Жамият | 22:17 / 01.03.2024
21425
1 дақиқада ўқилади

Наманганда давлат рақам белгисини яшириб олган ҳайдовчи ушланди

Йўлларда радар ва камерадан яширинмоқчи бўлган ҳайдовчи ЙПХ ходимларига дуч келди. 

Фото: ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати

1 март куни Наманганда хизмат қилаётган йўл-патрул хизмати ходимлари томонидан Mercedes-Benz русумли автомобил тўхтатилиб текширилганда, ҳайдовчи транспорт воситасининг Тожикистон давлат рақам белгисини тўғри аниқланишига халақит берувчи қоплама суртиб олгани маълум бўлган. 

Ҳайдовчига нисбатан тегишли тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автомобил вақтинча сақлаш учун жарима майдонига қўйилган. 

Таъкидланишича, йўл ҳаракати қоидаларига кўра, давлат рақами белгиларини кўринишини чеклайдиган, тўғри аниқланишига халақит берадиган ҳар-хил буюмлар ўрнатилган ва қопламалар билан тўсилган транспорт воситаларидан фойдаланиш тақиқланади. 

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 127-моддаси иккинчи қисмига кўра, транспорт воситасига давлат рақам белгиларини кўриш имкониятини чеклайдиган, уларни англашга тўсқинлик қиладиган турли ашёлар ўрнатиш ва қоплама суртиш — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса — уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. 

Мавзуга оид