Ўзбекистон | 13:00 / 03.03.2024
29389
6 дақиқада ўқилади

Тармоқларда шов-шув бўлаётган Uzbekistan’s Club. Нима ўзи у?

Фото: Uzbekistan’s Club

Бугунги кунда хорижий мамлакатларда минглаб ўзбекистонлик юртдошларимиз истиқомат қилиб, ўз карьераларини юритишмоқда. Улар, табиийки, Ўзбекистонни ва ўзбекистонликларни соғинади, қўмсайди. Ўз тилида, ўз юртида туғилиб ўсган инсонлар билан суҳбатлашишни, фикр алмашишни хоҳлайди. Айнан мана шундай қийинчиликларга барҳам бериш учун Uzbekistan’s Club лойиҳаси бугунги кунда ўз фаолиятини олиб бормоқда. Uzbekistan’s Club – халқаро миқёсда муваффақият қозониб келаётган ўзбекистонликларни бир ерга жамлаш мақсадида яратилган жаҳоншумул платформа бўлиб, унда эксклюзив ва юқори сифатли, таъсирчан контентлар яратилади. Уларни ишлаб чиқишдан мақсад ёшларга иштиёқ улашиш, уларга жаҳон тоифасидаги мутахассис бўлиб етишишда йўлчи юлдуз бўлиб хизмат қилиш.

Бугунги кунга қадар лойиҳа доирасида бир қатор рукнлар остида турлича мавзу ва йўналишларга бўлинган ҳолда видеофильм ва кўрсатувлар суратга олинган ва улар ҳамон давом этмоқда. "O‘zbekistonlik", "O‘zbekistonlik Podcast" ва "O‘zbekistonlik.Students" шулар жумласидан.

"O‘zbekistonlik"

"O‘zbekistonlik" – хориждаги ватандошлар ҳаёти, уларнинг муваффақиятлари ҳақидаги уч эпизоддан иборат бадиий-ҳужжатли фильм бўлиб, унда ҳаётий воқеалар акс этади, қаҳрамонлар эса бевосита ўзбекистонликлардир. Ҳозирга қадар фильмнинг тўртта эпизоди томошабинлар эътиборига ҳавола қилинган. Ушбу фильмлар орқали ўзбекистонлик деганда иккинчи даражали ишни бажарувчи шахс деган стереотипни енгиш ва ўзбекистонликлар ақлий салоҳиятда ҳеч кимдан кам эмаслигини англашингиз мумкин.

"O‘zbekistonlik.Students"

Uzbekistan’s Club жамоасининг яна бир лойиҳаси – "O‘zbekistonlik.Students" махсус лойиҳа бўлиб, у дунёнинг машҳур олийгоҳларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар ҳақида ҳикоя қилади. Уларнинг таълим манзили "Оксфорд", "Кембриж", "Бристол" ва бошқалар. Ҳар бир қаҳрамон ўзининг олий мақсади йўлидаги қийинчиликлари, қувончли онлари ва орзулари ҳақида батафсил маълумот беради. Шунингдек, лойиҳа қаҳрамонлари дунёнинг нуфузли университетларига қандай кириш кераклиги, қандай имтиҳонлардан ўтиш кераклиги, қандай стипендия олиш кераклиги ва ўқиш давомида қандай қийинчиликларни бошдан кечириш мумкинлиги ҳақида ҳикоя қилиб беради.

"Uzbekistan’s Club" журнали

Ўтган йилнинг 18 октябрь куни Лондонда "O‘zbekistonlik" III халқаро форуми ўтказилиб, унда “Uzbekistan’s Club” журнали тақдимоти бўлиб ўтган. “Uzbekistan’s Club” журналининг илк сонида таҳририят версиясига кўра кўплаб ўзбекистонликлар қизиқишига сабаб бўлган энг прогрессив ўзбекистонликларнинг топ-20 талиги эълон қилинганди. Кейинчалик бундай рўйхат миллатнинг шу номга энг муносиб вакилларини аниқлаш ва уларнинг фаолиятига жамоатчилик эътиборини жалб қилиш учун мунтазам тузиб борилиши маълум қилинган. Журналнинг яна бир тренди – ESG (атроф-муҳит, жамият ва ҳиссадорлар олдидаги масъулият) концепциясини оммалаштириш бўлиб, бунинг учун таҳририят ижтимоий масъулиятли бизнесларнинг кучли еттилигини тузган ҳамда таҳририят версиясига кўра шу рўйхатдан жой олган энг яхши лойиҳаларни журналнинг биринчи сонида эълон қилган.

Халқаро форум ва тақдимотлар

Uzbekistan’s Club лойиҳаси доирасида бир қатор халқаро форумлар ҳам ташкил қилиниб, унда дунёнинг турли бурчакларида катта муваффақиятга эришиб, жаҳон тоифасидаги профессионалларга айланган ватандошларимиз, Ўзбекистондан ташриф буюрган креатив ва медиа саноатининг етакчи вакиллари иштирок этишади. "O‘zbekistonlik" лойиҳасининг илк форуми 2022 йил 1 октябрь куни Германия пойтахтининг Берлин шаҳрида бўлиб ўтган. Шундан сўнг, Париж ва Лондонда, эндиликда эса Нью-Йоркда ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Шунингдек, форум доирасида "O‘zbekistonlik" фильмининг бешинчи эпизоди премераси бўлиб ўтади. Ушбу эпизоднинг иккала қаҳрамони ҳам ўз соҳаларида энг юқори чўққиларни забт этиш учун катта қийинчиликларни бошдан кечирган ҳамюртларимиз ҳисобланади. Йил охирида эса томошабинлар ижодий гуруҳнинг яқинда АҚШга қилган сафари чоғида тўплаган материаллари асосидаги махсус фильмнинг премерасини томоша қилишлари мумкин.

Uzbekistan’s Club ўз ташаббусларини фаол қўллаб-қувватлаб келаётгани учун Ёшлар ишлари агентлигига, Ташқи ишлар вазирлигига, Ўзбекистон ва АҚШ элчихоналарига, шунингдек, миллатнинг янги қиёфасини яратишдаги ишончли ҳамкорлари бўлмиш — Ucell уяли алоқа операторига, Chevrolet Uzbekistan автомобил брендига ва “Uzbekistan Airways” миллий авиакомпаниясига ўз миннатдорчилигини изҳор қилади.

“Америка мавсуми”нинг янгилиги шундан иборатки, таниқли ўзбекистонлик муҳандис Асқарали Каримов бошловчилигида бўлган "O‘zbekistonlik Podcast" деб номланган янги подкаст-шоусининг премераси бўлиб ўтади. Шоу меҳмонлари, ўз соҳаларида жаҳон эътироф этган АҚШда истиқомат қилувчи таниқли ватандошларимиз муҳим масалалар: экология, миграция, оила ва бошқа кўплаб мавзуларни муҳокама қилишади. Шоу ҳамкор телеканалларда, YouTube'да, аудио кўринишида Spotify, Apple Music, Yandex.Music'да ва бошқа стриминг хизматларида намойиш этилади. Подкастларнинг бош ҳомийси: Uzum миллий ва рақамли экотизими.

Мавзуга оид