Спорт | 18:46 / 05.03.2024
26196
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда Оксана Чусовитина спорт маҳорати мактаби очилди

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида гимнастика бўйича Оксана Чусовитина спорт маҳорати мактабидаги шароитлар билан танишди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида гимнастика бўйича Оксана Чусовитина спорт маҳорати мактабидаги шароитлар билан танишди.

«Спорт гимнастикаси бўйича уч карра жаҳон чемпиони, жаҳон кубоги соҳиби Оксана Чусовитина – мамлакатимиз фахри. У саккизта Олимпиадада қатнашган ягона гимнастикачи сифатида Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган.

Юртимизда шундай спортчининг бўлиши болалар учун намуна, далда. Президентимизнинг 2022 йил 14 мартдаги Гимнастика бўйича Оксана Чусовитина спорт маҳорати мактабини ташкил этиш тўғрисидаги қарори спортсевар ёшларга катта шароит яратди.

Давлатимиз раҳбари 5 март куни ушбу спорт мактабига ташриф буюриб, бу ердаги шароитларни ва машғулотларни кўздан кечирди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Муассаса миллий терма жамоалар учун халқаро даражадаги спортчиларни тайёрлаш, юқори малакали мураббий ва мутахассисларни жалб этиб, ўқув-машғулот жараёнини халқаро стандартлар даражасида ташкил қилиш, мураббийлар ва гимнастикачилар маҳоратини мунтазам ошириб боришга йўналтирилган. Бунинг учун уч қаватли замонавий бинода барча шароит яратилган.

Биринчи қаватда асосий зал ва машғулотлар зали, тренажёр майдончаси, тиббиёт хонаси ва ошхона жойлашган. Тепа қаватлардан 165 ўринли ётоқхона, меҳмонхона, информатика ва маънавият хоналари ўрин олган. Мактаб Германиядан келтирилган спорт анжомлари ва жиҳозлари билан таъминланган.

Гимнастика мактаби 1-11-синфлардаги 105 нафар ўқувчига мўлжалланган. Бугунги кунда 91 нафар ўғил-қиз маҳоратини оширмоқда. Уларга иккита хорижий тил ҳам ўргатилади. Ёш гимнастлар умумий таълим дарсларини туташ ҳудудда жойлашган 175-мактабда ўқийди.

Чусовитина издошлари ўтган йили спорт гимнастикаси ва бадиий гимнастика бўйича халқаро мусобақаларда 4 та, республика турнирларида 6 та ва спорт мактаблари ўртасида 24 та медални қўлга киритган.

Муҳими шундаки, гимнастикачи ёшлар бир жойнинг ўзида яшаб, таълим олиб, машғулотлар ўтказади. Умуман олганда, бу спорт мактаби гимнастикачилар учун республикада ягона ўқув-машғулот базасига айланади.

Шу ерда спорт соҳаси мутасаддилари ҳамда видеоалоқа орқали ҳудудлар раҳбарлари иштирокида мулоқот бўлди.

– Нима учун биз бу йўналишга катта эътибор бериб, мактаблар яратаяпмиз? Гимнастика – ҳамма спорт турларининг асоси. Футболчи ҳам, боксчи ҳам, соғлом бўламан деган инсон ҳам гимнастика қилиши керак. Иқтисодиётни ривожлантириш, ёшларга таълим бериш билан бирга уларни спорт билан шуғуллантиролсак, юртимизда соғлом зурриёд, соғлом миллат бўлади, – деди президент.   

Шу мақсадда гимнастикани болалар боғчаларидан кенг жорий қилиш, қобилиятли спортчиларни саралашни шу босқичдан бошлаш, ҳар бир ҳудудда иккитадан гимнастика мактаби ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Жорий йил Францияда бўладиган Олимпия ўйинларида қатнашадиган спортчи ва уларнинг мураббийларига алоҳида шароит яратиш, муносиб тайёргарлик кўришини таъминлаш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берилди.

Мавзуга оид