҳ берилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасига кўра, иқтисодий санкциялар билан боғлиқ қонун лойиҳасида кўзда тутилган тартиблар дунёнинг деярли барча мамлакатларида мавжуд. Унинг мақсади миллий молия ташкилотларининг ўзларига нисбатан иккиламчи санкциялар қўлланишига йўл қўймаслик билан боғлиқ.  

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон ҳукумати Россияга қарши молиявий санкцияларга қўшилишга қарор қилгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти юзасидан расмий ахборот берди.  

Маълум қилинишича, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2024 йил 13 февралдаги мажлисида “Иқтисодий санкциялар билан боғлиқ хатарларни бошқариш механизмлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилган. Мазкур қонун лойиҳаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2023 йил 29 декабрда киритилган.  

“Бугунги кунда турли давлатлар, халқаро ташкилотлар ва молия институтлари томонидан иқтисодий санкциялар қўлланиши халқаро иқтисодий муносабатларда ҳозирги замон воқелигига айланди.

Бироқ Ўзбекистон Республикасининг миллий қонунчилигида кредит ва тўлов ташкилотлари фаолиятида иккиламчи иқтисодий санкцияларнинг қўлланиши билан боғлиқ хатарларни тартибга солиш ва назорат қилишнинг ҳуқуқий асослари мавжуд эмас.

Бундай шароитда ушбу хатарларни ҳар бир кредит ва тўлов ташкилоти ўзининг эҳтиёж ва қарашларидан келиб чиқиб белгиламоқда, ўзи маъқул кўрган даража ва кўламларда мижозларга чекловлар қўймоқда. Бундай ҳолатлар банк ҳисобварақлари очиш ва банк операцияларини амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси резидентлари ва норезидентларига нисбатан субъектив ёндашувларга ҳамда мижозларнинг қонуний ҳуқуқларининг бузилишига олиб келмоқда.

Шундан келиб чиқиб, қонун лойиҳасида кредит ташкилотлари, тўлов ташкилотлари ва тўлов тизимлари операторларининг иқтисодий санкциялар билан боғлиқ хатарларни бошқаришига оид ягона талабларни белгилаш ваколатини Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига бериш назарда тутилмоқда.

Бу банк соҳасида давлат сиёсати самарадорлигини оширишга, кредит ва тўлов ташкилотларининг мижозлар билан ишлашда яхлит, ягона ёндашув механизмини яратишга, шунингдек, аҳоли ва халқаро молия институтларининг мамлакатимиз банк тизими фаолиятига ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади”, дейилади ахборотда.  

Қўмитага кўра, ушбу қонун лойиҳаси ҳеч қандай давлатга қарши қаратилган эмас. Дунёнинг деярли барча мамлакатларида лойиҳада кўзда тутилган тартиб мавжуд бўлиб, унинг мақсади миллий молия ташкилотларининг ўзларига нисбатан иккиламчи санкциялар қўлланишига йўл қўймасликдир.

Мавзуга оид